Спорт | 15:31 / 16.12.2021
20246
12 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Агуэронинг олтин голини эслаб

Ёзда «Барселона»га келиб қўшилган Серхио Агуэро соғлигидаги муаммолар туфайли футболни тарк этаётганини маълум қилди. Ҳар қандай футболчи ҳам бир кун фаолиятини тугатади, аммо у ҳали ёш, яна кўплаб ўйинларда чиройли голлар уриш имкониятига эга бўлиб турган ҳолда кетиши барибир бироз оғир таъсир қилади.

 Фото: AFP

Аммо бошқа тарафдан айтиш мумкинки, у яна қанча ўйнаб, қандай голлар урмасин, неки совринлар ютмасин, номини тарихнинг бошқа саҳифасига ёзиб бўлган. Барибир Агуэро деганда ҳаммамиз «Сити» футболкасини силкитиб, дунёдаги энг катта голни нишонлаётганини тасаввур қилаверамиз. Қуйида ушбу воқеа ҳақида атрофлича тўхталинган.

У шубҳасиз, футбол тарихида ўрин тутади: «Атлетико» билан Европа Лигаси кубогини қўлга киритган, «Манчестер Сити» сафида Англиядаги барча совринларни, терма жамоада узоқ кутилган Америка Кубоги... Фақат Чемпионлар Лигаси йўқ, холос.

Ўзининг 379 голи билан дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири, АПЛда энг кўп гол урган хорижлик футболчи. Аммо бир гол ҳаммасидан ҳам ажралиб туради – бу гол «Сити»га 44 йилда илк марта чемпионликни олиб келганди. Кўп голлар, ғалабалар, совринлар вақт ўтиб унутилиши мумкин, аммо Агуэро деганда айнан ўша гол хотирланаверади. «Манчестер Сити»нинг янги даврининг тимсоли сифатида ҳам ушбу голни уриб ирғишлаётган Кун Агуэрони тасаввур қиламиз. Келинг, ўша кунларга саёҳат қиламиз.

2011/12 йилги мавсумда Манчестер клубларининг чемпионлик пойгаси – ажойиб. Март охирларида, 30-тур олдидан бутун Англия сўнгги турлар ўта шиддатли кечишини сезиб тургандек эди гўё.

Аммо бир ҳафта ичида «Сити» курашдан чиқиб қолди. Аввалига Агуэросиз «Сток Сити» (1:1) ва «Сандерленд» (3:3) билан ўйинларда дуранг қайд этилди. Кейин эса Серхио қатнашган ўйинда «Арсенал»га мағлуб бўлинди (0:1). Балотелли ўша ўйинда иккинчи сариқ карточкани олиб майдондан четлатилганди. «Юнайтед» бирорта ҳам ўйинда йўқотишга учрамади ва ўша ўйинларда уч ғалабага эришиб, асосий рақибдан 8 очкога илгарилаб кетди.

Роберто Манчини шогирдлари таслим бўлмади ва кейинги беш ўйинни ғалаба билан якунлади, тўплар нисбати – 15:1. Агуэро бу ўйинларда 5 гол ва уч ассистни амалга оширди, Винсент Компани эса, Манчестер дербисида ҳал қилувчи ягона голни урди. Айнан «Юнайтед» устидан ғалабадан сўнг «Сити» яна биринчи ўринга қайтганди, сабаби, ундан олдин «МЮ» «Эвертон» (4:4) ва «Уиган»га (0:1) қарши ўйинларда очко йўқотганди.

38-тур олдидан ҳар икки жамоада 86 очкодан бор эди, аммо тўплар нисбати бўйича «Манчестер Сити»нинг ҳолати анча яхши эди. +63 га +55. Бу фарқни йўққа чиқариш қийин. Қисман бу ҳолатда биринчи даврада «Олд Траффорд»да бўлиб ўтган дерби ҳам таъсир қилган албатта, ўша ўйинда «шаҳарликлар» 6:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Бу мавсумгача «Сити» фақат икки марта Англия чемпионатини ютган ва охиргиси 1968 йилга тўғри келарди. Шундан буён жамоа беш марта қуйи лигага, ҳатто бир марта учинчи дивизионга ҳам тушиб кетган. Шайхлар клубни сотиб олгач, бир қатор юқори савияли футболчилар трансфер қилинган, ўша мавсум Серхио учун биринчиси эди.

«Сити» фанатлари «КПР»га қарши сўнгги тур ўйинигача ҳам чемпионликни нишонлай бошлади. 37-турдаги «Ньюкасл» сафари «Сити» учун охирги жиддий синовдек туюлганди, шимолликлар ўша мавсумда кучли тўртликка кириш учун курашган (якунда 5-ўрин). Аммо Яя Туренинг голлари ёрдамида у ерда ҳам 2:0 ҳисобида ғалаба қайд этилди.

Жамоа мухлиси Иан Томасдан қизиқарли хотира:

«Мен пабда «Ньюкасл» билан ўйинни томоша қилиб ўтириб, бармен билан гаплашиб қолдим ва у қаерда яхши тату чизишларини айтиб берди. Мен ҳаяжонда ушбу манзилни олдим ва жўнадим»

Томас «Премьер Лига чемпионлари 2012» деб «Манчестер Сити» клуби логосини чиздирмоқчи бўлганди.

«Уста ҳадеб «Ишончинг комилми? Аниқми?» деб сўрайверди. Албатта, мен аниқ ишонардим», – деб эслайди Томас ушбу голга бағишланган алоҳида хужжатли фильмда, - «фақат «КПР» қолган эди, муаммо йўқ, ҳаммаси яхши бўлади».

Ўйиннинг унутилган жиҳатлари: Сабалета биринчи голни урган ва танаффусга тарихга кириши ҳақида ўйлаб йўл олган, Бартон Агуэро қизил олиши учун провокация қилган

«КПР» устидан ғалаба параллел ўйинда «Юнайтед» қандай натижа қайд этишидан қатъи назар «Сити»ни чемпионга айлантиради. «КПР»га ҳам очко зарур – лигадан тушиб кетмаслик учун камида бир очко олиш лозим, акс ҳолда «Болтон» қувиб ўтиши мумкин эди.

Компани, Лескотт, Барри, Агуэро, Компани, Клиши каби «Сити» футболчилари ўйин олдидан босим катта бўлганини тан олишади: «КПР» мотивацияси, 44 йил ғалабасиз тарих, сўнгги турда ҳаммасини бой бериб қўйиш қўрқуви...

Мезбонлар 39-дақиқага келибгина ҳисобни очишди: Пабло Сабалета жарима майдонига ёриб киради ва Яя Туре оширган тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни очади.

«Ҳа, ўша гол» - кейинчалик кулиб эслайди Сабалета, - «танаффусга кетаётганди ажиб бир ҳиссиётлар чулғаб олганди – «агар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонсак, мен қаҳрамонга айланаман, фанатлар бутун умр мени эслаб қолишади».

Энди ростини айтинг, ўша ўйинда Сабалета ҳисобни очгани эсингизда қолганми?

Ўйин оғир ўта бошлади. «Сити» оддий вазиятларда ҳам хато қилар, иккинчи бўлим бошларида эса, Лескотт хатога йўл қўяди ва Жибрил Сиссе ҳисобни тенглаштиради. 55-дақиқада «Сити» учун яхши воқеа содир бўлди: Жоу Бартон майдондан четлатилди. Карлос Тевес у билан тўп учун курашаётганда, Бартон тирсаги билан аргентиналик ҳужумчининг иягига урди ва ҳакам буни кўриб турганди.

Бартон қизил карточкадан кейин ҳам тинч турмади ва футболчилар сонини тенглаштириб қўймоқчи бўлди. Агуэронинг жаҳли чиқиб турганини сезиб, унга ҳужум қила бошлади.

Аммо Серхио провокацияга учмай, майдонга ётиб олди. Ўша пайтда Балотеллининг майдонда йўқлиги ҳам «Сити»нинг омади эди, акс ҳолда, ростан ҳам жамоалар 10х10 қолишлари мумкин эди.

«Сити» фанатлари эса, ўйиндан кейин ҳазил қилиб юришди – Бартоннинг қўполлиги майдондан четлатилганидан кўра, ўйин охирида 5 дақиқа қўшиб берилгани билан фойда келтирди.

66-дақиқада ҳисоб ўзгарди. Аммо «КПР» фойдасига. Тўп қанотдан оширилган пайтда узоқ бурчакни унутиб қўйишди. Ўйин охирида «Агуэрооооо» деб бақиргани билан ёдда қолган Sky Sports шарҳловчиси Мартин Тайлер «одатий «Сити» деб қўйиш билан кифояланди.

«Сити» мухлисларининг жим қолиши Сабалетага қаттиқ таъсир қилди. Компани эса, ўша пайтда ғалабага умуман ишончи қолмаганини тан олади. Ҳатто 90+2 да Жеко ҳисобни тенглаштирганда ҳам, бельгиялик футболчи чемпионликка ишонмаган, «эҳ, энди совринни ютқазганимиз янада аламлироқ бўлади» деб ўйлай бошлаган экан.

Агуэрочи? Бу унинг мавсумдаги энг ёмон ўйинларидан бири эди. Ҳеч нарса ўхшамаётган, вазиятлар кўкка соврилаётган пайт. Агуэро эслайди:

«Жеко иккинчи голни урганда мен тўпни тўрдан олиб, майдон марказига югурдим. Шунчаки гапира бошладим – «илтимос, менга битта имконият беринглар, биргина!»

Насри тўпни майдондан ташқарига чиқариб юборган ва ҳакам аутни «КПР» олиши кераклигини кўрсатаётганда, ўриндиққа шарфини жаҳл билан ураётган фанатни эслайсизми? Атиги икки дақиқа қолганди ва «Манчестер Сити»да фақат битта тўлиқ ҳужум имконияти бор эди, холос.

Ва ҳужум ажойиб чиқди. Лескотт ҳавода тўп учун курашда ғолиб чиқиб, тўпни бўш турган Найжел Де Йонгга ташлаб берди. Де Йонг балки ҳаётидаги энг ўткир пасини Агуэрога оширди. Агуэро олдинда Балотелли, Жеко ва Компанини қолдириб, бироз орқага ўтганди. Аввалроқ у Мариога жарима майдонида қолишни айтади.

Агуэро жарима майдони олдида, Давид Сильва ўнг қанотда, мабодо тўп қайтарилса, кросс амалга ошириш учун тайёр, Агуэро-Балотелли-Агуэро комбинацияси, Компанининг Серхиога очиқ зона ташкил қилиш учун ажойиб ҳаракатлари...

«Бир тепишда зарба ижро этиш имконияти кўринмаганди», – эслайди Агуэро, – «шунда тўпни Тайе Тайвонинг ёнига ташладим. Шунда ўнг оёғимга тепишди.

Қанчадир сонияларда пенальти ҳақида ўйладим, лекин йиқилишни хоҳламадим, чунки у қадар қаттиқ тепишмаганди ва ҳакам кўрмай қолган бўлиши ҳам мумкин эди. Тепаётган позициям ҳамон ёдимда, одатда бундай ҳолатларда яқин бурчакка куч билан тепаман. Бундай вазиятларда бироз омад ҳам керак. Ўша куни у менга кулиб боқди».

Уёғини ҳаммамиз ўн марталаб кўрганмиз. Агуэро футболкасини ечиб, силкитган ҳолда югуради ва кейин тўхтаб, шерикларини кутади, Ҳарт жазавага тушган «Этиҳад» фонида қўлини очиб, югуриб юрибди, Манчини негадир қўлини чўнтагидан чиқаришни ҳам унутиб, ёрдамчилари оғушига шошилади... Ва яна Агуэрони кўрсатишади – бутун «Сити» футболчилари уни стадион майсасига босиб олишганди.

Такрорий лавҳада Тайво ростан ҳам Агуэронинг ўнг оёғига тепгани кўринади, лекин Агуэрога ўша биргина имкон тақдим этилганди ва у буни ҳакамнинг ихтиёрига ҳавола қила олмас эди.

Қуйида эса, Агуэродан ушбу гол ҳақида яна икки иқтибос:

«Бу ҳаётимдаги энг муҳим гол. Кўпинча оилам, ўғлим билан ўша ўйинни қайтадан томоша қиламан. Менимча, умримнинг охиригача бу лаҳзалар кўз олдимда айланаверса керак.

Жамоа мухлислари ҳам бу голни доим эслашади. Яқинда кўчада бир одам ёнимга келди ва менга қараб деди: «Ўша гол учун раҳмат. 93:20 – ҳаётимдаги энг ёрқин лаҳза».

Мавзуга оид