Ўзбекистон | 13:10 / 24.12.2021
11301
3 дақиқада ўқилади

Миллий боғ ҳудудида Маънавият шаҳарчаси қурилади

Тошкентда Маънавият ва Олимпия шаҳарчалари ҳамда Янги Ўзбекистон массиви қурилади.

Давлат санъат музейи лойиҳаси / Фото: Маданият ва санъат фонди

Тошкент шаҳрида 2022 йилда бир қатор йирик объектлар – Маънавият шаҳарчаси, Олимпия шаҳарчаси ва Янги Ўзбекистон массивини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида депутатларга мурожаат қилган шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълум қилди.

Ҳокимнинг айтишича, 2022 йилда Тошкент шаҳрида қуйидаги йирик объектлар топширилиши режа қилинган:

  • Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбек миллий академик драма театри ва Ўзбекистон давлат санъат музейини ўз ичига олган мажмуа – Маънавият шаҳарчаси;
  • Ислом цивилизация маркази қурилиш ишлари давом эттирилади;
  • cпорт мусобақалари бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатларини ўтказиш мақсадида Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб Олимпия шаҳарчасини бунёд этиш бошланади;
  • Геология фанлари университетидаги қурилиш лойиҳасининг иккинчи босқичида лаборатория, Давлат геология қўмитаси маъмурий биноси, геология фонди ва спорт мажмуаси қурилади;
  • Тошкент шаҳрида 12та «яшил зона» ва хиёбонлар ҳамда 25та аллеялар ташкил этилади;
  • Замонавий, энерготежамкор қурилган, сифатли уй-жойларга бўлган талабни қондириш мақсадида Янги Ўзбекистон массиви барпо этилади. Уларда 1 минг 536 хонадонли 24та кўп қаватли уй, 3та ижтимоий соҳа объекти қурилади.

Бундан ташқари, транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида Қўйлиқ бозори бекатидан бошлаб 2-босқич ерусти метро йўналиши қурилиши ва Кичик ҳалқа йўлидан Қипчоқ кўчасигача бўлган 2-босқич йўл қурилиши каби бир қатор объектларда қурилиш ишлари давом эттирилади.

Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент аэропортини Бобур кўчаси билан боғлаб турувчи йўл ўтказгич қайтадан қурилади. Фарғона йўли кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўли кўчасига тушиш учун қўшимча йўл ўтказгич қурилади.

Чўпон ота кўчасидан Қипчоқ кўчасига янги йўл ва қўшимча 3та йўл ўтказгич қурилиши ишлари 2-босқичи якунланиши ва 279 км марказий ва ички йўллар таъмирланиши режа қилинган.

Шу билан бирга, «Обод маҳалла» дастури доирасида 24та маҳаллада 582,6 млрд сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 96,8 минг аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиши кутилмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид