Ўзбекистон | 09:34 / 20.12.2021
5188
3 дақиқада ўқилади

“Тошкентда 10 ойда 524 кишини машина уриб кетган. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ҳайдовчилар айби билан содир бўлмаган” – Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ

Маълум бўлишича, пойтахтда 2021 йилнинг 11 ойи мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга нисбатан 101 861 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

“Статистик маълумотларга кўра пойтахтда рўй бераётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 60 фоизи пиёдалар билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан йўлларда ҳаракатланиш вақтидаги пиёдалар билан боғлиқ муаммолар, улар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларнинг сабаблари таҳлилий ўрганилди.

Ўрганиш давомида аксарият пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига тааллуқли бўлган йўл белгилари билан таниш эмаслиги маълум бўлди. Кўпчилик ерости йўли мавжуд жойларда ҳам йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтишга, пиёдалар ўтиш йўлакчаси қолиб, автомобиль қатнов қисмининг дуч келган жойидан кесиб ўтишга одатланган. Шунингдек, пиёдаларнинг катта қисми светофорга амал қилишмайди. Бу ўз навбатида йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқармоқда”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойберганов.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 1 январидан 30 ноябригача Тошкент шаҳрида пиёдалар иштирокида 524 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, 32 киши олган тан жароҳатлари натижасида ҳаётдан кўз юмган. 487 нафар пиёда турли оғирликдаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

“Пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳаммаси ҳам ҳайдовчилар айби билан содир бўлмайди. Баъзида пиёданинг ўзи белгиланган қоидаларни бузиб йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқаради. Натижада 2021 йилда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 524 кишини машина уриб кетган.

Пиёдаларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини, жумладан, йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш мумкин эмаслигини яхши билади. Лекин била туриб қоидаларни бузаверишади. Бунинг сабабини изоҳлаш қийин. Тўғри, билмайдиганлар ҳам кўп. Бироқ уларни изга солса бўлади, аммо қоидаларни менсимай очиқчасига бузишни одат тусига киритганлар ҳақида бир нарса дейиш қийин. 2021 йилнинг 11 ойи мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга нисбатан 101 861 та маъмурий баённома расмийлаштирилгани ҳам буни тасдиқлайди”, дейди Қаҳрамон Худойберганов.

Аввалроқ икки йилда икки жияни ЙТҲга учраган журналистнинг пости ортидан интернетда болалар иштирокидаги авариялар кун мавзусига айланганди.

Мавзуга оид