Ўзбекистон | 17:08 / 16.12.2021
35907
11 дақиқада ўқилади

Йўллардаги хавф-хатар ва тартибсизлик: қоидабузарларга ўта кескин чоралар қўллаш вақти келмадими?

Ушбу мақола йўллардаги аварияларнинг олдини олиш, кўчаларда тартибли ҳаракатланиш учун ҳайдовчиларни кузатиш ва жаримага тортиш тизими, умуман, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқитиш қандай бўлиши кераклиги ҳақида.

Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

Республикада машиналар сони йилдан йилга ошмоқда. Статистик маълумотларга кўра, йўлларда ҳаракатланаётган автомобиллар сони айни пайтда 3,8 миллиондан ошади ва уларнинг сони йилига 14 фоиздан кўпаймоқда.

Албатта, автомобиллар кўпайиши инсонлар фаровонлиги ошаётганининг бир белгиси, иқтисодиёт равнақ топишида тутган ўрни, одамларнинг узоқни яқин қилаётгани бу — масаланинг ижобий томонлари.

Аммо йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, йўлларда ЙТҲлар содир бўлиши ортаётгани эса ташвишланарли ҳолдир. Чунки ўртага инсонлар ҳаёти тикилган.

Биргина 2021 йилнинг 10 ойида республика йўлларида 7681та йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган бўлиб, 1964 киши ҳаётдан кўз юмган ва яна 6886 кишига турли оғирликдаги тан жароҳатлари етказилган.

ЙТҲларнинг аксарияти пиёдалар ва болалар иштирокида содир бўлгани янада аянчли. ЙТҲларнинг жуда катта қисми автолар катта тезликда ҳаракатланадиган халқаро трассаларда эмас, давлат аҳамиятидаги ички йўлларда, шаҳарларда ва аҳоли пунктларида содир бўлган.

Пиёдалар йўлларнинг қатнов қисмини кесиб ўтишдаги эътиборсизлиги ҳам аянчли оқибатларга олиб келаётганини унутмаган ҳолда айтиш жоизки, йўлларда ўлим ва оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ аварияларнинг асосий сабаблардан бири қоидабузар ҳайдовчилардир.

Самарали тизим етишмаяпти

Афсуски, ҳозир бундай қўпол ҳайдовчиларни ўз вақтида аниқловчи, уларни жазолаш ва тартибга олишнинг самарали тизими амалда йўқ.

Автотранспорт воситаларини расмийлаштириш жуда қимматлиги сабабли мавжуд тизим бош ишонч қоғози билан машина бошқараётган потенциал қоидабузар ҳайдовчиларни кузатишга халақит беради.

Бу масала хусусида сайтда аввал ҳам батафсил ёзилганди. Мақолада мавжуд божлар ниҳоятда баландлиги турли тушунмовчиликлар ва фирибгарликларга ҳам йўл очаётгани ҳақида ҳикоя қилинган.

Ҳайтовур, бу ҳолга парламент ва ҳукумат ўз эътиборини қаратди. 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилиниши белгиланди. Эндиликда машиналар олди-сотдисидан кейин расмийлаштириш арзон ва осон бўлиши кутилмоқда. Яъни автотранспорт воситасини ўз эгаси ва ўша эгасига яқин инсонлар бошқараётганини аниқлаш, кузатиш ва қайд этиш енгилроқ бўлади.

Энди шунга яраша самарали тизим яратилиши керак. Тизим тўлиқ автоматлаштирилиши, керак бўлса, бу ишда ном чиқарган хорижий компаниялар жалб этилиши лозим.

Қоидабузар ҳайдовчиларни қандай жиловлаш мумкин?

Ҳа, қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлашни тўлиқ компьютер ихтиёрига қўйиб бериш керак. Яъни кўчаларни камералаштиришга эътиборни кучайтириш лозим. Қоида ҳамма учун баробар ишлаши керак-да: у хусусий тадбиркор, киракаш, давлат ташкилоти ҳайдовчиси ё орган ходими бўлишидан қатъи назар.

Яъни қоидабузар ҳайдовчиларда ЙПХ ходими билан «келишиш», юқори мансабда ишлайдиган танишига қўнғироқ қилиб, жазодан қутулиб қолиши учун заррача имконият қолдирмаслик керак.

Бунинг учун ИИВ ДЙҲХБ томонидан таъкидланган, қоидабузарлик учун жарима балларни қўллаш тизимига тезроқ ўтилиши лозим. Фақат, бу тизимни кўр-кўрона Россия Федерациясидан кўчириб олиш билан чекланмасдан, дунёнинг етакчи давлатларидан ҳам андоза олиш керак, деб ҳисоблайман.

Айтайлик, «ўйин бошида» бирор қоидабузарликка йўл қўймаган тоза ҳайдовчида 0 балл бўлсин. Қоидабузарликнинг енгил-оғирлигига қараб жарима баллари кичикроқ ва каттароқ ҳисобланиши керак. Масалан:

  • Хавфсизлик камари тақмаслик — +5 балл;
  • Йўлларда қувиб ўтиш қоидасини бузиш — +5 балл;
  • Автомобилга рухсат этилмаган чироқлар ва сиреналар ўрнатиш — +5 балл;
  • Ҳаракат чоғида ҳайдовчининг телефондан фойдаланиши — +10 балл;
  • Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш — +15 балл;
  • Светофорнинг қизил чироғида ўтиш — +20 балл;
  • Белгиланган тезликдан ошириш — +20 балл;
  • Автомобилни маст ҳолатда бошқариш — +100 балл ва ҳ.к.

Бир йил ичида белгиланган жарима балларини 100 баллга етказган ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бекор қилиниб, қайтадан имтиҳон топширишга йўллаш керак. Кейинги йилга эса жарима балларининг барчаси «куймаслиги» лозим. Фақат 50 фоизи «куйиши» керак.

Қоидабузар ҳайдовчиларга мажбурий суғурта орқали таъсир қилиш

Албатта, жарима баллари кўпайган ҳайдовчиларнинг суғуртаси ҳам ўз ўзидан қимматлашиши керак.

Масалан, бу борада АҚШда қандай тизим амалда: агар ҳайдовчининг жарима баллари бўлса — бу суғурта компанияларига кўринади, унинг суғурта полиси қимматлашади. Нью-Йорк штатида 2 балл (140 доллар) жарима учун суғурта полиси ҳақи ойига 15 доллар қимматлайди. Жарима баллари йилига 2тага «куяди», агар бу орада янги қоидабузарлик қайд этилмаган бўлса! Яъни қоидабузар 140 доллар жаримадан ташқари, бир йилда 180 доллар қўшимча суғурта бадали ҳам тўлайди.

Агар келгуси йил қоидабузар яна икки балли бирор қоидабузарликка йўл қўйса, суғурта ойига 40 долларга ошади. Боз устига, аввалги қоидабузарлик учун 2 балл «куймайди». Яъни қоидабузар жаримадан ташқари йил давомида суғуртага 480 доллар ортиқча тўлайди.

Бу ҳолатда кейинги йил учун ҳам фақат икки балл «куяди». Демак, шундан сўнг ҳам оширилган суғурта — 180 доллар тўлашда давом этилади. Икки йил учун оширилган суғурта суммаси 660 долларни ташкил этади.

Агар бу муддат ичида қоидабузар ҳайдовчи яна бир-икки балли қоидабузарликка йўл қўйса, у бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳуқуқ тикланганидан кейин ҳам яна икки йил «суғурта» оқибатларини тўлаш керак. АҚШда суғуртасиз юриш жарима, ҳибсга олиниш ва бир-икки ҳафта қамоқда ўтириш билан жазоланади.

Бизда эса суғурта йўқлиги учун машинани жарима майдончасига киритиб қўйиш ҳам бекор қилинди. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда эса унинг ашаддий қоидабузарлиги мутлақо инобатга олинмайди. Аллақачон буни ҳам ҳисобга олишни йўлга қўйиш ва жарима балларига боғлаш лозим.

Автомобилни маст ҳолатда бошқарганлик учун автомобил бошқариш ҳуқуқидан 2 йилгача маҳрум этиб, 30 кунгача маъмурий қамоқ жазоси жорий этиш лозим. Шу ҳуқуқбузарликка қайта йўл қўйилганда эса қамоқ муддати узоқроқ  бўлиши ва автони бошқариш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этиш лозим.

