Ўзбекистон | 13:43 / 17.12.2021
18353
5 дақиқада ўқилади

Фото: Корея президенти қароргоҳида Ўзбекистон делегациясини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

Алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада юқори даражага олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратилди.

17 декабрь куни Корея Республикаси президентининг Сеул шаҳридаги «Чонг Ва Дэ» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Олий мартабали меҳмон ва унинг рафиқаси шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Тантанали маросимда Тонгги софлик мамлакатининг қадимий тарихи ва ёрқин замонавийлиги ўз аксини топди.

Сўнг давлат раҳбарлари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.

Корея Республикаси президенти олий мартабали меҳмонни қутлар экан, Сеул Тошкент билан ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.

- Ҳурматли Шавкат Мирзиёев жанобларини, менинг қадрли биродаримни қутлайман. Сеулга хуш келибсиз. Шу йил январь ойидаги учрашувимизни яхши эслайман. Ўша мулоқотимиз жорий йилнинг биринчи олий даражадаги учрашувим бўлди. Бугун эса Сиз билан йил якунида юзма-юз кўришиб турибмиз. Менинг дипломатик тадбирларим айнан Сиз билан бошланиб, якунига етаётганидан айниқса мамнунман.

Корея ва Ўзбекистон алоҳида стратегик шериклик муносабатлари билан боғланган ҳамкорлардир. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан қишлоқ хўжалиги ускуналари ва электр техникаси ишлаб чиқариш, энерготехника тармоғи ва энергетика, саноат корхоналарини барпо этиш каби соҳаларда турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сизнинг ташрифингиз доирасида қатор муҳим ҳужжатларга имзо чекилади.

Биз Ўзбекистон билан елкама-елка туриб, глобал иқлим ўзгаришларига қарши туришга, «ақлли» шаҳарлар, смарт-фермалар, АКТ ва электрик автомобиллар ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз. Келаётган йилда биз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Умид қиламанки, янги йилда биз биргаликда фаровонликнинг янги саҳифасини очамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдириб, очиқлик ва ўзаро ишонч икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётганини таъкидлади.

- Учрашиб турганимиздан жуда мамнунман. Давлат ташрифи билан гўзал Кореяга келишга таклиф қилганингиз ва ҳар доимгидек илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорман.

Ҳозир об-ҳаво совуқ, лекин кореялик биродарларимизнинг қалби қайноқ.  Биз мамлакатингиз ва корейс халқига алоҳида бир самимият билан қараймиз. Менталитетимиз, анъана ва маънавий қадриятларимиз ўхшаш. Сизнинг «Янги сиёсат»ингиз юқори технологиялар, рақамлаштириш, инновацион ва “яшил” тараққиёт соҳаларида юртингиз етакчилигини мустаҳкамлаш, истеъдодли корейс халқининг улкан интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилди, - деди Ўзбекистон президенти.

Мана 15 йилдирки, мамлакатларимиз стратегик шерикдир. Шавкат Мирзиёев ва Мун Жэ Иннинг дўстлиги ва сиёсий иродаси эса Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигига янги суръат бағишлашга кучли рағбат бўлди.

Давлат раҳбарлари тўртинчи бор учрашмоқда. 2017 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев Корея Республикасида давлат ташрифи билан бўлди. 2019 йил апрель ойида Президент Мун Жэ Иннинг Ўзбекистонга жавоб ташрифи бўлиб ўтди, унинг доирасида Алоҳида стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди. 2021 йил январь ойидаги онлайн саммитда эса етакчилар ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш бўйича қатор янги ва долзарб ташаббусларни илгари сурдилар.

Кореяга бу галги ташриф фаол мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий шерикликнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишни даврнинг ўзи тақозо қилаётганини алоҳида таъкидлади. Икки мамлакат ҳамкорлиги глобал иқтисодиётнинг бугунги таҳдидларига тўлиқ жавоб бериши керак.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки баробар ортди. Пандемия оқибатларига қарамай, кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Корея Эркин савдо тўғрисидаги битимни тузиш масаласида анча илгарилади. Учрашувда ушбу ҳужжатнинг келгуси йилда имзоланиши туфайли товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш ва мувозанатга келтириш имконияти пайдо бўлишига ишонч билдирилди.

Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Жорий йилда 320 миллион доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Корея Эксимбанки ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик алоҳида диққатга сазовор. Масалан, ушбу жамғарма доирасидаги молиялаштириш ҳажми 1 миллиард долларга етказилди. 2023 йилга қадар Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга салмоқли маблағ йўналтирилмоқда.

Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан сермаҳсул шериклик ҳам кенгаймоқда.

Мавзуга оид