Ўзбекистон | 11:21 / 17.12.2021
12540
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6500 сўмгача туширилди

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли АЁҚШларда АИ-80 бензини нархи 6890 сўмдан 6500 сўмга туширилди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Хабар берилишича, бунга сўнгги кунларда бензин тақчиллиги оқибатида ижтимоий тармоқларда юзага келган танқидий муҳокамалар сабаб бўлган. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, “Ишчи гуруҳ”лари тузилиб, нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилиши тўлиқ назоратга олинди. 17 декабрь санасидан бошлаб акционерлик жамиятига тегишли барча АЁҚШларда АИ-80 маркадаги бензин нархи 6500 сўм этиб белгиланган.

“Бензин тақчиллигининг олдини олиш ва унинг нархларини арзонлаштириш борасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “Товар хомашё биржаси” АЖ ҳамкорлигида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Натижада “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли АЁҚШларда бугун, 17 декабрь кунидан бошлаб АИ-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан арзонлаштирилиб, ҳар бир литри учун 6500 сўм нархда сотувга чиқарилди.

Республика ҳудудидаги “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча АЁҚШларида бензин шу белгиланган нархда сотилиши таъминланади”, дейилади хабарда.

Kun.uz мухбирининг “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати билан боғланиб ойдинлик киритишича, АИ-80 бензини нархини яна арзонлаштириш кўзда тутилмоқда.

“АИ-80 маркали бензин нархини янада пасайтиришни режалаштиряпмиз. Истеъмолчилар энг кўп фойдаланадиган ушбу маркадаги бензин тақчиллиги республикадаги барча АЁҚШларда кузатилди. Бошқарув раисининг топшириғи билан ҳозирда 5та ишчи гуруҳ тузилди ва улар АЖга тегишли барча шохобчаларда назорат олиб боришяпти. Кузатишларимиз давомида тақчиллик сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдик. Кўп ҳолатларда катта юк машиналари 500 литрлаб бензин олишади. Енгил автомобилларга эса етмай қолиш ҳолатлари кузатилган. Буни ўрганиб, тенг тақсимлаш ва бу турдаги бензин тақчиллигини бартараф этиш чоралари кўриляпти”, дея маълум қилди матбуот котиби Kun.uz'га.

Мавзуга оид