Ўзбекистон | 19:32 / 23.12.2021
13038
2 дақиқада ўқилади

Экоқўмдан тизимдаги инспекторларнинг браконерларга қарши етарли курашолмаётгани бўйича изоҳ сўралди

Экоқўмдан тизимдаги инспекторларнинг браконерларга қарши етарли курашолмаётгани, жумладан, Тахтакўпир туманида «Қизил китоб»га киритилган 14 дона жайрон отилиши бўйича изоҳ сўралди.

Қўмита матбуот хизмати раҳбари Озод Ражабов савол юзасидан изоҳ бераркан, ҳудудий инспекторлар жойларда доимий иш олиб бориши, аммо уларнинг сони ва моддий имконияти етарли эмаслигини билдирди.

«Тахтакўпирдаги чўл ҳудуди жуда катта майдонни эгаллайди. Инспекторларимиз доимий равишда ўша ҳудудда хизмат вазифаларини олиб боради. Уларнинг ҳар куни қайси маршрут бўйлаб юриши белгиланган. 

Ҳудуд жуда катта. Инспекторларимиз белгиланган маршрут бўйлаб айланиб юрар экан, ўқ овозини эшитиши мумкин ёки аҳоли уларга чўл ҳудудида бегона одамлар юргани ҳақида хабар беради. 

Жайронлар отилган ҳудудда ҳам шундай бўлган. Инспекторларимиз 14 дона жайронни отиб, уларнинг гўштини бўлаклаётган браконерларни кўриб қолади ва уларнинг изидан тушади. Инспекторлар браконерларнинг ортидан 5 чақиримгача қувиб боради, аммо улар қочиб кетган. 

Озод Ражабов

Браконерлар у ерда нафақат жайрон гўшти, ўз ов қуроллари, кийим-кечак ва озуқаларини ҳам ташлаб кетган. 

Қайтараман, ҳудуд жуда катта. Инспекторларнинг сони ва имкониятлари эса чекланган. Браконерлар ҳам аҳмоқ эмас, улар инспекторларнинг ҳаракатини кузатган. Бу ерда ҳудуд назоратсиз қолган, дейиш нотўғри. Чунки инспекторлар назорат олиб бораётгани учун ҳам уларнинг изидан қувди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилди ва браконерлар орадан 24 соат ўтмасдан туриб ушланди.

14 дона жайронни отганлар эса ҳозир терговда сўроқ бермоқда. Терговни Оролбўйи прокуратураси олиб бормоқда», — дея матбуот котиби сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид