Экологлар муносабати: Нукусдаги дарахт каллаклаш ишлари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида амалга оширилган
Бир муддат олдин Нукус шаҳрида 300 дан зиёд дарахт ёппасига каллаклаб ташлангани ҳақида хабар бергандик. Ушбу ҳолатга Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси расмий муносабат билдирди.
Хабар қилинишича, Экоқўмитанинг Нукус шаҳар инспекцияси ва “Қорақалпоқ йўл кўкалам” унитар корхонаси мутахассислари ҳолат юз берган жойга бориб, ўрганиш ишларини олиб борган.
Маълум бўлишича, “Қорақалпоқ йўл кўкалам” унитар корхонаси мутахассислари томонидан Нукус-Чимбой-Тахтакўпир йўлининг 14 километри бўйидаги дарахтларга 2021 йил октябрь ойи охирларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида белгиланган режага кўра, ушбу “Таслақ” МФЙ ҳудудини ободонлаштириш ва дарахтларга (қайрағоч) шакл бериш ишлари олиб борилган.
Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан дарахтларга шакл бериш ишлари тўғри олиб борилганлиги тўғрисида хулоса берилган. Kun.uz сўровига асосан Экоқўмита ушбу хулосани тақдим қилди. Унда ёзилишича, дарахтларга шакл берилганидан сўнг улар ён томонга қараб ўсади. Бироқ шу кунгача ушбу ҳудудда бирон дарахт илдизи билан қўпориб олиб кетилмаган. Кейинги вақтларда баҳор мавсумининг келиши билан шакл берилган қайрағочлар ён тарафга ўсишини давом эттиради, дейилади хулосада.
Бундан ташқари, Қўмита тақдим қилган лойиҳа суратига эътибор берилса, мазкур ҳудудда яқин келажакда фақат арча ва бир неча манзарали паст бўйли дарахтлар экилиши режа қилинган. Ҳолатга аниқлик киритиш учун Kun.uz мухбири Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси билан қайта боғланди. Қўмита расмийсининг изоҳлашича, ушбу ҳудудда арча, унинг атрофида манзарали гуллар ва ташқи томонида дарахт айланиб туради. Бундан кўриниб турибдики, катта эҳтимол билан ҳудуд ичкарисидаги 300 дан зиёд қайрағоч йўқолиб кетиши мумкин.
Kun.uz жараёнларни кузатишда давом этади ва ушбу мавзуга яна қайтади.