Ўзбекистон | 09:28 / 19.12.2021
29891
4 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходимига бўйсунмаган аёл ва унинг ортидан етиб келиб жанжал чиқарган “орган ходими” – пойтахтда ўтказилган махсус рейд тафсилотлари

Тошкент шаҳрида ўтказилган махсус рейд тадбирлари давомида одам ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисалари ҳам аниқланди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати.

Тунги рейд давомида Malibu русумли машина тўхтатилади. Бироқ ҳайдовчи аёл машина эшигини очмайди ва инспекторнинг саволларига жавоб бермайди. Видеотасвирларда унинг телефонда ким биландир гаплашаётгани кўрсатилади. Кейинчалик ЙПХ ходимининг талабларини бажармаган, ҳужжатларини кўрсатиш тугул ҳатто гапини ҳам эшитмаган аёл ҳодиса жойига кимларнидир чақиргани маълум бўлади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, аёлнинг чақириғига биноан етиб келган икки нафар шахс махсус рейдга жалб қилинган ходимларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларга таҳдид қила бошлайди. Жумладан, улардан бири рейд жараёнини тасвирга тушираётган ходимга ҳам ташланиб, унинг фаолиятига қаршилик кўрсатишга уринади.

“Ёп камерангни. Ёп деяпман. Менга қара, камерангни синдириб ташлайман-да, қўлингга минг доллар пул бераман. Янгисини сотволасан. Тасвирга олма, ходимни тасвирга олма деяпман санга”, дея дағдаға қилади у операторга. Кадрларда уни махсус хизмат ходимлари тўхтатиб қолганини кўриш мумкин.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Қайд этилишича, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништирган ушбу шахс воқеа жойига ёрдамчи кучлар етиб келганидан сўнг аслида ҳеч қандай орган ходими эмаслиги маълум бўлган. ЙПХ инспектори билан мулоқот қилишни истамай мана шу машмашаларга сабабчи бўлган ҳайдовчи аёлга тегишли тартибда чора кўрилиб, унинг бошқарувида бўлган Malibu автомобили жарима майдонига жойлаштирилади.

Йўл ҳаракати қоидаларига кўра махсус ўриндиқ билан жиҳозланмаган транспорт воситасида 12 ёшга тўлмаган болаларни машина салонининг олд қисмида олиб юриш ман этилади. Тунги рейд тадбирида Jentra русумли автомобил ҳайдовчиси ушбу қоидага амал қилмай, олд ўриндиқда ёш болани олиб кетаётгани аниқланади. Бироқ инспекторнинг ушбу қоидани эслатиши ҳайдовчига ёқмайди ва у ходимларга қўпол муносабатда бўлади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

“Хоҳласам 10 марта кўрсатасан, хўп дегин”, дейди у ҳайдовчининг талабига кўра хизмат гувоҳномасини 2-марта кўрсатаётганини айтган ЙПХ инспекторига.

Рейд жараёни тасвирланган видеолавҳада Lexus русумли автомобиль дастлаб йўл-патруль хизмати инспекторларининг тўхташ ишорасига амал қилмай йўлида давом этмоқчи бўлгани, бироқ чорраҳадан ўтиб тўхтагани кўринади. Инспектор ҳайдовчидан ҳужжатларини сўраганида машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган 3-шахс суҳбатга аралашган.

ЙПХ ходими унинг спиртли ичимлик ичганини билиб, ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этгани, у билан мулоқот қилмаслиги, чунки алкогол таъсирида эканини айтганида бу гап инспекторнинг суҳбатдошига ёқмайди. “Ичган инсон жиноятчими? Қонунни мен сиздан кўра сал-пал яхшироқ билсам керагов”, дея писанда қилади у.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

“Вазирлар Маҳкамасининг йўл ҳаракати қоидалари бўйича тегишли қарорига биноан ички ишлар органи ходими билан ҳайдовчи ўртасидаги мулоқот жараёнига учинчи шахснинг аралашуви, халақит бериши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳада.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг декабрь ойида ўтказилган рейд тадбирлари давомида 519та қоидабузарлик аниқланган. Шундан 17таси маст ҳолда автомобиль бошқариш, 236таси машинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариш, 17таси бўйсунмаслик, 249таси автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариш, 122таси тонировка қоидаларини бузиш билан боғлиқ қоидабузарликлар ҳисобланади.

Аввалроқ пойтахтда ўтказилган махсус рейд давомида 16 яшар пиёда, ҳамда аёл ҳайдовчи ЙТҲ қурбони бўлгани, сирена ўрнатилган Equinox, ҳужжатсиз ва маст ҳайдовчилар аниқлангани, икки Mercedes машинаси ҳайдовчилари эса инспекторнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай қочиб кетишга урингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид