Ўзбекистон | 10:57 / 05.01.2022
2498
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон МИБ ходимлари дам олиш куни ишга чақирилгани айтилмоқда

Маҳаллий нашрларда Қорақалпоғистон Республикаси Мажбурий ижро бюроси ходимининг дам олиш кунлари ишчиларнинг вақтидан олдин ишга чақирилаётгани ҳақида мурожаати эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси МИБдан ёзмоқдамиз. Биздан 4 январдан ишга чиқиш талаб қилиняпти. Ахир, Президентимиз фармонида 5 январдан иш куни деб белгиланди-ку! Қолаверса, жамоамизда Нукусдан узоқ туманларга борадиган ходимларимиз ҳам бор. Эртага эрталаб 8:30да ишга етиб боришнинг имкони йўқ. Раҳбариятдан дам олиш кунларини оиламиз бағрида ўтказишга рухсат беришларини сўраймиз”, — дейилган мурожаатда.

Ижтимоий тармоқда тарқалган суратда Қорақалпоғистон Республикаси МИБнинг туман бўлими раҳбарияти томонидан 3 январ куни соат 08:30да барча ходимлар 100 фоиз ишда бўлиши талаб қилинган. Буни Кадрлар бўлими бошлиғи Темур ва инспекция бошлиғи Шехназар исмли шахслар назоратга олиниши айтилган.

Шунингдек, ишга вақти (3 январ куни соат 08:30)да келмаган ходимларга интизомий жазо ёки лавозимидан озод қилишгача бўлган жазо чоралари кўрилиши маълум қилинган.

Kun.uz манбасига кўра, бу ҳолат МИБ Тахиатош тумани бўлимида кузатилгани маълум бўлди. Вазиятга ойдинлик кириш учун Kun.uz мухбири Қорақалпоғистон Республикаси МИБ Матбуот котиби билан боғланди. Унга кўра, ҳолат тўлиқ ўрганилгач, натижаси ҳақида расмий маълумот берилади.

Бундан олдин Қашқадарёда ҳоким ёрдамчилари дам олиш кунлари ишга чақирилганди.

Мавзуга оид