Ўзбекистон | 14:43 / 22.12.2021
18617
3 дақиқада ўқилади

Қоракўл тумани ҳокими ўзгарди

Шерали Саломов Қоракўл тумани ҳокимлигидан кетди.

Халқ депутатлари Қоракўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Сессия кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан Қоракўл туманида мисли кўрилмаган даражада ўзгариш ва янгиланишлар рўй берганини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Қоракўл туманида амалга оширилаётган ишларнинг кўламини янада кенгайтириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги ишларда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани қайд этилди.

Шундан сўнг Шерали Саломовни Қоракўл тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини депутатларга ўқиб эшиттирди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Сессияда Хуршид Яҳёевич Тоҳиров номзодини Қоракўл тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокими қарори қабул қилингани депутатларга маълум қилинди. Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан музокораларга ўтилиб, туман Кенгаши депутатлари ва туман фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Музокаралардан сўнг Хуршид Тоҳировни Қоракўл тумани ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарори овозга қўйилиб, депутатлар томонидан тўлиқ маъқулланди.

Хуршид Яҳёевич Тоҳиров 1976 йилда Ромитан туманида туғилган. 2001 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини, 2007 йилда Тошкент Молия институтини битирган. Мутахассислиги — транспорт воситаларидан фойдаланиш ва молия.

У меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ромитан тумани молия бўлими ҳисобчиси сифатида бошлаб, 2001-2005 йилларда Ромитан тумани молия бўлими бош ҳисобчиси, 2005-2017 йилларда Ромитан тумани молия бўлими мудири ва молия бўлими мудири ўринбосари, 2017-2019 йилларда Ромитан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган, 2019 йил мартидан буён Ромитан туманига ҳокимлик қилиб келаётганди.

Шерали Саломов муқаддам вилоятнинг Олот туманига раҳбарлик қилган, 2020 йил февралида Қоракўл ҳокими этиб тайинланганди.

Бундан аввалроқ, Бухоро тумани ҳокими ўринбосари Умиджон Барноев Ромитан тумани ҳокимлигига ўтказилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид