Ўзбекистон | 01:24 / 23.12.2021
3860
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилади

“Ишга марҳамат” мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, компьютер саводхонлиги ва компьютерда дастурлаш асослари бўйича доимий равишда ўқув курслари ташкил этилади.

Фото: Dreamstime

Президентнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 февралдан бошлаб:

а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курслар ташкил этилади.

Бунда, қисқа муддатли курсларнинг ўқув дастурлари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни инобатга олган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ҳамда Ўзбекистон карлар жамияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

б) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ишга марҳамат” мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, компьютер саводхонлиги ва компьютерда дастурлаш асослари бўйича доимий равишда ўқув курсларини ташкил этади.

Бунда, ўқув курс (гуруҳ)ларини ташкил этишда ногиронлиги бўлган шахслар учун бино-иншоотларни мослаштириш, тегишли шарт-шароитларни яратиш, жиҳозлаш, ўқув қуроллари ва ўқув-методик материаллар билан таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда хорижий грант ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид