Ўзбекистон | 17:43 / 15.12.2021
19594
3 дақиқада ўқилади

Йилнинг «Энг намунали тумани» аниқланди. 2-ўрин ҳокими фермерларни сўккан Янгибозорга насиб қилди

Шу кунларда ҳокими фермерларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб машҳур бўлган Янгибозор тумани энди энг намунали туман сифатида ғолиблар қаторидан ўрин олди.

Фото: Республика Маънавият ва маърифат маркази

Бугун, 15 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат марказида маънавий-маърифий соҳадаги «Энг намунали туман ва шаҳар» ҳамда «Энг намунали вазирлик ва идора» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танловнинг «Энг намунали туман ва шаҳар» номинациясида 1-ўрин Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа ва Фарғона вилоятининг Бувайда туманларига топширилди.

Иккинчи ўринга Хоразм вилоятининг Янгибозор, учинчи ўринга Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани лойиқ кўрилди.

Тадбир давомида «Энг намунали вазирлик ва идора» номинацияси бўйича ҳам ғолиблар эълон қилинди. Бу борада биринчи ўринга Мудофаа вазирлигининг иш фаолияти юқори баҳоланган. Ушбу номинация бўйича иккинчи ўринни Ички ишлар вазирлиги, учинчи ўринни «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олди.

Фото: Республика Маънавият ва маърифат маркази

Танлов ғолиблари қуйидаги қимматбаҳо совға ва пул мукофоти билан тақдирланди:

1-ўрин – Damas автомобили ва 15 миллион сўмлик китоблар тўплами;

2-ўрин – 40 миллион сўм пул мукофоти ва 12 миллион сўмлик китоблар тўплами;

3-ўрин – 25 миллион сўм пул мукофоти ва 8 миллион сўмлик китоблар тўплами;

4- ва 5-ўринлар – 10 миллион сўмлик пул мукофоти.

Фото: Республика Маънавият ва маърифат маркази

Эътиборли жиҳати, танловнинг «Энг намунали туман ва шаҳар» танловида иккинчи ўринга муносиб кўрилган Янгибозор тумани ҳокими Ўктамбой Қурбоновнинг фермерларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани аудиоси тарқалганди.

Маънавият ва маърифат маркази сайтида эса танлов ғолибларининг тўлиқ рўйхати кўп ўтмай ўчириб юборилди.

Кейинроқ, марказ сайтига танлов ўтказилгани ҳақидаги умумий маълумотлар жойланди.

Тақдирлаш маросимида бевосита иштирок этган блогер – Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳам ушбу танлов шаффоф ўтмаганига ишора қилди. «Бундай танловлар шаффоф ўтмайди-ўтмаяпти бизда», деб ёзди у телеграмдаги каналида.

Очиқ манбаларда ғолибларнинг айнан қандай шарт ва талаблар асосида танлаб олингани билан боғлиқ маълумотлар ёки танлов регламенти келтирилмаган.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид