Жамият | 19:24 / 17.12.2021
12053
7 дақиқада ўқилади

Қачонгача ота-оналар фарзандини машина тагидан чиқариб олади? — Хонқизнинг светофорсиз чорраҳаси

Азизахон Мирзаолимова юролмайди. У мактабга бормай ўз уйида дарс олади. Ўқитувчилар уйига келиб дарс бериб кетишади. Бир пайтлар у ҳамма тенгдошлари каби соппа-соғ эди.

Фарғона вилоятининг Хонқиз қишлоғида яшовчи Азизахон ўзи ўқийдиган 52-мактабдан дарсдан қайтаётганида юк машина босиб кетиши оқибатида юра олмайдиган бўлиб қолган. Шу мактабнинг 1-синф ўқувчиси Комилахон Ўктамова ҳам дарсдан қайтаётганда Lacetti автомашинаси уриб юборган.

Афсуски, мана шу каби мактаблар атрофидаги йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминланмагани учун болалар нобуд ва мажруҳ бўлиб қолмоқда.

Хонқиздаги чорраҳа ҳам ана шундай энг хавфли йўл кесишмасидан бири. Фарзандини мактабга жўнатган ота-оналар аллақачон светофор ўрнатилиши ШАРТ бўлган мактаб чорраҳасидан «болаларим йўлдан ўтиб олдимикан? », дея юрак ҳовучлаб ўтиради. Аксарият ота-оналар фарзандини ўзлари келиб йўлдан ўтказиб қўйишади.

Чорраҳада машиналарнинг ҳаракатланиши, мактаб ўқувчиларининг йўлакдан ўтишини кузатдик. Ҳолат чиндан ҳам хавфли. Айрим ҳайдовчиларгина йўлни кесиб ўтаётган ўқувчига йўл беради. Аксари юқори тезликда ўтиб кетади...

«30 йилдан бери шу мактабда ишлайман. Мактабимизда 1 403 ўқувчи таҳсил олади. Ўқувчилар сони бўйича тумандаги энг катта мактаблардан. 2 сменада тўлиқ қувват билан ишлаймиз. Энг оғриқли нуқталаримиздан бири бу Олтиариқ-Чимён йўлидан 650 нафардан зиёд ўқувчи кесиб ўтади. Қиш кунлари кун қисқалигини ҳисобга олиб қоронғида ҳам йўлга навбатчиларни қўйганмиз», дейди 52-мактаб директори ўринбосари Абдувоҳид Тешабоев.

Мактаб мутасаддиси айрим ҳайдовчилар йўлни кесиб ўтаётган пиёдага умуман йўл бермаслигини, шу сабабли, кўп ЙТҲлар рўй бераётганини таъкидлади. Яқинда ҳам 1-синф ўқувчисини машина уриб юборган.

«Светофор ўрнатиб беришларини сўраб, кўп жойга мурожаат қилдик. Вилоят Ички ишлар бошқармасига, туман раҳбарларига чиқдик. Мутасаддилар «қиламиз, бўлади, бўлади»дан нари ўтмаяпти», дейди директор ўринбосари.

«Халқ пул тўплаб, ҳатто светофор учун темир устунларгача ўрнатдик. Светофор ўрнатишга эса халқдан етарлича пул йиғилмаяпти. Масъуллар келиб ҳолатни ўрганиб, ҳақиқатан ҳам светофор ўрнатиш кераклигини айтиб кетишган. Лекин натижа йўқ.

Яқинда 10-синф ўқувчимизни «Исузу» юк машинаси эзиб ўтиб кетди. Оёқ суякларини мажақлаб, талқон қилиб кетган. Ўзи ночор оила фарзанди эди. Уйида ўқитувчилар дарс бериб келишяпти энди», дейди директор ўринбосари.

1-синфда ўқийдиган қизини ўқишдан қайтаётганида машина уриб юборган Баҳром Ҳамроқулов ҳам мутасаддилардан чорраҳага светофор ўрнатиб беришни сўради.

Баҳром Ҳамроқулов, ЙТҲдан жабрланган қизнинг отаси

«Бундан 20 кун аввал қизимни «Ласетти» уриб кетди. Чорраҳада светофор бўлганида шу ҳодиса юз бермасди. Ота-оналар фарзанди йўлдан ўтаётганида юрагини ҳовучлаб ўтиради. Биз ота-оналар чорраҳага светофор ўрнатиб беришларини мутасаддилардан сўраймиз», дейди жабрдийданинг отаси.

Маҳалла фаолларидан бири Назира Мирҳодиева икки қизини ҳар куни йўлдан олиб ўтиб қўйиши, йиллар давомида ҳал қилинмаётган муаммо ҳақида куюниб гапирди.

