Ўзбекистон | 21:43 / 29.12.2021
30419
6 дақиқада ўқилади

ЖСТга аъзолик ва виза масалалари — АҚШ элчиси билан суҳбат

Элчи Ўзбекистон дастлаб Евросиё иқтисодий иттифоқига эмас, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши тўғри бўлишини айтди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Kun.uz ва Uzbek.life учун интервью берди. Суҳбат Америка–Ўзбекистон ҳамкорлиги, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши виза ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Америка–Ўзбекистон ҳамкорлиги

Икки давлат ўртасидаги муносабатларда Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгандан кейин кўп нарса ўзгарди. Хусусан, иқтисодий, ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларда ижобий ўзгаришларни кўрдим. Лекин ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бор. Президентнинг ўзи ҳам ислоҳотлар борасида ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини таъкидлади.

Фурсатдан фойдаланиб шуни айтиб ўтмоқчиманки, бу йил Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳозир энг юқори даражага етган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Буни биз Ўзбекистоннинг қўшнилари билан ривожланиб бораётган дўстона алоқаларида ҳам кўряпмиз.

Яна бошқа мисоллар келтираман, ўтган ҳафтада биз Ўзбекистонга CОVАХ дастури орқали 300 000 доза Pfizer вакцинасини олиб келишга муваффақ бўлдик. Бу фақатгина Covid-19 билан боғлиқ даврга мисол, биз авваллари ҳам сил касаллиги, турли инфекцион касалликлар борасида ҳамкорлик олиб борганмиз. Буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамкорлигимизга яхши мисол бўла олади.

Қарши шаҳрида эса «Window on America» маркази очилган. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб 140 га яқин давлатда 600 дан ортиқ шундай марказлар бор. Авваллари бундай марказ фақат Тошкентда бўларди. Энди эса ана шундай “дарча”лардан бирини Қаршида ҳам очишга муваффақ бўлдик. Март ойида ўзим ҳам унинг очилиш маросимида иштирок эта олганимдан мамнунман, бу мен учун жуда ҳам ҳаяжонли дақиқалар эди. 

Кейинги йилларда бу каби марказлардан яна 6тасини очишни режалаштиряпмиз.

Икки давлат ўртасида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар

Аввало, биз хавфсизликка доир ҳамкорликни кучайтиришимиз керак. Афғонистондаги ҳолат туфайли ҳудуддаги вазият ўзгарди. Америка ҳам, Ўзбекистон ҳам Афғонистон яна террорчи гуруҳлар кучаядиган жойга айланиб қолмаслигига ҳаракат қилиши лозим.

Иккинчи масала, бу жаҳон савдо бозори бўйича ечим талаб қилган жабҳалар бор. Сўнгги йилларда биз Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси бўлиш ҳаракатига кўмаклашяпмиз. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон билан маданий ҳамкорлик йўналишида ҳам кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз мумкин. Масалан, музейлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, тарихий ашёларни биргаликда ўрганиш ва бошқалар. Умумий қилиб айтганда, биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган жуда кўп лойиҳалар мавжуд.

Америкага виза олиш жараёнидаги муаммолар

Пандемиянинг дастлабки 18 ойида виза масалалари билан шуғулланадиган консуллик бўлимимиз одатий тартибда ишлай олмади. Шу сабабли, фақат энг муҳим аризаларнигина кўриб чиқиш билан чекландик. Маълум бир режимда ишлай олмаганимиз натижасида кўплаб фуқаролар виза ололмади ва навбатлар ҳосил бўлди. Ҳозир эса аввалги иш тартибимизга деярли қайтдик. Лекин Covid-19 сабабли ҳали ҳам айрим чекловлар мавжуд. 

Мен ҳар ҳафта элчихонамиз ходимларидан бу борада маълумот олиб тураман ва биз виза аризаларига имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин шунга қарамай айни дамдаги вазият сабаб, чекловларни ҳам унутмаслигимиз керак. Биз навбатда турганлардан бироз сабр қилишни сўраган бўлардик.

Жаҳон савдо ташкилоти

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши – асосий устувор йўналишлардан бири бўлиши керак. Чунки у дунёнинг бошқа мамлакатлари билан эркин савдо қилиш имконини беради, умумий стандартларни белгилайди. Биз ҳозирги кунда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши учун техник ёрдам кўрсатяпмиз.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақида гап кетганда, унга қўшилиш ёки қўшилмасликни Ўзбекистоннинг ўзи ҳал қилади. Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, биз Ўзбекистонга олдин Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишни тавсия қилиб келамиз. Чунки биз ҳамкорликда ишлаган кўплаб бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб айта оламанки, агарда мамлакат аллақачон бирор иқтисодий иттифоқ таркибида бўлса, унинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши қийинлашади.

Ўзбекистонда АҚШнинг ҳарбий базаси очилиши эҳтимоли ҳақида 

Америка Қўшма Штатларининг бундай режалари йўқ, бу масала ҳеч қачон ҳукуматлар ўртасида кўтарилмаган ҳам. Чунки Америка учун Ўзбекистонда ҳарбий база ташкил этишга асос ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ ва бу мантиқсиз иш бўлади. Биз Ўзбекистон билан, бироз олдин ҳам айтиб ўтганимдек, асосан хавфсизлик, террористик ҳужумларнинг олдини олиш ва аскарларнинг малакасини ошириш масалаларида ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу каби масалаларда биз нафақат Ўзбекистон билан, балки минтақанинг бошқа давлатлари, хусусан Тожикистон билан ҳам алоқалар ўрнатганмиз.

Дониёр Тухсинов ва Малика Холхўжаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид