Жаҳон | 16:47 / 18.12.2021
13042
2 дақиқада ўқилади

Порошенко сўроққа чақирилишидан олдинроқ Украинани тарк этди

У "терроризмни молиялаштириш", "давлатга хиёнат" "террорчилик ташкилоти тузиш" моддалари бўйича кўрилаётган иш доирасида сўроққа чақирилган.

Фото: AFP

Украина собиқ президенти Пётр Порошенко Украинани тарк этди. Бу маълумотни у раҳбарлик қиладиган "Европейская солидарность" партияси матбуот хизмати тасдиқлади, деб хабар берди DW.

Давлат тергов бюросининг маълум қилишича, Порошенко сўроққа чақирилиши тўғрисидаги хабарномани олишни инкор этган ва "номаълум йўналишда кетиб қолган".

У "терроризмни молиялаштириш", "давлатга хиёнат" "террорчилик ташкилоти тузиш" моддалари бўйича кўрилаётган иш доирасида сўроққа чақирилган.

Партиянинг таъкидлашича, Порошенко "Туркия ва Польшага аввалдан режалаштирилган дипломатик сафар"га йўл олган. 18-19 декабр кунлари у Туркияда қатор учрашувлар ўтказиши маълум қилинган.

20-21 декабр кунлари эса Порошенко Польшада бўлиб ўтадиган "Россия - Украина - НАТО" халқаро конференциясида иштирок этади. 

Порошенконинг адвокати сўзларига кўра, феврал бошларида Украина антикоррупция бюроси собиқ президентга нисбатан очилган 100 млрд доллар (89 млрд евро) маблағ ўзлаштирилиши бўйича ишни ёпган.

Яна бир иш 2014-2015 йилларда "ДХР" ва "ЛХР"дан ноқонуний кўмир сотиб олиш иши ҳисобланади. Украина бош прокурори Ирина Венедиктованинг билдиришича, Украина давлат корхоналари кўмир сотиб олишга 200 млн гривен (6,7 млн евро) сарфлаган.

Мавзуга оид