Жамият | 20:25 / 29.12.2021
37368
3 дақиқада ўқилади

Тўхташ ишорасига бўйсунмаган Gentra, тўполон кўтарган аёллар, 3 суткалик қамоқ – навбатдаги тунги рейд тафсилотлари

Тошкент шаҳрида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси асосида ўтказилган тунги рейд давомида  Gentra ҳайдовчиcи инспекторнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай, қочиб кетишга уринган. Ушбу воқеа акс этган видеода автомобил мажбурий тартибда тўхтатилгандан кейин ҳам рулдаги аёл ЙПХ ходимларининг қонуний талабини бажаришдан бош тортгани, натижада воқеа жойига ёрдамчи кучлар чақиртирилгани тасвирланган.

UzReport телеканалининг “No Comment” дастурида эълон қилинган видеотасвирларда Gentra мажбурий тўхтатилгандан сўнг ҳайдовчи машинаси жарима майдонига жойлаштирилишига фаол қаршилик қилгани, аёлга ҳамроҳлик қилиб келаётган опаси ва қариндошлик алоқалари очиқланмаган эркак жараёнга аралашгани, икки аёл кўчани бошига кўтариб, бақир-чақир қилганини кўриш мумкин. Шунингдек, дастур давомида ҳайдовчининг ёнида ўтирган эркак машинадан тушиб, жараённи тасвирга олаётган операторнинг фаолиятига қаршилик қилмоқчи бўлганида, ички ишлар ходимлари уни тўхтатиб қолгани ҳам кўринади.

Бундан ташқари, рейд давомида ҳайдовчи ва унинг ҳамроҳлари чақирувларига биноан фуқаро кийимидаги номаълум эркаклар келиб, ЙПХ ходимлари билан музокара қилишга, қандайдир ҳужжатларини пеш қилиб, ҳайдовчига чора кўрмаслик, мажбуран тўхтатилган автомобилни жарима майдонига жойлаштирмасликни сўраган. Видеода ички ишлар ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилган ушбу шахслар махсус хизмат ходимлари томонидан олиб кетилганини кўриш мумкин.

Ҳайдовчи аёл ва унинг опаси ЙПХ ходимларининг ҳеч бир талабига итоат қилмагач, узоқ музокаралардан сўнг улар шу ҳудудга масъул профилактика инспекторининг хизмат хонасига борган, бироқ у ерда ҳам иш “пишмагач”, туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Видеода бутун идорани бошларига кўтарган аёлларнинг спиртли ичимлик таъсирида ёки ҳушёр ҳолда бўлганига аниқлик киритилмаган.

Дастур якунида Gentra ҳайдовчиcи ва унинг шериклари тўполон кўтариб, сувдан қуруқ чиқиб кета олмагани, можароли вазиятга аралашган барча фуқароларга содир этган маъмурий ҳуқуқбузарликлари учун суд томонидан 3 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани намойиш этилади. Шу билан бирга, воқеанинг бош қаҳрамонлари қилмишлари учун узр сўрашади.

Аввалроқ, пойтахтда ўтказилган махсус рейд давомида 16 яшар пиёда, ҳам аёл ҳайдовчи ЙТҲ қурбони бўлгани, сирена ўрнатилган Equinox, ҳужжатсиз ва маст ҳайдовчилар аниқлангани, икки Mercedes машинаси ҳайдовчилари эса инспекторнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай, қочиб кетишга урингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид