Ўзбекистон | 11:43 / 24.12.2021
2071
2 дақиқада ўқилади

Зарафшондаги 59 нафар тадбиркор иши: прокуратура апелляция судида ҳам ютқазди

Навоий вилояти маъмурий суди судлов ҳайъати 2021 йил 9 декабрь куни Навоий шаҳар прокурори келтирган апелляция шикоятини кўриб чиқди ҳамда Навоий туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 13 сентябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Прокуратура судга Зарафшон шаҳар ҳокимининг 59 та фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан ариза киритганди.

Фото: Kun.uz

Зарафшон шаҳар ҳокими 2021 йилнинг апрель-май ойларида 59 нафар фуқарога фармойиш асосида шаҳар ҳудудидан хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўрнатиш учун вақтинча ер участкалари тақдим этган. Фуқаролар ушбу ер участкаларида белгиланган хизмат кўрсатиш турлари бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ҳаракатни бошлаб юборишган. Аммо Зарафшон шаҳар прокуратураси ҳокимнинг мазкур фармойишларини қонунчиликка тўғри келмайди, дея ҳисоблаганди.

Фото: Kun.uz

Прокуратура Ер кодексининг 23-моддасига асосан ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилишини таъкидлаб, ҳокимлик фармойиш асосида ер майдонидан фойдаланишга имкон яратган, деган важни илгари сурганди. Суд қарорига кўра, шаҳар ҳокимининг фармойиши билан фуқароларга ер ажратилмаган, аксинча 5 йил муддатга енгил конструкцияли савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўрнатишга рухсат берилган.

Фото: Kun.uz

Шунингдек, судлов ҳайъати аризачининг ҳокимлик мазкур масалада қарор қабул қилмасдан фармойиш чиқарганлиги қонун талабларига зид ҳисобланиши, Ер кодексининг 20-моддаси нотўғри талқин қилиниб, моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ҳақидаги важларини ҳам рад қилди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид