Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Маҳаллий кенгашлар сессиялари жонли эфирга узатилади» — Навоий вилояти ҳокими
17 декабрь куни Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йилги режалар юзасидан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсуновнинг мурожаатномаси тингланди.
Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, 2022 йилдан ҳар ойда камида бир маротаба ҳар бир комплекс раҳбарларининг, яъни 1 нафар вилоят ҳокими ўринбосарлари, 2 нафардан бошқарма, корхона раҳбарларининг ҳисоботлари эшитиб борилади.
Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сессияларини телевидение ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан тўғри эфирга узатиш йўлга қўйилади.
Ҳокимнинг таъкидлашича, якунига етаётган йилда бюджетга 2 трлн 811,6 млрд сўмлик, маҳаллий бюджетга 1 трлн 939,3 млрд сўм тушумлар тушириш ҳамда вилоят ихтиёрига 140 млрд сўм эркин қолдиқ маблағлари қолдириш режалаштирилган.
Мурожаатномада 2022-2026 йилларда вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган энг муҳим вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
«Кейинги беш йилликда вилоят аҳолисига муносиб яшаш шароити яратилиб, инфратузилма билан боғлиқ масалалар ҳал этилади. Жумладан, Навоий шаҳрида янги массив барпо этилиб, 4 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиши йўлга қўйилади.
Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилиб, қўшимча 30 минг аҳоли яшаши учун, замонавий инфратузилмага эга бўлган «Саноатчилар шаҳарчаси», бошқа туманларда 14 минг хонадонли 400та кўп қаватли уй-жой бунёд этилади. Вилоятда минг км.дан ортиқ ичимлик суви ва 90 км канализация тармоқлари қурилади.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида келгуси беш йилда 100та қишлоқ ва маҳалла обод қилинади. Бунга бюджетдан ҳар йили камида 600 млрд сўм йўналтирилади. Шунингдек, 5 минг км электр тармоғи, мингдан зиёд трансформатор ҳамда 6 минг км автомобиль йўллари, 186та кўприк қурилади ва таъмирланади. Бундан ташқари, 15 млрд долларлик 2,2 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 75 мингта янги иш ўрни яратилади», дея вилоят ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мурожаатномада 2022 йилда амалга оширилиши мўлжалланаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълум қилинди. Жумладан, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 54,8 трлн сўмга (ўсиш суръати 105,6 фоиз), саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 94,7 трлн сўмга (ўсиш суръати 107,3 фоиз), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,7 трлн сўмга (ўсиш суръати 102,8 фоиз), қурилиш ишлари 4,7 трлн сўмга (ўсиш суръати 104,3 фоиз) етказилади.
«2022 йилда вилоят бўйича 9464 гектар янги ер майдонлари ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 7 464 гектарида токзорлар ва боғлар, 700 гектарида пистазор, 20 гектарида иссиқхона ташкил этилади ҳамда 1 387 гектарида бошоқли ва озуқа экинлари етиштирилади.
2022 йилда 4 890 гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига деҳқон хўжаликлари шаклида 10 йил муддатга ажратилади. Маҳаллий саноатни ривожлантириш учун қиймати 5,3 трлн сўмлик 729 та ҳудудий инвестиция лойиҳаси шакллантирилиб, улар ҳисобига 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш белгилаб олинди.
Келгуси йилда вилоятда 365,2 млрд сўм маблағ ҳисобига 1 151 км автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилади. 63 млрд сўм маблағ эвазига 242,4 км ичимлик сув тармоқлари ҳамда 15 та сув иншоотлари қурилади, 32,7 млрд сўм эвазига «Инвестиция» дастури доирасида 106,3 км ичимлик ва 46 км оқова сув тармоқлари тортилади.
Шунингдек, 974,7 км электр тармоқларини янгилаш, 253 дона трансформаторни ҳамда 3 дона подстанцияни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишларига 187,8 млрд сўм маблағ сарфланади», дея таъкидлади Турсунов.
Мавзуга оид
22:18 / 14.05.2025
“170 дона 200 сўмлик” — Навоийда пенсиянинг бир қисми тангада тўланаётгани айтиляпти
13:30 / 07.05.2025
Ўзбекистонда илк бор ёмғирни сунъий ёғдириш технологияси синаб кўрилмоқда
18:28 / 01.05.2025
Навоийда кичик самолётлар ишлаб чиқарилади
16:51 / 02.04.2025