Жаҳон | 00:34 / 04.01.2022
20650
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон полицияси Ақтаудаги намойишчиларга қарши куч ишлатишни бошлади

Хабарларга кўра, намойишчилар Ақтау аэропорти йўлини тўсиб қўйишган.

Фото: lada.kz

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида полиция газ нархи ошишига қарши ўтказилаётган намойишчиларга нисбатан куч қўллашни бошлади, деб хабар берди “Лента”.

Хабарда айтилишича, полициячилар бир-бирларининг қўлларини чалиштириб, намойишчиларни куч билан сиқиб чиқармоқда.

Шунингдек, хабарларга кўра, намойишчилар Ақтау аэропорти йўлини тўсиб қўйишган.

2 январ куни Қозоғистоннинг Манғистау области Жанаўзан шаҳри аҳолиси газ нархи кўтарилганидан норозилик билдирган ва ҳукуматдан нархни икки бараварга камайтиришни талаб қилиб, намойишга чиққан. Намойишлар 3 январ куни ҳам давом этган.

3 январ куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматига “Жанаўзандаги вазиятни зудлик билан кўриб чиқиш” бўйича топшириқ берганини маълум қилган.

Ўз навбатида, вазирлар маҳкамаси Манғистау областидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилганини ва газ нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирган.

Аввалроқ Манғистау области маъмурий маркази Ақтау шаҳри аэропортига иккита ҳарбий-транспорт самолётлари етиб келгани хабар қилинганди.

Манғистау областидаги норозиликлар фонида республиканинг йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани айтилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид