Ўзбекистон | 12:26 / 23.12.2021
5003
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда «Тоза ҳудуд» ДУК инспекторлари порнографик материалларни юклаб олиб, ўзларига бириктирилган терминалларга зарар етказгани аниқланди

Фото: KUN.UZ

Сурхондарё вилоятида «Тоза ҳудуд» ДУК филиалларида ишловчи инспекторлар порнографик мазмундаги материалларни юклаб олиб, ўзларига бириктирилган терминалларга зарар етказган. Шунингдек, уяли алоқа компаниясидан қарздорликлар юзага келган. Бу ҳақда вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК филиали хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ўтказилган текширувларда, Узун тумани филиали назоратчиси Ў.М., Музработ тумани филиали назоратчиси У.Ж., Бандихон тумани филиали назоратчиси Ш.К., Сариосиё тумани филиали назоратчиси Э.Р.лар ўзларига бириктирилган терминалга видео, қўшиқ, кино ва бошқа турли медиафайлларни юклаб олгани ва ундан бошқа мақсадларда фойдалангани аниқланган.

Қайд этилишича, улар ўзлари учун ажратилган интернет тармоғи орқали рухсат этилмаган, шу жумладан, беҳаё, порнографик материалларни томоша қилиб, ўзларига бириктирилган терминаллардан мақсадсиз фойдаланиши оқибатида терминалнинг ички дастурларига жиддий шикаст етган, носозликлар вужудга келган. Бундан ташқари, терминалларга ажратилган корпоратив маблағдан ташқари ошиқча қарздорликлар юзага келган.

«Ўз манфаати йўлида ватандошларининг ҳақига хиёнат қилган филиал назоратчиларидан корхонага етказилган зарар ундирилиб, келгусида бу каби ҳолатлар такрорланса, улар билан тузилган шартнома бекор қилиниши ҳақида қатъий огоҳлантириш берилди.

Мана шу қоидабузарлик ҳолатидан келиб чиқиб, келгусида шу ва шунга ўхшаш ҳолатларга йўл қўйиб, терминалдан мақсадсиз (ўзга мақсадларда) фойдаланган назоратчилардан ҳолат содир этилган ой учун ҳисобланган иш ҳақи корхона фойдасига ушлаб қолиниши кўзда тутилди. Интернет тармоғи хизматидан ортиқча фойдаланган ҳолда корхонага етказган зарари ушбу назоратчи ҳисобидан икки ҳисса қилиб корхона фойдасига ундирилишини акс эттирувчи қўшимча келишувлар барча назоратчилар билан имзоланмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид