“Яна жинчироқда қиш ўтказамизми?” — Андижоннинг икки қишлоғидаги бир муаммо
Биз борган маҳаллаларда чироқ йўқ эмас, бор, лекин унинг кучи баъзан телевизорни ёқишга ҳам етмайди. Табиийки, симёғочларнинг ҳолати ҳам шунга яраша. Кучланиш пастлигидан электр жиҳозлари куяди, асаблар таранглашади, масъулларнинг қишгача деган ваъдалари муддати яна чўзилади...
Мурожаатлар ортидан Андижон вилоятининг Шаҳрихон ва Балиқчи туманларидаги Баркамол авлод ва Чанавоз маҳаллаларида бўлдик.
Қишнинг совуқ ойларида сифатсиз, паст кучланишли электрдан фойдаланишга мажбур аҳоли электр тармоқлари мутасаддиларининг “Дастурга туширдик, қишгача трансформатор ва симёғочлар ўрнатилади” деган пуч ваъдаларига ишонишгани ҳақида куюниб гапиришди.
“Кучланиш 90 волтга ҳам етмайди”
Мурожаат ортидан борган жойимиз – Балиқчи тумани Кўлбўйи қишлоғи Чанавоз маҳалласи кўчаларидаги қўлбола симёғочлар ўтган асрда ўрнатилган экан. Кўчаларни айландик. Линия нобоплигидан электр симлари пасайиб кетган. Аҳоли вакиллари сифатсиз электр таъминоти орқасидан пайдо бўлаётган муаммолар ҳақида куюниб гапиришди.
“Бу симёғоч ва симларни 31 йил олдин ўз маблағимизга сотиб олиб ўрнатган эдик. Йиллар давомида аянчли ҳолга келиб қолди. Қўлларимизни кўтарсак, салкам симга тегади. Мактабга, боғчага қатнайдиган болаларимиздан хавотирда яшаяпмиз. Каттароқ юк машиналари кўчаларимизга кирмайди. Чунки симлар жуда паст ҳолатда турибди. Узиб кетиши мумкин”, – дейди Абдуғаффор Қорабоев.
Маҳалла аҳли кечқурунлари электр кучланиши ўта пасайиб кетиши оқибатида маиший техника жиҳозлари, ҳатто телевизор ҳам ишламаётгани ҳақида шикоят қилишди.
“Ток пастлигидан сув тортадиган мотор ишламайди. Телевизорлар қотиб қолади. Ўзим пайвандчи устаман. Пайванд аппарати, болгаркалар умуман ишламайди. 2019 йилдан буён туман, вилоят, Президент қабулхонасига мурожаат қиламиз. Охирги мурожаатимиздан кейин туман электр корхонаси бошлиғи муаммолар 2021 йил 4-чорагида узил-кесил бартараф этилишини айтиб, ўз имзоси билан жавоб хати берганди. Мана, тўртинчи чорак тугаяпти, ҳаракатдан дарак йўқ”, – дейди Муродилло Расулов.
Аҳолининг аниқ саволларига жавоб излаб, Балиқчи туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Элдорбек Жўраевга микрофон тутдик. Мутасадди Чанавоз маҳалласидаги ҳолатдан хабардорлигини айтди.
“Ҳақиқатан ҳам Кўлбўйи маҳалласи кўчаларидаги симёғочлар эскириб, симлар носоз ҳолатга келган. Трансформатор пункти ҳам қуришимиз керак. Бу йилги дастуримизда кўра, маҳаллага бир дона 160лик трансформатор олиб бориб, эски симёғочларни 78 та темир бетон таянчга алмаштирамиз. Ҳозир иш бошлаганмиз. Йилнинг охиригача якунлаб берамиз”, – дейди Элдорбек Жўраев.
“Неча йилки жинчироқда яшаймиз”
Шаҳрихон туманининг чекка ҳудудда жойлашган Аҳмадбек қишлоғи Баркамол авлод маҳалласига оқшомга яқин борганимизда бизни бир гуруҳ аҳоли вакиллари кутиб турган экан.
Мазкур маҳалла аҳолиси бизга охирги йилларда нега жуда кўп бора мурожаат қилганининг сабабини муаммоларни кўриб тушундик. Кўчаларга ўрнатилган терак ва тол ёғочларидан тиккаланган симёғочларнинг ҳолати хавфли, хонадонларда эса ток кучи озлигидан хира ёниб турган чироқларни кўрасиз. Маҳалла аёллари электр таъминотидаги муаммолардан тоза зериккан экан. Бизни кўриб дардларини тўка солишди.
“Маҳалламизда электр таъминотидаги ҳолат жуда ёмон. 2016 йилдан бери тўхтовсиз мурожаат билан чиқамиз. Лекин ҳеч ҳам чора кўрилмаяпти. Бу йил яна чиқдик. Аризамизни қабул қилишгач, мутасаддилар келиб кўришди, суратларга олишди. “3-чорак режасига киритилди. Муаммо бартараф этилади” дея ваъда беришган эди. Лекин йил тугаяпти, натижа бўлмади.
“Свет”ларимиз хира ёнади. Кечқурун бирор нарса ўқий олмайсиз ёки чой қайната олмайсиз. Ичи куйиб кетиб, икки марта кир ювадиган машинамизни алмаштирдик. Болаларимиз дарс тайёрлай деса, жинчироқда ўтирамиз. Ҳатто фонарларимиз ҳам қувват ололмайди. Лекин электр пулини доим тўлаб юрамиз. Ҳеч қандай қарздорлигимиз йўқ.
Бу йил “электросет”га бешта аёл тўпланиб бордик. Раҳбарлари яна қуруқ гапларни гапиришди”, – дейди Саодатхон Аҳмедова.
Маҳаллада 100дан зиёд хонадон бўлиб, 500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Йилнинг совуқ фаслида, нобоп симёғочлардаги симлар шамол ва кучланишдан узилавериб, тузатгани монтёрлар ҳам келмай қўйибди.
“Ток кучи пастлигидан электр иситкичларни ишлата олмаймиз. Маиший жиҳозлар – тикув машинаси, кир ювиш, электр печлар-ку умуман ишламайди. Ҳатто баъзан телевизор ҳам кўрсатмайди”, дейди бизни уйига олиб кирган Шавкатбек Маҳмудов.
Муаммоли ҳолатни ўрганишни тугатаётганимизда ўша жойга Шаҳрихон электр таъминоти корхонаси муҳандиси Аъзамжон Ҳабибов етиб келди.
“Ҳақиқатан ҳам Баркамол авлод маҳалласида электр таъминотида муаммолар мавжуд. Чунки маҳаллага линия жуда узоқдан тортилган. Кучланишни мўътадил қилиш учун трансформатор олиб келиб қўйганмиз. Трансформаторларни тез кунларда ишга тушириб, аҳолини сифатли электр энергия билан таъминлаймиз.
Симёғочлар масаласида айтадиган бўлсам, беш ярим километрли лойиҳа тайёрладик. Йил охиригача муаммони тугата олмасак керак. Чунки 20 иш куни қолди. Кейинги йил биринчи чорагида ишни бошлаймиз”, –дейди мутасадди.
Хулоса ўрнида
Ҳар икки қишлоқдаги муаммо бўйича мутасаддиларнинг изоҳини тинглаб, уларнинг ваъдаларига ишонгимиз келди. Бироқ Чанавоз ва Баркамол авлод маҳалласида ёшовчи аҳоли вакиллари ишонишди дея олмаймиз. Бир календар йили тугаб, янги йил бошланишига икки ҳафта қолди. Ойлар, чораклар ўтиб кетди.
Савол туғилади. Ҳар икки маҳалла ўз муаммолари ечимини 2022 йил бошида кўрармикин? Жавобни эса Андижон вилоят ҳокимлиги ва Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан кутиб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмолов
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
15:44 / 01.11.2024
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
21:29 / 29.10.2024
Жиззахда 8,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган “метан заправка” аниқланди
10:40 / 27.10.2024