Ўзбекистон | 14:11 / 17.12.2021
23722
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Корея билан ҳамкорликдаги учта асосий йўналиш ҳақида гапирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси билан яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш: «яшил» тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалалари кун тартибида турганини таъкидлади.

Истиқболдаги барча қўшма лойиҳалар, дастур ва ҳаракатлар режаларини шу асосий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Президент Ўзбекистоннинг инсон капитали ва табиий ресурслари Корея Республикасининг истиқболли технологиялари ва билимлари билан бирлашса, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яхши замин яратиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Шу муносабат билан давлат раҳбари  Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш фондини (EDPF) жалб қилган ҳолда Тошкент вилоятида яримўтказгич ва электроника ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Корея кластерини ташкил этиш таклифини билдирди. Унинг ҳудудида фан-таълим муассасалари, илғор технологиялар соҳасидаги тадқиқот ва ишланмалар марказларини жойлаштириш мумкин бўлади.

Томонлар Ўзбекистонда биргаликда ташкил этилган Тўқимачилик технопарки ва Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги маркази фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантириш давом эттирилишини қайд этишди.

 

«Ўзбекистон Кореянинг рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «ақлли шаҳарлар», аутсорсинг, алоқанинг янги авлоди ва интернет-технологиялар борасидаги ютуқларидан ўз амалиётида фойдаланишдан манфаатдор.

Мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш, мактабгача ва олий таълим соҳаларида жиддий ҳамкорлик қилмоқда. Тиббиётда амалга оширилган илк йирик қўшма лойиҳа натижасида ўтган йилдан буён Тошкент шаҳрида Болалар кўп тармоқли клиникаси фаолият юритмоқда.

Корея таълим модели дунёдаги энг намунали тажрибалардан биридир. Айнан шу боис юртимиз мактабгача таълим тизими Кореядаги ҳамкорларнинг илғор тажрибаси ва билимлари асосида тўлиқ ислоҳ қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон президенти университетлар ўртасидаги инновацион ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканини таъкидлаб, уларнинг мунтазам мулоқоти учун доимий майдон яратиш, келгуси йилда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумини ўтказишни таклиф қилди.

Музокаралар чоғида пандемиядан кейинги даврда туризм соҳаси иқтисодий ўсиш локомотивларидан бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Ўзбекистон Корея компанияларининг меҳмонхоналар ва инфратузилма объектлари қурилиши билан боғлиқ лойиҳалардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёр.

Келгуси йилда мамлакатларимиз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини нишонлайдилар.

Давлат раҳбари 2022 йилни «Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили» деб эълон қилишни, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этишни таклиф этди.

Шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

«Ўзбекистон ва Кореянинг кўплаб масалалар юзасидан қарашлари ўхшашдир. Мамлакатларимиз халқаро майдонда бир-бирига кўмаклашмоқда. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини, шунингдек, 2023 йилда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессиясини ўтказиш жойи сифатида Самарқанд номзодини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон, ўз навбатида, Кореянинг 2024-2025 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзоси бўлиш ниятини қўллаб-қувватлайди.

Президент Шавкат Мирзиёев «Корея Республикаси – Марказий Осиё» форумининг минтақамиз барқарор тараққиётига кўмаклашишдаги ўрни кучайиб бораётганини юқори баҳолади.

Ўзбекистон етакчиси ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳа ва дастурларини илгари суриш мақсадида парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги мулоқотнинг янги самарали механизмларини жорий қилишни таклиф этди. 

Ўзбекистон президентининг давлат ташрифи, унинг доирасида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувларнинг аҳамиятига кўра, алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада юқори даражага олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратувчи тарихий воқеа бўлди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид