Ўзбекистон | 15:08 / 17.12.2021
12683
1 дақиқада ўқилади

1000 сўмлик банкнотлар янгиланиши борасида ҳозирча аниқ маълумот йўқ — МБ

2021 йил давомида Ўзбекистонда муомалада бўлиб турган 7 та банкнотдан 6 тасининг дизайни янгиланди.

Марказий банк 22 декабрдан бошлаб 50 ва 100 минг сўмлик янги банкнотлар чиқарилишини эълон қилган эди.

Бу билан муомаладаги барча банкнотларни ихчамлаштириш, уларни Буюк ипак йўли мавзуси атрофида бирлаштириш ва пулларга замонавий ҳимоя элементларини киритиш жараёни деярли якунланади.

Шу тариқа 1000 сўмлик банкнотдан ташқари, Ўзбекистонда муомалада бўлган барча қоғоз пулларнинг дизайни янгиланди.

Марказий банк матбуот хизматининг Kun.uz'га билдиришича, 1000 сўмлик купюранинг ҳам янгиланиши борасида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Қайд этиш лозим, 1000 сўмлик купюра 2001 йилда муомалага киритилган бўлиб, 2013 йилда 5 минг сўмлик купюра пайдо бўлгунига қадар энг катта қийматга эга сўм банкнота бўлиб келган.

Айни пайтда 1000 сўмлик кирилл алифбосидан фойдаланилган ягона банкнота бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, янги банкнотларнинг муомалага киритилиши билан эски банкнотлардан фойдаланиш чекланмайди. Эски пуллар секин-аста табиий йўл билан янгиларига алмаштириб борилади.

Мавзуга оид