Ўзбекистон | 11:57 / 16.12.2021
7953
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: “Тошкентда ишсизликдан муаммо бўлмаслиги керак”

“Мен ўйлайман, Тошкентда ишсизликдан муаммо бўлмаслиги керак ва барча кучларимизни шунга йўналтирамиз”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими.

Фото: Олий Мажлис Сенати

16 декабр куни Сенатнинг ялпи мажлисида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 3-чорак якунлари бўйича ҳисоботи тингланди. Унга берилган саволлардан бири бандлик масаласида бўлди. Ҳокимга кўра, аҳолини ишга жойлаш масаласидаги асосий муаммо хизмат кўрсатиш соҳаси кўлами торлиги билан боғлиқ. 

“Ҳозир дунёда 700дан ортиқ хизмат кўрсатиш соҳаси бор, бизда эса 150та холос. Уларнинг кўламини кенгайтириш олдимиздаги муҳим вазифалардан. Муаммо шундаки, бизда хизмат кўрсатиш соҳаларининг турлари жуда оз. Шу сабабли олий таълимни битирганларнинг аксарияти ўз соҳаларида ишлай олмаяпти. Бунга ўша соҳалардаги хизмат кўрсатиш йўналишлари ташкил этилмагани халақит беряпти.

Фабрикалар ва заводларда иш жойлари бор, аммо олий маълумотли одам у ерларга ишлаш учун боргиси келмайди. Шунинг ҳисобидан ҳар куни 122 минг одам автобусга ўтириб Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ишлаш учун келади. Улар фабрика ва заводларда ишлаб, яна вилоятга қайтишади.

Бизга бир ой ичида хизмат турларини кўпайтириш бўйича президентимиз топшириқ бердилар. Дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасини ўрганиш, олий маълумотли одамлар хоҳлаган хизмат турларини кўпайтириш орқали ишга жойлаштириш имкониятлари мавжуд.

Ҳозирда уларнинг ҳаммаси билан бирма-бир гаплашиб чиқяпмиз. Ишлар таклиф қиляпмиз. Уқуви етмаётган бўлса, Меҳнат вазирлиги билан боғланиб, “Ишга марҳамат” марказлари орқали касб ўргатиш ва ишга йўналтириш йўлини қиляпмиз.

Мен ўйлайман Тошкентда ишсизликдан муаммо бўлмаслиги керак ва бунинг учун барча кучларимизни йўналтирамиз”, деди шаҳар ҳокими.

Мажлисда айтилишича, 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида Тошкент шаҳрида 24 минг кишидан 36 фоизи иш билан таъминланган. Ҳозирги кунда ҳудудда 25 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари мавжуд. Улардан 9 мингдан ортиғига маълум мутахассисликлар талаб этилмайди. Шунингдек, 2 минг 500дан ортиқ фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган бўлса ҳам иш билан таъминланмаган. Айниқса, Юнусобод, Яккасарой ва Учтепа туманларида иш билан таъминлаш масаласида оқсоқлик авжида. 

Мавзуга оид