Героин ва «мет» авжида: толиблар ҳукуматга келгач, Афғонистонда наркотик савдоси гуллаб-яшнамоқда
«Толибон» Афғонистонни эгаллагач, ҳозирча жиддий ислоҳотлар қила олгани йўқ. Хусусан, наркотик ишлаб чиқариш нафақат бас қилинмади, балки гуркираб ривожлана бошлади. Аввалги сафар толиблар наркотик етиштиришни тўхтатиш учун 6 йил сарфлаганди, бу гал эса вазифа янада мураккаб, чунки наркотикнинг янги турлари чиқа бошлади.
ВВС мухбирлари Афғонистондаги наркотик савдоси қандай ҳолатда экани ҳақида репортаж тайёрлади.
Афғонистон жанубидаги қишлоқлардан бирида жойлашган бинода ичи оқ кристалл билан тўла ялтироқ пластик пакетлар тоғдай уюлиб ётибди. Бу «экспортбоп» сифатли метамфетамин. Бу наркотикни оддий қилиб «мет» деб аташади. Хонада турган 100 кг наркотикнинг бозор нархи 2,6 миллион доллар. Тез орада уни бутун дунё бўйлаб тарқатишади. То Австралиягача.
Ҳовлига чиқсангиз, иккита тутаётган бочкани кўришингиз мумкин. Демак янги партия тайёрланмоқда. Бу қишлоқда наркотик тирикчиликнинг асосий манбаларидан бири. «Толибон» давлатни қўлга олгач, наркотик савдоси янада «гуллаб-яшнади». Аввал Афғонистонда асосан героин етиштириларди, ҳозир эса замонавий наркотиклар, хусусан, кристалл метамфетамин ишлаб чиқариш ҳам ривожланиб кетди. Бу психостимулятор бўлиб, истеъмол қилганлар унга осон ўрганиб қолади ва шу жиҳати билан хавфли.
Дунёнинг аксар мамлакатларида метамфетамин тақиқланган препарат сифатида қабул қилинган. АҚШда эса тиббиётда истисно тариқасида «дезоксин» номи билан ишлатилади. ВВС билан суҳбатда бўлган маҳаллий фуқаролардан бири исми сир қолиши шарти билан бу препаратни ишлаб чиқариш Афғонистонда қанчалик ривожланиб кетганини айтиб берди. Унга кўра, Афғонистоннинг жануби-ғарбида жойлашган биргина туманнинг ўзида метамфетамин ишлаб чиқарадиган 500 та лаборатория бор. Улар ҳар куни 3 тоннагача метамфетамин тайёрлайди.
Бу замонавий наркотик ишлаб чиқариш Афғонистонда урф бўлганига бошқа сабаб ҳам бор. Қисқача «мет» деб аталувчи наркотикнинг асоси эфедриндан иборат. Афғонистонда ўсадиган ва маҳаллий пуштунлар «оман» деб атайдиган эфедра ёввойи ўтида эфедрин борлиги аниқлангач, наркотикчи «ҳунармандлар» ёппасига метамфетамин ишлаб чиқаришга киришади.
Чўл ўртасидаги бозорда эфедрин ҳар қачонгидан кўра харидоргир маҳсулотга айланган. Толиблар бошида эфедрин сотувчиларга солиқ жорий қилганди. Кейинроқ уни териб олиш бутунлай тақиқланди. Аммо бу борадаги қарор ҳаммага етиб бормагани учун одамлар ҳамон замонавий «мет» наркотигини ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Толиблар чекловларининг ягона «натижаси» шу бўлдики, метамфетаминнинг улгуржи нархи икки бараварга қимматлаб кетди. Экспортчилар «толиблар бизни ишлагани қўймаяпти» деган иддао билан нархни кўтариб олган. Уларнинг захиралари эса ҳали анчагача етади.
Афғон наркотик савдосини ўрганувчи етакчи мутахассислардан бири Дэвид Мэнсфилд коинотдан олинган суратлар ёрдамида Афғонистонда метамфетамин ишлаб чиқариш бўйича тахминларини айтди. Унинг фикрича, толиблар чеклов эълон қилган вақтда далалардаги эфедра аллақачон йиғиштириб олинган эди. Бу чекловнинг самараси, агар самара берса, келаси йил июлда билиниши мумкин. Чунки бу вақтда хомашё захираси тугаган бўлади.
Экспертнинг айтишича, ҳозир метамфетамин Афғонистонда кўкноридан олинувчи анъанавий героиндан ҳам кўпроқ ишлаб чиқарилмоқда. Аммо бу героин савдоси пасайди дегани эмас. Дунё бўйлаб ишлаб чиқариладиган героиннинг 80 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади.
Охирги вақтларда афғон деҳқонлари қўли қўлига тегмай ишлаб, кўкнор даласини экинга тайёрламоқда. «Бу зарар эканини биламиз, аммо бошқа нарса фойда келтирмайди», дейди томорқасини кўкнор экишга тайёрлаётган қандаҳорлик Муҳаммад Ғани. Унинг айтишича, қурғоқчилик бўлган йилларда экин экиш янада қийин бўлади, чунки қудуқ қазишга тўғри келади. Бунча харажат билан ерга масалан помидор экса, харажатнинг ярмини ҳам қоплаб бўлмайди.
Толиблар кўкнор экишни тақиқлаши ҳақида миш-миш чиққач, унинг нархи кўтарилиб кетган. Бу эса деҳқонларни кўпроқ кўкнор экишга ундамоқда. Ҳозирча Афғонистонда наркотик савдоси гуллаб-яшнамоқда. Авваллари кўкнорчилар давлат мулозимларига пора бериб ишлаган бўлса, ҳозир очиқчасига бозорларда савдо қилмоқда.
«Толиблар мамлакатни озод қилгач, биз ҳам анча озод бўлиб қолдик», дейди кўкнор етиштирувчилардан бири кулиб.
Толиблар учун ҳам наркотик савдоси оғриқли масала. ВВС журналистлари Ҳилманд провинциясидаги йирик кўкнор бозорини суратга олгани боришганда толиблар бу «тақиқланган ҳудуд» эканини айтиб, рухсат беришмаган.
Журналистлар Ҳилманд провинциясидаги маданият комиссияси раҳбари Ҳофиз Рашид билан гаплашиб, бозорни суратга олишга рухсат беришмагани толиблар ҳам наркотик савдосидан фойда олаётганидан далолатми, деб сўраганда мулозим асабийлашиб кетиб, ушбу суҳбат ўчирилмаса, камерани синдириб ташлашини айтган.
ВВС мухбирларига кўкнор бозорларидан бирини суратга олишга рухсат беришган, аммо улар камера билан бозорга боргач, рухсат йўқ, деган жавоб олишган. «Толибон»нинг Кобулдаги матбуот котиби Билол Карими ҳаракат айни дамда фермерлар учун янги вариантлар излаётганини маълум қилган: «Одамларга нима экишни таклиф қилмай туриб, ҳозирги тирикчилигидан воз кечишга мажбур қила олмаймиз», деган у.
Толиблар 1994-2001 йилларда ҳам Афғонистонни қўлга олган ва ўшанда кўкнор экиш тақиқлаган. ВВС'нинг ёзишича, кейинчалик кўкнор экиш учун олинган норасмий солиқ толиблар учун муҳим даромад манбаи бўлган. «Толибон» ҳукумат тепасига келгач, халқаро иқтисодий ёрдам тўхтаб қолди. Оқибатда деҳқонлар учун даласига кўкнор экиш ягона умидга айланган.
Наркотик савдосини тушунадиган афғонистонликларнинг баъзиси толиблар хоҳласа ўтган галги каби кўкнор экишни тақиқлаш тартибини осонгина тиклаши мумкинлигини айтади. Ўз навбатида, бу осон иш эмас деб ўйлайдиганлар ҳам топилади.
«Эришганлари учун кўкнорга раҳмат дейишсин. Биз шунчаки экаётган нарсамизни тақиқлаб қўйишларига йўл қўймаймиз. Ягона чора халқаро ёрдамни тиклаш, акс ҳолда оилалар очликдан қийнала бошлайди», дейди жаҳл билан деҳқонлардан бири.
Эксперт Дэвид Мэнсфилднинг айтишича, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилиб кетгани деҳқонларни ҳеч бўлмаса олдинги турмуш тарзини сақлаб қолиш учун наркотик етиштиришга мажбур қилади. Афғонистоннинг кўплаб ҳудудларида наркотик аллақачон маҳаллий иқтисодиётнинг муҳим бўлагига айланиб қолган.
Ҳилманд вилоятига қум ва тош тўкилган абгор йўлдан борилади. Бу йўллар ҳатто Афғонистон шароитида ҳам жуда ёмон ҳисобланади. Аммо бу сифатсиз йўллар Ҳилманд бутун дунё героин савдосининг маркази бўлишига халақит бермайди. Вилоятда жуда кўп кўкнор бозорларидан ташқари героинни қайта ишловчи бутун бошли фабрикалар ҳам бор. Уларнинг ҳар бирида 60-70 нафаргача одам ишлайди. Тайёр наркотиклар контрабанда усулида Покистон ва Эронга олиб борилиб, у ерлардан бутун дунёга, хусусан, Европага ҳам тарқатилади.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, 1 кг героин 210 минг Покистон рупиясидан (1 190 доллар) экспорт қилинади. ВВС боғланган собиқ оғуфуруш худди шу героин баъзи суюқликлар билан аралаштирилган ҳолатда ҳам АҚШда 1 кг учун 66 минг доллардан сотилишини айтди. Яъни героиннинг нархи камида 50 баравар қимматлашади. Орада энг кўп даромад қилувчилар героинни тўғридан тўғри истеъмолчига етказиб берадиганлар ҳисобланади. ВВС'нинг ёзишича, «Толибон» наркотик ишлаб чиқарувчилардан ўлпон олади.
Дэвид Мэнсфилд толибларнинг наркотик савдосидан улуши баъзан бўрттириб кўрсатилади, деб ҳисоблайди. Унинг чамалашича, «Толибон» бу ўлпонлардан 2020 йил 35 миллион доллар ишлаган холос. «Аммо бу пул ҳам ҳаракат учун ортиқчалик қилмайди», дейди эксперт.
Мутахассиснинг фикрича, толиблар аввалги ҳукуматга келган вақтида наркотик ишлаб чиқаришга чек қўйиши учун 6 йил керак бўлган (улар ўзи 7 йил ҳукумат тепасида бўлишди). У вақтда фақат героин етиштирилган, ҳозир эса наркотиклар тури кўпайиб кетди. Дэвид Мэнсфилднинг фикрича, наркотик етиштиришни чеклаш толибларнинг доимий қўллаб-қувватлов кучи бўлган қатламга берилган жиддий зарба бўлади.
Толиблар вакили Билол Каримининг айтишича, Афғонистонда наркотик етиштиришни тақиқлаш мамлакатнинг ўзи учун ҳам, дунё учун ҳам муҳим ҳисобланади. Бу учун эса дунё ҳам Афғонистонга ёрдам бериши керак.
ВВС таҳлилида наркотикларнинг ҳаммаси ҳам экспорт қилинмаслигига эътибор қаратган. Афғонистонликлар орасида наркотикка муккасидан кетганлар сони жуда кўп. Айниқса метамфетамин нархи арзон бўлиб кетгани гиёҳвандлар сони ортишига сабаб бўлган.
Кобул чеккасидаги гавжум кўчалардан бирида юзга яқин эркак гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўпланиб турибди. Улар наркотик нархи арзон бўлганини айтади: «Мет»нинг бир грамми 1 500 афғони (15 доллар) турарди. Уни Эрондан олиб келишарди. Ҳозир эса 30-40 афғонига ҳам топса бўлади», дейди одамлардан бири.
Гиёҳвандлар кўчаларда, ҳатто канализацияда тунаб қолади. «Ҳатто ит ҳам бунақа яшамайди», дейди суҳбатга қўшилганлардан бири. Толиблар бундай одамларни мажбурлаб реабилитация марказларига олиб боришмоқда, аммо бангиларнинг аксари яна эски жойларида пайдо бўляпти.
«Толибон» Афғонистонни қўлга олганига анча бўлди. Мамлакатнинг янги раҳбарияти наркотик ишлаб чиқаришга қарши жиддий курашишини айтганди, аммо Афғонистонда наркотик ишлаб чиқариш ва уни сотиш ҳозирча фақат кўпаймоқда.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024