Назира Мирҳодиева, маҳалла фаоли

«Қизларим бошланғич синфга қатнаганидан буён ҳар куни чорраҳага келиб, ўзим уларни катта йўлдан ўтказиб қўяман. Ҳозир қизларимнинг кичиги 13, каттаси 14 ёшда. Кўча бошида қассоб ака бор. У кўп ҳолларда болаларни йўлнинг нариги томонига ўтказиб қўяди.

Чорраҳага светофор жуда зарур. Светофор ўрнатилса ота-оналар иш жойида ҳам хавотир олмай ишлайди. Болалар ҳам йўлдан бемалол ўтишади. Илтимос қилардикки, светофорни тезроқ ўрнатиб беришсин. Асфалтга пиёдалар ўтиш жойи чизилиши учун 10 йил кетди», дейди Назира Мирҳодиева.

Чорраҳа қаршисида жойлашган қассобхона эгаси Илҳомжон Тожиддинов аксарият машиналар ўқувчиларга йўл бермай, юқори тезликда ўтиб кетишини таъкидлади.

Илҳомжон Тожиддинов, қассоб

«Ўқувчиларни бўш вақтимда йўлдан ўтказиб қўяман. Баъзи ҳайдовчилар катта тезликда келади. Светофор ўрнатилса ҳаммамизга яхши бўларди. Йўлдан ўтиш ҳам тартибга тушиб қоларди. Баъзи ҳайдовчилар байроққа ҳам қарамай, юқори тезликда ўтиб кетяпти», дейди у.

Маҳалла оқсоқоли Муроджон Толипов светофор ўрнатишни сўраб туман ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими ҳамда Халқ қабулхонасигача бир неча бор мурожаат қилганлари ҳақида сўзлаб берди.

Муроджон Толипов, маҳалла оқсоқоли

«Мингдан ортиқ ўқувчиларимиз биринчи ва иккинчи сменада шу йўлдан қатнашади. Йўлда белги бўлишига қарамай, ҳайдовчилар юқори тезликда ҳаракатлангани сабабли бу ерда йўл-транспорт ҳодисалари кўп бўлади. Светофор ўрнатиш мақсадида биз туман ҳокимига, туман ИИБга, Халқ қабулхонасига мурожаатлар қилганмиз. Лекин мурожаат ҳалигача ҳал этилмади», дейди оқсоқол.

Тўшакка михланиб қолган мактаб ўқувчиси Азизахон Мирзаолимова яшовчи хонадонда бўлдик. Ўқувчининг ҳолати ҳақиқатан ҳам аянчли эди. У мудҳиш воқеа ҳақида гапириб берди.

«29 сентябрь куни дарсдан қайтаётгандим. Катта йўлдан ўтиб маҳалламизга кираётган пайтимда юк машинаси уриб кетди. Ҳеч нарсани билмай қолганман. Орқага ўгирилиб қарагунимча аллақачон юк машинаси тагида қолганман.

«Исузу» деган ёзувни аниқ кўрганман. Машина тагидан тортиб олишганини эслайман. Касалхонага олиб боришгач, бир суткадан кейин ўзимга келганман. 5 соат давомида жарроҳлик амалиётини ўтадим», дейди жабрланувчи.

Ферузахон Бадриддинова, Азизахон Мирзаолимованинг онаси

Азизахон Мирзаолимованинг онаси Ферузахон Бадриддинова ҳам бундан бир йил муқаддам Боғдод туманида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, юра олмайдиган бўлиб қолган экан. Бир оилада она ва фарзанд ЙТҲдан азият чекмоқда.

Мактаб яқинидаги хавфли чорраҳада ҳамон светофор йўқлиги болалар ҳаётига хавф солмоқда. Бу чорраҳага наинки светофор, ўзгалар ҳаётига беписанд ҳайдовчиларнинг шаштини пасайтириш учун йўлда сунъий дўнглик ҳам ўрнатилиши кераклиги кундек равшан.

Ёки мутасаддилар болалардан кимдир қурбон бўлишини пойлаб ўтиришибдими? Қачонгача ота-оналар бу чорраҳада фарзандини машина тагидан чиқариб олади? Мана шундай вазиятда даҳшатли авариялар рўй бермаслигига кафолат борми? Қассоб ака қачонгача болаларни йўлдан олиб ўтиб қўяди?

Саволларга мутасаддилардан жавоб ва муаммони ҳал қилишда амалий ҳаракат кутиб қоламиз.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Фахриддин Хотамов.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид