Ўзбекистон | 11:58 / 18.12.2021
8452
2 дақиқада ўқилади

«Бундан кейин шаҳар ҳокимлигининг объектларни инвесторларга беришда ўйлаб иш қилиши назоратга олинади» — Сенат

17 декабр куни АОКА мажлислар залида Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якунлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбирига кўра, тадбирда Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи, уни реконструкция қилиш учун олган «инвесторлар»нинг ишончни оқламагани ва боғни инвесторларга беришда бузилган шаффофлик шартлари ҳақида ҳам сўз борди.

«Шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитарканмиз, биз ҳам унга биринчи ўринда Ғафур Ғулом боғи ҳақида савол бердик. Мақсад — у ерда одамлар учун дам олиш имкониятларини сақлаб қолиш.

Ҳали у ерда шартномалар бўлмаган, лекин шартнома бўлган тақдирда ҳам биринчи масала паркда одамлар учун дам олиш имкониятларини сақлаб қолиш бўлади», – деди сенатор Толибжон Мадумаров.

Сенатнинг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаевга кўра, яқин орада сенаторлар паркнинг инвесторларга қандай шартлар асосида берилгани ва боғ реконструкцияси нега кечиктирилаётгани бўйича ўрганиш бошлайди.

«Буни тез орада қўмитамиз билан чиқиб ўрганамиз. Нега шунча вақтдан бери инвестор боғ реконструкцияси бўйича фаолиятини бошлагани йўқ?

Қарорда бу масала ҳам аксини топяпти. Биз бу масалани ўрганиб, албатта шаҳар сессиясида муҳокама қиламиз.

Бундан кейин шаҳар ҳокимлигининг объектларни инвесторларга берилиши бўйича ўйлаб иш қилишини назоратимизга оламиз», – деди сенатор.

Мавзуга оид