Жазоларимиз юмшоқ, ҳайдовчиларимиз беписанд

Энг муҳими, бошқарилиш жараёнида жуда кўп қоида бузган ва жарима баллари «қизил зона»га яқинлашиб қолган автомобилларни кузатишнинг самарали тизими ишга тушиши керак. Бу тизим – эгаси ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган машиналарни давлат рақамига қараб аниқлаши ва доимо назоратда бўлишини таъминлаши лозим.

Ҳайдовчилик ҳуқуқи бўлмаган, бундай ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳайдовчиларга автони бошқаргани учун ҳам қатъийроқ жазо тайинлаш керак бўлади.

Бизда аксинча, айрим қоидабузарликлар учун жарималар камайтирилди. Айрим депутатлар ҳаттоки, тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш таклифини бериб кўришди.

Жаримани аниқлаш тизимимиз ўта самарасиз, жазо чораларимиз ҳайдовчилар учун етарли эмас, уларни тарбиялашга хизмат қилмаяпти. Йўқса, йўлларимизда бу қадар бошбошдоқликка гувоҳ бўлмаётган бўлардик.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш осон бўлмаслиги керак

Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқиш, имтиҳонларни топширишни ҳалол, холис ва ўта қийин қилиш керак. Ҳозир амалда уч марта автомобил бошқаришга чиқиб, рул бошқаришда қўрқувни бироз енгиб, осонгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетишяпти. Йўл қоидалари, парковка, бурилиш, манёвр ўргатилмайди.

Хорижда бу жараён жуда мураккаб ва қиммат. Фақат автомобил бошқаришни пухта ўрганиб олганларгагина бундай ҳуқуқни тасдиқловчи гувоҳнома берилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун коррупцион омилларни йўқотиш лозим. Бунинг учун тизим шаффоф ва автоматик бўлиши керак. Гувоҳномани қўлга киритиш учун тўлов эса жуда қиммат бўлиши шарт: камида 500 АҚШ доллари ёки 5 млн сўм атрофида.

Қоидабузар ҳайдовчилар қайта имтиҳон топширишда ҳам шу сумманинг камида ярмисини харажат қилишлари керак. Шундагина «правадан айрилиш» нималигини ўз таналарида ҳис қилиб, рулни эҳтиёткорлик билан бошқаришади.

(Мақолада бу борада ўта қисқа тушунтириш бериб ўтдим. Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқиш, имтиҳон ва қайта имтиҳон топшириш бўйича алоҳида мақола тақдим этамиз).

Жазолар кескин, лекин бошқа ечим йўқ

Албатта, шаҳарларимиздаги йўллар машиналар имкон қадар тез ҳаракатланиши учун, пиёдаларга эса йўлни кесиб ўтиши учун хавфли қилиб лойиҳаланаётгани ҳам аянчли натижаларга олиб келмоқда. Бу алоҳида мавзу.

Йирик шаҳарларда, туман марказларида тезлик лимити 50 км/соат қилиб белгиланишини имкон қадар тезроқ жорий этиш керак. Нафақат мактаблар, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, шунингдек, аҳоли гавжум бўладиган хиёбонлар, парклар ва бозорлар олдидаги пиёдалар ўтиш жойида тезликни камайтиришга хизмат қиладиган сунъий дўнгликлар барпо этилиши шарт.

Буларнинг бариси аввал ҳам кўп ёзилган. Бу президент фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси»да ҳам ўрин олди. Инсонлар, айниқса болаларимизнинг хавфсизлигини асраш учун зудлик билан қилиниши керак бўлган ишлар белгилаб берилди ва унга шошилинч киришиш керак.

Юқоридаги чоралар кўпларга ўта кескин кўриниши мумкин. «Йўлларда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ҳайдовчи қолмайди-ку?» деган хулосага ҳам келаётганлар бор. Шундай бўлиши ҳам керак. Қоидабузарликни касб қилиб олган, бошқалар ҳаётига хавф солувчи одам машина ҳайдамаслиги керак. Қолаверса, бир марта қоидабузарлиги учун ортиқча жарима ва суғурта бадали тўлаган ҳайдовчи «мўмин-қобилгина» бўлиб қолади.

Бу чораларнинг барчаси йўлларда тартиб юзага келиши, ҳайдовчилик маданиятини ошириш, энг асосийси — ўлимлар сонини камайтириш учун қилинади. Йўлларда хавфсизликни, тартибни фақат қоидабузарларга кескин жазо чораларини қўллабгина амалга ошириш мумкин. Бунинг амалда бошқа имкони йўқ.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид