Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хоразм вилояти ҳокими: «Бюджетнинг 65 фоизи аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади»
Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 2021 йил ижтимоий-иқтисодий якунлари ва 2022 йилда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалар бўйича амалга ошириладиган устувор вазифалар тўғрисида ҳисобот бериб, вилоят аҳолисига мурожаат қилди.
Дастлаб вилоят раҳбари муҳим иқтисодий кўрсаткичларга тўхталди.
«2021 йил якуни билан вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 30 триллион сўм бўлиши (режа 121,9 фоизга бажарилиши), аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 15,7 миллион сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.
Вилоят бюджети даромади 1,44 триллион сўм бўлиши режалаштирилган эди. Унинг 1,73 триллион сўмга (120 фоизга) бажарилиши, маҳаллий бюджетга 350 миллиард сўм қўшимча маблағ тушиши кутиляпти».
Фарҳод Эрманов бюджет маблағларининг сарфланишида асосий урғу ижтимоий соҳага қаратилганини маълум қилди.
«Жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга 18 миллиард сўм, ижтимоий соҳа муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларига 34 миллиард сўм, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун 7 миллиард сўм, ички йўлларни таъмирлашга 60 миллиард сўм маблағ ажратилди.
2021 йилги бюджет харажатларининг 65 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун нафақалар ва моддий ёрдам тўловларига ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп маблағ ажратилди».
2022 йилда маҳаллий бюджет даромадлари оширилади ва аҳоли яшаш шароитларини тубдан яхшилашга йўналтирилади.
«2022 йил якуни билан аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот миқдори 16,6 миллион сўмга, маҳаллий бюджет даромадлари 2,2 триллион сўмга етказилади. Даромадлар режасини 505 миллиард сўм ортиқча бажариш чоралари кўрилади. Ушбу маблағлар маҳаллаларда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилашга йўналтирилади»
Вилоят раҳбари Хоразмни келгуси 5 йилликда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилгани, 6 та йўналишда шаҳар ва туманларни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» тайёрланганини маълум қилди.
«2022 йилда ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган «йўл харитаси»га асосан режалар қуйидагича:
Биринчи йўналиш - ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида 91,9 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Жумладан, тадбиркорликни кенг жорий этиш орқали 18 мингта, ҳунармандчилик йўналишида 3 мингта, хизматлар соҳасида 45 мингта янги иш ўрни яратилади.
Иккинчи йўналиш – келгуси беш йилда вилоятда 5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали, 70 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилади. 2022 йилда эса қиймати 5,9 триллион сўм бўлган 631 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 632 миллиард сўмлик
19 та йирик лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 4 940 та янги иш ўринлари яратилади.
Учинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш орқали 50 минг аҳоли учун доимий иш ўрни яратилади. Бу борада, аввало, сув таъминоти ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича лойиҳаларни давом эттирилади. 49,5 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинади. 400 гектар ерда замонавий иссиқхоналар ва 1 та йирик агрологистика маркази ишга туширилади.
Тўртинчи йўналиш – аҳоли ва тадбиркорлик учун қулай инфратузилма яратиш. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун 340,7 миллиард сўм маблағ ажратилади. Аҳолини электр, табиий газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилашга эътибор қаратилади. Марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 83,5 фоиздан 86,2 фоизга етказилади.
Бешинчи йўналиш – экология ва аҳоли саломатлиги. Бирламчи тиббиёт бўғинида аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш чоралари кўрилади. Маҳалларга бириктирилган «тиббиёт бригадалари» ва оилавий поликлиникаларни сурункали касалликларни барвақт аниқлаш бўйича зарур воситалар билан таъминлаш учун 2,4 миллиард сўм ажратилади.
Олтинчи йўналиш – таълим сифатини ошириш бўйича аниқ чоралар кўрилади. 2022 йилда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олиш даражаси 74 фоизга етказилади. Ушбу мақсадларга 89 миллиард сўм сарфланади. 1 январдан бошлаб умумтаълим мактабларида 1-4 синф ўқувчилари учун бепул тушлик йўлга қўйилади. Ушбу мақсадларга 100 миллиард сўм ажратилади. 2 та янги мактаб қурилади, 10 та мактаб реконструкция қилинади, 7 та мактаб мукаммал таъмирланади. Ушбу тадбирларга 93,3 миллиард сўм маблағ сарфланади».
Мавзуга оид
12:33 / 02.05.2025
«Бунда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳ ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради» — президент чипталар нархи ҳақида
15:41 / 01.05.2025
Президент Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди
20:24 / 02.04.2025
Хоразмда пулини кўпайтириб беришни айтиб, мингдан ортиқ одамни чув туширган шахс ушланди
16:38 / 18.03.2025