Жамият | 14:50 / 17.12.2021
10885
3 дақиқада ўқилади

ССВ: тизза ва чаноқ-сон бўғимлари хасталиклари тобора ёшариб бормоқда

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда ҳар минг кишидан 72 нафари эндопротезлаш амалиётига муҳтож. Шуни айтиш мумкинки, турли омилларга кўра, тизза ва чаноқ-сон бўғимлари хасталиклари тобора ёшариб бормоқда. Хўш, мамлакатимизда бундай дардга чалинган беморларни соғлом ҳаётга қайтариш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ССВ матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида чаноқ-сон бўғимларини сунъий бўғим билан алмаштириш, яъни эндопротезлаш амалиётларини ўтказиш жараёнлари билан танишди.

«Август ойида оёқ бўғимларимда оғриқ пайдо бўлди. Кўп ўтмай, юришга қийналиб қолдим. Дастлабки текширув натижалари яхши чиқмади. Икки ой турли муолажалар олдим. Навбатдаги тиббий кўрик аҳволим янада ёмонлашганини кўрсатди. Шундан сўнг операцияга рози бўлдим. Икки соатга яқин давом этган амалиётда иккала оёқ бўғимимга бирдан эндопротез қўйишди. Бир кун қийналдим, холос. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман», дейди 65 ёшли бемор Фарҳод Гиязов.

Олтмиш бир ёшли яна бир бемор уч йилдан бери бўғим оғриғидан азият чекиб келгани, бир оёғининг чаноқ-сон қисмига эндопратез қўйилгач, дарддан анча фориғ бўлгани, энди эса иккинчи оёғига ҳам эндопротез қўйдирмоқчи эканини айтди. Янгийўллик бу бемор тиббиёт марказига имтиёзли йўлланма билан келган.

«Эндопротезлар кўп ҳолларда тизза ва чаноқ-сон бўғимларига қўйилади. Бу операцияга артроз касаллиги 2-3-даражага ўтганда, оғриқ ниҳоятда кучайганда эҳтиёж сезилади.

Ушбу амалиёт асосан ўрта ва катта ёшли беморларда, қолаверса, чаноқ-сон бўғими туғма яхши ривожланмаган ёшларда ўтказилиши мумкин. Бундан ташқари, турли травмалардан кейин, инфекцион ва ноинфекцион касалликлар асорати сифатида ҳам артрит, артроз касалликлари юртдошларимиз орасида кўп учрамоқда.

Муваффақиятли эндопротезлаш амалиётидан 3 кун ўтиб бемор юра бошлайди. Бир ҳафта-ўн кун шифокорлар кузатувида бўлгач, уйига жавоб берилади. Бир ярим-икки ойгача оёқнинг протезланган қисмларини кескин букиш, қалтис ҳаракатлар қилиш ман этилади. Кейинги ойлардан фаол, аммо оғир бўлмаган жисмоний машқларни бажариш мумкин. Ҳозир бундай амалиётлар жойларда ҳам ўтказиляпти», дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 373та эндопротезлаш амалиёти бажарилди. 

Мавзуга оид