Ўзбекистон | 09:54 / 30.12.2021
17471
6 дақиқада ўқилади

Наманганда ИИБ ва ЙҲХБ бошлиқларининг хизмат автомобилларида тўланмаётган жарималар борлиги маълум бўлди

Одатда ЙҲХБ ходимлари йўллардаги қоидабузарликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, тўланмаган жарималарни назоратга олиб, ундириш чораларини кўриш билан шуғулланади. Қуйидаги мақолада эса ЙҲХБга тегишли хизмат автомобилларида ҳаракатланиш жараёнида содир этилган қоидабузарликлар ва улар учун тайинланган жарималар тўланмай келаётгани хусусида сўз юритилади.

Айтиш жоизки, бу қоидабузарликларнинг барчаси тезликни ошириш натижасида содир этилган ва жарималарнинг бирортаси ҳозиргача тўланмаган.

МЖтК 291-моддасига кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солинган кундан эътиборан 60 кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси жарима тўлангунига қадар жарима майдонида ушлаб турилиши лозим. Бироқ жарималар тўланмаганига бир неча йил бўлса-да, ЙҲХБ автомобиллари жарима майдонига киритилмаган.

Балиқ бошидан...

Чуст тумани ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ЙҲХБ бошлиғи хизмат автомобилида тезликни ошириб ҳайдаш ва жарималарни тўламай юриш бўйича «мастер-класс» ўтиб келмоқда.

Хусусан, Чуст тумани ИИБ бошлиғи Адҳамжон Алимовнинг хизмат автомобили экани айтилаётган, давлат рақами 50 511 VSF бўлган оқ рангли Nexia-3 11та қоидабузарлик учун жами 4 млн 348 минг сўмлик жарималарга тортилган. Тезлик 70 км/соат чекланган жойда 99 км/соат тезлик билан ҳаракатланилган ҳолат ҳам мавжуд.

Шунингдек, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Эргаш Ҳайдаровнинг хизмат автомобили экани айтилаётган, давлат рақами 50 700 VSF (ҳозирда 50 070 VSF) бўлган оқ рангли Lacetti’даги 5та қоидабузарлик учун 4 млн 73 минг сўм жарима тайинланган. Тезлик 70 км/соат чекланган жойда 103 км/соат тезлик билан ҳаракатланилган ҳолат ҳам мавжуд.

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Эргаш Ҳайдаров

Бошқарма бошлиғи тезликни оширишга қарши чақириқ кўтариб, ҳайдовчиларни даъват қилса-да, афтидан, бунга ўзи риоя қилмайди.

Бундан ташқари, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Мирқодир Муҳамедовнинг хизмат автомобили экани айтилаётган, давлат рақами 50 702 VSF бўлган оқ рангли Tracker’даги 2та қоидабузарлик учун 3 млн 232 минглик жарималар тайинланган. Тезлик 70 км/соат чекланган жойда 121 км/соат (!) тезлик билан ҳаракатланилган ҳолат ҳам мавжуд.

«Раҳбарга эргашмаган ходим – ходим эмас!»

Бошқармадаги ходимлар ҳам раҳбарларидан ўрнак олишни ўрнига қўймоқда.

Жумладан, вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳининг собиқ бошлиғи Воҳибжон Акрамов хизматида бўлгани айтилаётган, давлат рақами 50 701 VSF бўлган оқ рангли Captiva’да содир этилган 3та қоидабузарлик учун жами 1 млн 608 минг сўмлик жарималар тайинланган.

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ 3-туманлараро ЙПХО командири Зоҳид Турсунов хизматида экани айтилаётган, давлат рақами 50 200 VSF бўлган оқ рангли Lacetti’га 2та қоидабузарлик учун 1 млн 338 минг сўм жарима расмийлаштирилган.

Зоҳид Турсуновнинг ўринбосари – Адҳам Абдусаматовнинг хизмат автомобили экани айтилаётган, давлат рақами 50 710 VSF бўлган оқ рангли Lacetti қоидабузарликлар сони бўйича етакчи бўлиб турибди. Ушбу автомобилда 15та қоидабузарлик содир этилган бўлиб, улар учун жами 11 млн 305 минг сўмлик жарималар тайинланган. Тезлик 70 км/соат чекланган жойда 114 км/соат тезлик билан ҳаракатланилган ҳолат ҳам мавжуд.

Шунингдек, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ хизмат автомобилларидан давлат рақами 50 707 VSF бўлган оқ рангли Malibu-2 битта қоидабузарлик (тезлик 70 км/соат чекланган жойда 100 км/соат тезлик билан ҳаракатланиш) учун 1 млн 350 минг сўм жарима тайинланган.

Давлат рақами 50 777 VSF бўлган яна бир оқ рангли Malibu-2’даги битта қоидабузарлик (тезлик 70 км/соат чекланган жойда 125 км/соат (!) тезлик билан ҳаракатланиш) учун 2 млн 205 минг сўм жарима тайинланган.

Шу тариқа, барча санаб ўтилган 40та қоидабузарлик учун тайинланган жарималарнинг жами қиймати 29 млн 459 минг сўмни ташкил этмоқда.

Муаммо нимада?

Жарималар тўланмаса-да, айрим автомобилларнинг жарима майдонига киритилмаётгани кенг тарқалган ҳолат экани тобора ойдинлашмоқда. Бунга тизим раҳбарларининг таниш-билишчилик асосида иш кўраётгани сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, Kun.uz манбасининг таъкидлашича, Наманган вилоятида рўйхатдан ўтган “HADYA PLAST SERVIS” МЧЖга қарашли, давлат рақами 50 717 OAA бўлган оқ рангли Lacetti автомобили рухсатсиз тонировка қилингани учун икки марта (2021 йил 31 август куни 6 млн 125 минг, 2021 йил 4 декабр куни 10 млн 800 минг сўм жарима солинган) маъмурий баённома тузилиб, автомобил жарима майдонига киритиб қўйилган.

Жарима майдонидаги Lacetti

Манбанинг қўшимча қилишича, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Эргаш Ҳайдаровнинг ноқонуний буйруғи асосида автомобил тонировкаси ечилмаган ва жарима тўланмаган ҳолатда жарима майдонидан чиқариб юборилган. Бунга Эргаш Ҳайдаров ва МЧЖ таъсисчисининг ўзаро таниш экани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Яна «майда балиқлар» жазоланадими?

Аввалроқ, Kun.uz’да Чуст тумани ҳокимлиги раҳбарларининг хизмат автомобилларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган жарималар миқдори 20 миллион сўмга яқинлашса ҳам, улар тўланмай келгани, автомобиллар жарима майдонига киритилмагани ҳақида ёзилганди. Мақоладан сўнг, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан ҳокимлик хизмат автомобиллари жарима майдонига киритилиб, якунда жарималар тўлиқ ундирилганди.

Лекин ҳозирча на ҳокимлик ва на ИИБ ЙҲХБ вакилларига бу суиистеъмолчиликлар учун бирор чора кўрилди. Чора кўриш деганда «майда балиқлар»ни қурбон қилиш эмас, ҳақиқий айбдорлар назарда тутилмоқда.

Балки, расмийлар томонидан «қоидабузар ёки жиноятчиларни тутиш учун тезлик оширилгани» важ қилинар, лекин унда яна савол туғилади: ҳуқуқбузар келиб-келиб раҳбарларнинг хизмат автомобили билан таъқиб қилинадими?

Расмий муносабатларда қоидабузарликлар охирги зарурат сабабли содир этилгани аниқ фактлар билан келтирилишини ҳам кутиб қоламиз.

Кўрамиз, ҳокимлик машиналарини жарима майдонига олиб кира олган вилоят ЙҲХБ ўз хизмат автомобилларига нисбатан қандай позицияда бўларкан?

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид