Жамият | 12:07 / 16.12.2021
26400
4 дақиқада ўқилади

Фарғонада тўлғоқ тутаётган аёл туғруқхонага киритилмагани айтилди. Вазирлик изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳридаги перинатал марказ (аҳоли ўртасида «Ойбек роддом» номи билан танилган) фойесида кузатилган ҳолат видеоси тарқалди. Видеога берилган изоҳда тўлғоқ тутаётган ҳомиладор аёл пропискаси бошқа жойда бўлгани учун қабул қилинмагани, яқинлари видеога ола бошлаганидан кейингина вазият ўзгаргани айтилган.

Фото: Видеодан кадр

Лавҳадаги изоҳда айтилганидек, шифокорлар прописка туфайли аёлни қабул қилишни рад этганлари кўринмаган. Аксинча, аёлнинг яқинлари уни олиб кетишга уринишган, шифокор эса олиб қолишга ҳаракат қилган ва шу ерда туғдириш зарурлигини, аёл бошқа жойга етиб бора олмай қолиши мумкинлигини билдирган.

«Нега энди бунақа қиляпсиз, нега аввал қабул қилмайман дедингиз-да, энди видеога олаётганимизда ўзгариб қолдингиз? Йўқ, биз энди олиб кетамиз. Сиз прописка талаб қилиб, қабул қилмайман дедингиз, энди биз бошқа жойга олиб борамиз. Туғмайди энди. Бир нарса бўлса, жавоб берасиз. Ҳозир пул сўраётгандингиз-ку, қабул қилмайман дегандиз-ку. Мен президентгача чиқаман», дейди видеога олаётган эркак.

Исм-шарифи номаълум шифокор аёл ўзи ҳам телефони орқали видеога олган ҳолда беморнинг яқинлари тасвирга олишларига қаршилик қилади.

«Ўчиринглар видеони. Қолдир буни, сен кимсан ўзи, нега видеога оляпсан? Ички ишларни чақиринг. Боролмайди бу бошқа жойга... биласанми сени нима қилади, ҳароми, эшшак! Кетмайди, шу ерда туғади», дейди шифокор.

Воқеанинг энг таъсирли жиҳати – бутун жараён давомида ҳомиладор аёл тўлғоқдан азобланиб тургани акс этган.

Кейинчалик келиннинг қайнонасининг айтишича, аёл тез ёрдам билан марказга олиб борилган, лекин шифокорлар ҳали муддат борлигини, бу ерда пул тўланиши, ўзлари тегишли ҳудуд – Водил қишлоғига олиб бориш кераклигини айтишганини билдирган.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланди.

– Элмира Эркиновна, зиддиятнинг бирламчи сабабига келсак, умуман, ҳомиладор аёлга прописка талаби қўйилиши тўғрими?

– Прописка фақат туғруққача бўлган жараёндаги кўрикларда, даволанишларда талаб қилинади, холос. Яъни ҳар бир аёл ўз ҳудудида бепул тиббий кўриклардан ўтиши, даволаниши мумкин. Лекин шошилинч ҳолатларда, тўлғоқ тутганда бундай талаб қўйилиши асоссиз.

– Фарғонадаги ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилмоқдами? Шифокорларга нисбатан қандай чоралар кўриляпти?

– Аввало айбсизлик презумпциясига амал қилишимиз шарт, яъни айни пайтда кимнидир айбдор деб эълон қила олмаймиз. Видеода фақат шифокор аёлни олиб қолишга урингани, яқинлари эса олиб кетишгани акс этган.

Бу ерда мен ҳозирча умумий тиббиёт талаби ва шахсий фикримни айта оламан – бемор билан тил топа олмаса, тез тиббий ёрдам бериш йўлини қилмаса, демак айб шифокорда бўлади. Бу ҳолатда шифокор ҳар қандай талабларни четга суриб, зудлик билан аёлга ёрдам бериш чораларини кўриши зарур эди. Чунки тўлғоқ тутаётган аёл билан ҳар қандай вазият юзага келиши мумкин. Яхшики аёл эсон-омон кўзи ёриган, она ҳам, бола ҳам соғ-саломат.

Энди ҳолатга келсак – биз бу масалани муҳокама қилдик, камида уч кишидан иборат комиссия тузилади ва ҳолат батафсил ўрганилади. Шундан кейингина расмий хулоса беришимиз мумкин. Шифокор камчиликларга йўл қўйгани тасдиқланса, албатта қонун доирасидаги чора кўрилади. Буни ўз назоратимга оламан.

– Видеода тасдиқлашга ҳожат бўлмаган ҳолат кўринган – шифокор аёлнинг яқинларини ҳақорат қилмоқда. Бунга қандай баҳо берасиз?

– Беморнинг яқинларининг ҳаяжонини тўғри тушунаман. Юқорида айтганимдек, комиссия хулосасини кутамиз ва шундан кейингина хулосамизни айтамиз. Ҳақорат ҳолатини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди, биз ўз ваколатимиз доирасида чора кўрамиз. Шунингдек, беморнинг яқинлари айни ҳолат бўйича тегишли органларга мурожаат қилиши мумкин.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид