Ўзбекистон | 08:17 / 31.12.2021
5151
2 дақиқада ўқилади

Маҳалла ходимларини рағбатлантириш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни қабул қилди.

Президентнинг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланган:

  • фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлар;
  • ҳомийлик маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:

  • жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва ушбу маблағлардан фойдаланишнинг мақсади;
  • жамғарма маблағлари ҳисобидан ходимларга ҳар ойлик устамалар белгилаш ва тўлаш, шунингдек, уларни мукофотлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби;
  • туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан шахсий ва рағбатлантирувчи устамалар тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Хусусан, ходимлар рейтинг тизимига асосан келгуси чорак давомида 50 фоиздан 100 фоизгача ҳар ойлик устамалар олади.

Мавзуга оид