Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Муҳим шахсларни қутқариш. Британия разведкаси Николай II ни Россиядан олиб чиқиш учун қандай ҳаракат қилган?
Буюк британиялик разведкачилар сўнгги рус подшоси Николай II ни Россиядан эвакуация қилишнинг бир неча вариантларини ишлаб чиққан. Бироқ Буюк Британия ҳукумати ва қирол Георг V га ана шу операцияни амалга ошириш учун қатъият етишмаган.
Яқинда BBC махсус хизматнинг махфий ҳужжатлари ва қироллик архивининг эълон қилинган ёзувлари билан танишиб чиқди ва ана ўша воқеалар тафсилотларини билиб олди.
Николай II нинг Россиядан эвакуация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамалар шоҳнинг 1917 йил 2 март куни тахтдан воз кечиши биланоқ бошланди. 19 март куни инглиз генерали Жон Хэнбери-Уильямс Николай II нинг онаси Мария Фёдоровна билан учрашди.
Буюк Британиянинг Романовлар оиласига бундай эътибори Георг Николай II ва унинг рафиқаси Александранинг амакиваччаси бўлгани билан изоҳланади (Европадаги қироллик оилаларининг шажараси кўпинча бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эди). Қироллар тез-тез хат ёзишиб туришар, бир-бирларини “қария Ники” ва “азиз Жорж” дея аташган. Бунга қўшимча равишда Буюк Британия ва Чор Россияси Биринчи жаҳон урушида иттифоқдош бўлганди.
Генерал ва бева император тахтдан воз кечган шоҳ Россияни иложи борича тезроқ тарк этиши кераклиги ҳақида келишиб олишди. Копенгагенда туғилган ва турмушга чиққунига қадар Дания маликаси мақомига эга бўлган Мария Фёдоровна ўғлини Данияга эвакуация қилиш фикрини ёқлади. У ўғли сувдан узоқроқ вақт давомида ўтадиган бўлса, Николай II кемасини немис сувости кемалари чўктириши мумкинлигидан хавотирланди. Инглиз генерали тахтдан воз кечган шоҳ хавфсизлигини таъминлай олишига Мария Фёдоровнани ишонтирди. У Романовларга Россия ҳудуди бўйлаб кема трапигача шахсан ҳамроҳлик қилишни таклиф этди. Мария Фёдоровна розилик билдирди.
Буюк Британиянинг Россиядаги элчиси Жорж Бьюкенен Россиянинг муваққат ҳукумати вакиллари билан эвакуация йўллари ҳақида музокараларни бошлаб юборди.
Бироқ бир неча тўсиқлар мавжуд эди. Биринчидан, мамлакатдан кетиш заруриятига Николай II нинг ўзини ишонтириш керак эди. Кундаликдаги қайдларга кўра, у ҳали ҳам ўз юртида қолиб, қолган умрини Қримда қандайдир шарафли мақомда ўтказишни истарди. Иккинчидан, Лондондан операция бўйича якуний тасдиқни олиш керак эди. Ваниҳоят, учинчидан, большевиклар отрядларини четлаб ўтиб, Романовларни қандай қилиб олиб чиқиш ҳақида ўйлаш керак эди. Гап шундаки, ўша вақтда Муваққат ҳукумат мамлакатдаги вазиятни тўлиқ назорат қилмаётганди. Унга Николай II нинг кетишига қарши бўлган нуфузли Петроград ишчилар ва солдат депутатлари кенгаши қаршилик кўрсатаётган ва суд қилишни талаб этаётганди.
Биринчи режа - ижодий
Сиёсатчилар музокаралар олиб бориб, фикр юритаётган бир вақтда разведкачилар ишга киришиб кетишди. Ўша кунлардаги воқеаларга ойдинлик киритувчи ҳужжатларнинг бир қисми ҳали ҳам махфийлигича қолмоқда. Тадқиқотчилар Ричард Олдрич, Рори Кормак ва Эндрю Кук бир неча режалар тафсилотларини бирлаштиришга муваффақ бўлишди.
Режалардан бири қироллик ҳарбий-денгиз флоти офицери Оливер Локер-Лэмпсон томонидан ишлаб чиқилди. У бир вақтнинг ўзида пулемётли зирҳли техника бўлинмаси қўмондони ва Буюк Британия парламенти депутати ҳам эди.
1916 йилда Локер-Лэмпсон бўлинмаси Россияга кўчирилди, у ерда ўзига хос босим билан ҳаракат қила бошлади. Лэмпсон хотираларига кўра, 1917 йилда Николай II ни қутқариш режасини ишлаб чиқиш вазифаси унга топширилди.
Бу вақтга келиб Локер-Лэмпсон Александр саройида ишлаган хизматкорлардан бирини ўзи томонга оғдиришга муваффақ бўлди. Қирол оиласи тахтдан воз кечгач, у ерда ҳибсда сақланаётганди. Офицер ана шу агентдан фойдаланишга қарор қилди. Разведка режасига кўра, белгиланган кунда хизматкор келиши, Николай II нинг соқолини олиб ташлаши, у билан кийимларини алмашиб, ўзига тахтдан воз кечган шоҳникига ўхшаш ясама соқол ёпиштириши керак эди.
Ана шундан кейин Николай II саройдан хотиржамлик билан чиқиб кетиши ва инглиз разведкаси машинаси уни кутиб турган жойгача пиёда бориши керак эди. Кейин эса Романовни зирҳли машинага ўтказиб, инглиз ҳарбийлари ҳимояси остида Архангельсккача олиб боришар ва Лондонга юборишар эди.
Бир қарашда режа содда бўлиб кўринади. Бироқ кейинги воқеалар Локер-Лэмпсоннинг эвакуация бўйича операцияларнинг истеъдодли ва омадли ижрочиси эканини кўрсатади. 1933 йилда у Альберт Эйнштейнга нацистлар таъқибидан қочишга ёрдам берган. 1963 йилда эса Эфиопия императори Хайле Селассие италиялик диктатор Бенито Муссолини қўлига тушмаслиги учун уни Англияга олиб кетган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Локер-Лэмпсон ўнлаб яҳудий оилаларини Германиядан эвакуация қилган.
Офицер режасининг битта заиф томони бор эди. У фақат Николай II нигина қутқаришни назарда тутарди. Тахтдан воз кечган шоҳ эса Россиядан оиласисиз кетмаслигини бир неча марта такрорлаган.
Бироқ бу босқичда муаммо бошқа нарсада эди: Лондоннинг розилигини олиш ва Россияга Романовлар эвакуацияси учун ҳарбий кема юбориш керак эди. Вақт қирол оиласи ва разведкачиларга қарши ишлаётганди. Генерал Хэнбери-Уильямс Буюк Британияга кетма-кет тезкор телеграммалар юборар, бироқ ҳануз жавоб йўқ эди.
Исрофгар ва қонли
Даунинг-стритга телеграммалар етиб келган, бироқ ҳукумат қарор қилишга шошилмасди. Масалан, қирол котиби лорд Стамфордемнинг қайдларида бош вазир Ллойд Жорж Николай II Англияда қайси пуллар эвазига кун кечирмоқчилиги тўғрисидаги саволга жуда қизиққан. Биринчи жаҳон уруши Буюк Британия бюджетини қуритганди ва бош вазир ғазнага қўшимча юк тушиши истиқболидан мамнун бўлмаган кўринади.
“Императорнинг қандай жамғармалари борлигини билиб бера оласизми?” - дея сўраган бош вазир Буюк Британиянинг Россиядаги элчиси Жорж Бьюкенендан.
Ўша вақтда Лондонда рус қироллик оиласининг исрофгарчиликлари тўғрисида афсоналар мавжуд эди. Айниқса, Романовлар образига сўнгги император жуфтлигининг севимлиси бўлган Григорий Распутиннинг саргузаштлари тўғрисидаги ҳикоялар салбий таъсир кўрсатган.
Ллойд Жоржда Романовларнинг Англияда бўлиши оқибатлари ҳам хавф уйғотган. Ўша вақтда Буюк Британияда социалистик ҳаракат машҳурликка эришаётганди. 1905 йилда петербурглик ишчилар намойиши бостирилганидан сўнг сўл сиёсатчилар Николай II ни айрим ҳолларда “Қонли Николай” деб атаб, у ҳақида фақат салбий фикрларни айтишарди. Ана шу жиҳат ҳисобга олинса, Романовларнинг келиши Буюк Британиянинг ўзида ҳам инқилобий кайфият кучайишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Россия Муваққат ҳукумати Лондондан қирол оиласига ҳеч бўлмаганда уруш давом этаётган вақтда бошпана беришни бир неча марта сўради. Ллойд Жорж узоқ вақт сукут сақлади, бироқ Москва Биринчи жаҳон урушида Лондоннинг иттифоқдоши бўлишда давом этди. Натижада ҳукумат Николай II ва унинг оиласини Лондонга расмий равишда таклиф этди.
Бироқ энди Георг V қарши эди. Қиролнинг котиби ўз қоғозларида қайд этишича, ҳукумат қарори ҳақида эшитгач, қирол “ваҳимага тушди”. Гап шундаки, Георг шахсий котиби ва танишларидан Романовлар оиласининг Буюк Британияга эвакуация қилиниши мумкинлиги ишчилар, лейборист депутатлар ва зодагонлар томонидан салбий тарзда муҳокама қилинаётгани ҳақида тобора кўпроқ маълумот олаётганди.
Одамларни нафақат Николай II, балки келиб чиқиши немис бўлган рафиқаси Александра Фёдоровна ҳам ташвишга солаётганди. Николайга турмушга чиққач, немис маликаси православликни қабул қилди ва Россияга муҳаббат ва ҳурмати ортди. Бироқ жамиятда у Германияни яширинча яхши кўриши ва унинг фойдасига жосуслик қилиши ҳақида миш-мишлар юрарди.
Иккинчи режа – улкан мақсадли
Романовлар оиласи эвакуация режасини ишлаб чиқиш билан бирга инглиз разведкачилари большевиклар ҳукуматини йўқ қилиш ёки ағдариш устида иш олиб боришди.
“Ялпи миқёсдаги босқинчилик – Россияни сақлаб қолиши мумкин бўлган ягона нарса”, - дея ёзганди Лондонга қироллик флоти ҳарбий орденлар капитани Фрэнсис Кроми.
Афсонавий инглиз разведкачиси Сидней Рейли билан биргаликда улар Антанта ҳарбий тузилмаларини Россияга тушириш учун шароит яратишди. Совет ҳукуматидаги инглиз дипломатик миссияси раҳбари Роберт Брюс Локкарт дастлаб бу режага қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Бироқ кейинчалик интервенция муқаррарлигини англаб, ишга қўшилди.
Параллел равишда инглиз разведкачилари эсерлар ва монархистларга Архангельскдаги большевикларга қарши қўзғолонни ташкил этишда ёрдам беришга ҳаракат қилди. Инглизлар Лениннинг ўлдирилишини уюштиришга ҳаракат қилган, деган версия мавжуд. Бироқ йиллар давомида олиб борилган тадқиқотлар натижасида у ўз тасдиғини топмади.
Совет тарихчилари ёзишича, дипломат Локкарт Лениннинг ўлдирилишини “биринчи навбатдаги ва муҳим вазифа” деб атаган. Бунга қўшимча равишда одатда Франция ва АҚШ элчилари ҳам фитнада иштирок этгани айтилади. Бироқ Локкарт қайдларида бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган. Махфий жўнатмаларда большевиклар етакчисининг ўлдирилиши ҳақида эмас, фақат ҳибсга олиниши мумкинлиги ҳақида гап боради.
Учинчи режа - умидсиз
1917 йил август ойига келиб, Романовлар оиласини қутқариш имконияти сезиларли даражада камайди. Муваққат ҳукумат тахтдан воз кечган шоҳнинг хавфсизлигини қандайдир тарзда ҳимоя қилишга интилиб, уни исёнкор Петербургдан узоқроққа – Тобольскка юборади. Бу эса инглиз ҳарбийлари ва разведкачилари ишини сезиларли равишда қийинлаштирарди. Энди улар Николайни нафақат большевиклар бурни остидан олиб чиқиши, балки рус ерлари бўйлаб минглаб километрни босиб ўтишлари керак эди. Бироқ зобитлар таслим бўлмади.
Махфий хизмат раҳбари Мэнсфилд Камминг Романовларни қутқариш бўйича янги режалар ишлаб чиқишни бошлади. Бу сафар норвегиялик тадбиркор ва сайёҳлардан фойдаланиш режаси тузиларди.
Маълумки, инглизлар ёрдам сўраб, қутб тадқиқотчиси Фритьоф Нансенга мурожаат қилишган. Бу олим нафақат Сибир йўллари, балки Енисей бўйлаб сув йўлини ҳам билиши билан разведка эътиборини ўзига жалб қилди. Мазкур жиҳат Николай Романовни эвакуация қилишда жуда асқатиши мумкин эди. Инглизлар янги режалар ишлаб чиқиш учун савдогар Йонас Лиидни ҳам жалб қилишди. У норвегиялик ёғоч ва кўмир қазиб олиш саноати компаниялари манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда Сибирга тез-тез бориб турарди.
Лиид ва Нансен иштирокидаги режа тафсилотлари ҳақида жуда кам нарса маълум. Лиид бир неча марта Махфий хизмат вакиллари, шунингдек, инглиз ҳарбий флоти разведкаси раҳбари билан овқатлангани аниқ.
Эҳтимол, тахтдан воз кечган шоҳни қутқариш бўйича янги режа иштирокчиларидан бири Стефан Элли бўлгандир. У русчада равон сўзлашарди. Чунки унинг оиласи 1870-йиллардаёқ Россияда яшаган. Элли – 1917 йилда элчихона эвакуациясидан кейин ҳам ишлаш учун Россияда қолган кам сонли инглизлардан бири. Унда 1918 йил баҳорида Николай II жойлаштирилган Екатеринбургдаги Ипатьев уйи яқинидаги жойнинг қўлда чизилган харитаси ва уйнинг тавсифи бўлган.
Элли миссиясининг кўплаб тафсилотлари номаълумлигича қолмоқда. Бироқ 2006 йилда қариндошлари унинг буюмлари орасидан қайд дафтарини топишди.
Махфий маълумотларга кўра, 1918 йил 24 майда Элли Лондонга операция ўтказишга тайёр экани ҳақида хабар берган. Унда “7та муҳим шахс” Мурманскка олиб келиши мумкин эди. Ҳисоботда у операцияда иштирок этиши керак бўлган олти кишининг фамилиясини айтиб ўтган. Элли уларнинг бари рус тилида равон сўзлаши, ўзларини маҳаллий аҳоли сифатида таништириши мумкинлигини таъкидлаган. Разведкачи “тезкор харажатлар ортиши муносабати билан” унга 1000 фунт стерлинг ажратилишини сўраган. Бугунги пулга ҳисоблаганда бу тахминан 50 минг фунт (66 минг доллар).
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, режа Буюк Британия ҳукумати ва қирол Георгнинг олдиндан розилигисиз ишлаб чиқилиши мумкин эмасди.
Яқинда махфий ҳужжатлардан маълум бўлишича, инглиз разведкачиларида маълумот пайдо бўлган: унга кўра, Германия Романовлар оиласини Россиядан олиб чиқиш режасини тайёрлаган. Техник жиҳатдан немислар буни амалга ошира оларди. Чунки Биринчи жаҳон урушидаги иштироки туфайли уларнинг кўп сонли ҳарбийлари ва техникаси Россия ҳудудида эди.
Немис архивларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган, Европа қироллик сулолалари тадқиқотчиси Карина Урбахнинг тасдиқлашича, немис махсус хизматларида Николай Романовни ўғирлаш режаси бўлган. Бу ҳақдаги ахборот аста-секин инглиз разведкачиларига етиб борган.
Кайзер Вильгельм II Россия билан жанг қилган. Бироқ бир вақтнинг ўзида Царевич Алексейнинг чўқинтирган отаси эди ва уни чин дилдан қутқаришни хоҳларди. Урбахнинг қайд этишича, Россияни большевиклар эгаллаб олгач, Романовлар оиласини олиб чиқиб кетиш учун айнан Германияда энг яхши имконият мавжуд эди.
Берлин буни ўз разведкачилари ёрдамида ёки дипломатик музокаралар йўли билан амалга ошириши мумкин эди. Тадқиқотчилар Германия большевиклар билан тинчлик шартномасини имзолаш шартларидан бири сифатида Романовларни “бериш” масаласини кўтариши мумкин эди, деб ҳисоблашади.
Буюк Британия ТИВнинг махфий ёзишмаларига кўра, 1918 йил 28 майида дипломатлар ўша вақтда Олий ҳарбий кенгаш раиси лавозимида бўлган Лев Троцкий билан музокаралар давомида Николай II нинг фарзандларини эвакуация қилиш масаласини кўтариш керак ёки керакмаслигини сўнгги марта муҳокама қилишган. Муҳокама давомида улар Троцкий рози бўлса ҳам, Романовларни Мурманскка кетиш йўлида қўриқлаш керак, деган хулосага келишади. Бироқ большевиклар гвардияси ишончсиз, инглиз қўриқчилари эса қирол оиласига йўлда ҳужум қилинишини юзага келтириши мумкин эди. Натижада инглизлар боши берк кўчада қолишади – уларнинг аралашуви ўзлари қутқаришни истаган кишига янада кўпроқ зарар етказиши мумкин эди.
Тарихчи Эндрю Кукнинг фикрича, майор Элли томонидан Лондонга юборилган Николай II ни эвакуация қилиш режаси тафсилотлари битилган телеграммалар большевиклар томонидан қўлга олинган бўлиши мумкин. Эҳтимол, айнан шу ҳолат 1918 йил ёз фаслида шоҳ оиласини қўриқлаш кучайтирилишига сабаб бўлгандир.
1918 йил 17 июлида Николай II рафиқаси, фарзандлари ва хизматкорлари билан Екатеринбургда отиб ташланган.
Бир йилдан камроқ вақт ўтгач, Буюк Британиянинг “Мальборо” жанговар кемаси Николай II нинг онаси Мария Фёдоровна ва бошқа омон қолган буюк князларни оиласи билан Мальтадаги инглиз ҳарбий-денгиз базасига олиб кетди.
Мавзуга оид
23:08 / 27.05.2025
Океандаги олди-берди: Британия Чагос оролини нега топширди?
11:50 / 26.05.2025
Британия бозорларига Ўзбекистонда етиштирилган гилос етказиб берилди
18:08 / 22.05.2025
Британия Россия махсус хизматларини 10 мингга яқин камерани бузиб кирганликда айблади
09:04 / 21.05.2025