Қалбаки цементни “оригинал” деб пуллаётган фирибгарлар пайдо бўлди
Улар дунёга машҳур бренд номи остида сифатсиз маҳсулот сотмоқда. Фарғонада рўй бераётган фирибгарлик ортидан Хитой компанияси ва унинг Ўзбекистондаги дилерлари молиявий зарар кўра бошлаган. Хориж маҳсулоти деб ўзи ишлаб чиқарган сохта цементни сотаётганлар жазоланмаяпти.
Хитойнинг “Хуаксин” компанияси вакиллари ва ўзбекистонлик тадбиркорлар цемент маҳсулоти билан боғлиқ муаммо юзасидан Kun.uz'га мурожаат қилишди.
Айтилишича, “Хуаксин” цементлари юқори сифатли ва дунё бўйича харидоргир. Компания Ўзбекистонга ҳам цемент экспорт қилиб келади. Айни пайтда компания маҳсулоти республика бозорида ўз ўрни ва мавқейига эга. Муаммо шундаки, охирги пайтларда бозорда “Хуаксин” савдо белгиси остидаги қалбаки цементлар учрамоқда. Ўзбекистондаги устаси фаранг фирибгарлар бренд қопини оригинал маҳсулотникига ўхшатиб тайёрлаб, ичига сифатсиз цемент жойлаб пуллашмоқда.
Компания вакиллари ушбу муаммога ечим топиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишган. Аммо 1 йилдирки, фирибгарларга ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Улар сохта цементларни “оригинал” деб пуллашда давом этмоқда.
Тадбиркор Аббосхон Қурбоновнинг айтишича, бундан аввало халқ жабр кўряпти.
“2018 йилдан бери “Хуаксин” цементларини Ўзбекистонга импорт қилиб келамиз. Шу пайтгача маҳсулотимиз яхши сотилаётган эди. Аммо ҳозир бизнинг цементни қалбакилаштириб сотаётган фирибгарлар бозоримизга салбий таъсир ўтказмоқда. Уларнинг маҳсулоти таркибида қум ва сифатсиз цемент аралашмаси бор. Бунинг орқасидан халқ ишончини йўқотяпмиз ва савдомиз ҳам кескин пасаймоқда.
“Хуаксин” савдо белгиси остида қалбаки цемент ишлаб чиқарувчи ва сотувчи савдо дўконларига мурожаат қилган пайтимизда улар: “Бўлди, бу ишимизни бошқа қилмаймиз, тўхтатамиз”, дейишди. Лекин шу вақтгача тўхтатишмади. Улар билан кураш олиб боришга тадбиркорнинг ваколати етмас экан. Қалбаки цементни олиб ишлатганидан кейин биринчи ўринда халқ “куйяпти”, иккинчидан, тадбиркор. Бизнинг анча меҳнатимиз зое бўляпти”, деди у.
Компаниянинг Ўзбекистондаги вакили Фио Гао Тианёнг мазкур муаммо бўйича ўз фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу каби виждонсизларча қилинаётган хатти-ҳаракатлар республикага сармоя киритаётган хорижий компанияларнинг мамлакатдаги тадбиркорлар манфаатлари ҳимоясига бўлган ишончини пасайтириши мумкин.
“Компаниямиз Ўзбекистонга юқори сифатли “М 500 портланд” цементини экспорт қилиб келмоқда. Маҳсулотимиз халқингиз, хусусан қурувчилар томонидан яхши қабул қилинади.
Ҳозирда мамлакатингизда қурилиш материалларига бўлган талаб кескин ортмоқда. Шундай вазиятда биз сидқидилдан ҳамкорлик қилишга, сифатли маҳсулотларимизни бозорга етказиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Аммо олдимизда пайдо бўлган бу муаммо бизни ўйлантириб қўйди.
Яқинда Фарғонада катта миқдорда қалбаки цемент топилди. Бу бўйича харидорларимиз бизга шикоят қилишди. “Нима учун сифат аввалгидек эмас, пасайиб кетди”, дейишмоқда улар. Бу йил вазият жуда жиддий. Ушбу муаммо бўйича Ўзбекистон қурилиш материаллари инспекциясига, суд, прокуратура, ички ишлар, солиқ органлари ва бошқа кўплаб масъул давлат ташкилотларига мурожаат қилдик. Аммо ҳеч қандай натижа олмадик. Улар бизга ёрдам беришмаяпти. Яна бир бор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга буни эътиборга олишларини, бозордаги мавқейимизга таъсир қилаётган яширин, қалбаки цемент ишлаб чиқарувчилар ишларига якун ясашингизни сўрайман. Биз каби Ўзбекистонга хорижий сармоя киритган компаниялар манфаатини ҳимоя қилишингизни истаймиз.
Қалбаки цемент қопларини очиб маҳсулотни текширганимизда, у цементлар сифати 400, ҳатто 300 маркадан ҳам паст бўлиб чиқди. Агар бундай цементлар катта қурилиш майдонларига кириб борса, бунинг оқибатлари оғир бўлади. Қурилиш объектлари хавфсизлигига бевосита таъсир қилади. Бундай фирибгарлар нафақат тадбиркорлар, балки Ўзбекистон халқи манфаатларига ҳам зарар етказади”, – деди инвестор.
Чиндан ҳам хорижий компания мавқейига салбий таъсир ўтказаётган мазкур ҳолат бўйича зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши зарур. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз ваколатлари доирасида ўрганиш ўтказишлари, жиноятчиларни жазолашлари мақсадга мувофиқ.
Бугун ривожланишга интилаётган Ўзбекистон учун чет эллик ҳамкорлар ва уларнинг сармоялари айниқса зарур. Бировнинг брендини ўзлаштириш орқали чўнтагини қаппайтираётган кимсалар эса давлати ёки халқи обрўсини, манфаатларини эмас, чўнтагини ўйлаб иш қилмоқда. Оқибатда тадбиркор ва истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол бўлмоқда.
Исломбек Умаралиев, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов Ⓣ
Мавзуга оид
20:14 / 11.07.2024
Цемент ишлаб чиқарувчилар арзон цемент сотаётган Андижондаги завод устидан шикоят қилди
15:41 / 18.03.2024
Тошкент вилоятида сифати кафолатланмаган 12 млрд сўмлик цемент аниқланди
07:04 / 19.01.2024
Цемент заводларидан чиқаётган чангни камайтириш учун қурилмалар ўрнатилди
13:05 / 18.01.2024