Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда юк машинаси билан тўқнашган Nexia’да ёнғин юзага келди
Жиззах вилояти Дўстлик туманида юк машинаси билан тўқнашган Nexia машинасида ёнғин юзага келган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бугун, 2022 йил 5 январ куни соат 13:52 ларда Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 101 қисқа рақами орқали М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Дўстлик тумани ҳудудидан ўтган 942-километрида Nexia машинаси ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг, дарҳол воқеа жойига Дўстлик тумани ФВБдан қутқарувчилар бўлинмаси юборилган. Бундан ташқари, ёнғин содир бўлган жойга Сирдарё вилояти Сардоба тумани ФВБ 8-сонли ёнғин-қутқарув қисмидан ҳам 1 та бўлинма етиб келган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Тошкент-Термиз йўналишида ҳаракатланаётган Nexia ўзи билан бир йўналишда кетаётган юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда машина бетон тўсиққа бориб урилган ва ёнғин келиб чиққан.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ҳозирда кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.