Жаҳон | 17:17 / 06.01.2022
121354
10 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги инқироз. Сўнгги маълумотлар

Давом этаётган намойишлар фонида бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Олмаотада намойишчилар ҳокимият биноси, президент қароргоҳи ва аэропортни эгаллаб, шаҳарда бемисл талончилик ҳаракатлари бошлангач, президент КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мамлакатда аксилтеррор амалиётлар бошланди. Қозоғистонда 5-6 январь кунлари содир бўлган асосий воқеалар.

Валерий Шарифулин / ТАСС / Scanpix / LETA

Нималар бўлиб ўтди:

— 2 январь куни бошланган намойишлар 4 январда авж олиб, бутун мамлакатга тарқалди, 5 январь куни бутун Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди, банклар ишламаяпти;

— намойишчилар бир қанча ҳукумат биноларини қамал қилиб эгаллашган, Олмаотада супермаркетлар ва дўконлар таланган;

— полиция маълумотига кўра, тўқнашувлар вақтида ўнлаб кишилар ҳалок бўлган;

— президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқариш ортидан ўзи Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида Назарбоевнинг ўрнини эгаллади ва КХШТдан ёрдам сўради;

— президент аввалига айрим областларда, кейин бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда режим эълон қилди, мамлакатга хориждан келиш тўхтатилди;

— КХШТ Қозоғистонга тинчликпарвар кучларини жўнатди.

Назарбоевнинг қулаши

Қосим-Жўмарт Тўқаев собиқ президент Нурсултон Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан олди. Бу Назарбоевнинг сўнгги лавозими эди; 2019 йилда президентликдан кетгач у бир умрга ушбу лавозимда қолиши кутилганди. Тўқаев бу ҳақда эълон қилган нутқида Назарбоев фамилиясини келтирмади — у шунчаки бугунги кундан эътиборан Хавфсизлик кенгаши раиси ваколатларини ўзига олишини маълум қилди. 

«Эхо Москва» бош муҳаррири Алексей Венедиктов Россия ТИВдаги манбасига асосланиб, Назарбоев «даволаниш учун» мамлакатни тарк этишни мўлжаллагани ҳақида ёзди. Бу маълумот бошқа манба томонидан тасдиқланмаган. Бу вақтда Олмаота области Толдикўрғон шаҳрида Назарбоевга 2016 йилда ўрнатилган ҳайкални ағдариб ташлашди.

Фото: Ateo Breaking

Қозоғистоннинг собиқ президенти ўз истеъфоси бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади — у умуман намойишлар бошлангандан буён бирор чиқиш қилгани йўқ.

Сўнгги маълумотларга кўра, у Дубайга йўл олган.

Фавқулодда ҳолат
Тўқаев миллатга мурожаатида намойишлар ортида «молиявий жиҳатдан мотивларга эга шахслар» тургани ва уларнинг бу борада «пухта ишлаб чиқилган режаси» борлигини айтиб, «максимал даражада қатъий» ҳаракат қилишини билдирди. У Олмаотада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига оммавий ҳужумлар кетаётгани, «бандитлар» ҳарбий хизматчиларни камситиб, кўчалардан яланғоч ҳолда олиб ўтаётгани, аёллар зўравонликка учраётгани, дўконлар таланаётганини айтиб ўтди.

Аввалига Олмаота шаҳри, Олмаота области, Манғистау области ҳамда Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этилганди. 

Кўп ўтмай бутун мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилгани эълон қилинди. Унга кўра: 

  • соат 23:00дан соат 7:00гача комендантлик соати;
  • полиция бошлиғи раҳбарлигида комендатура ташкил этилган;
  • оммавий йиғилишлар тақиқланган;
  • эркин ҳаракатланишга, жумладан транспорт воситалари ҳаракатига чекловлар ўрнатилган;
  • ҳар бир регионга кириш ва чиқишда чекловлар;
  • ҳужжатлар текширилиши, юклар ва транспорт воситаларида тинтув ўтказиш;
  • қурол ва ўқ-дори сотуви тақиқланади, дори-дармонлар ва алкогол сотуви устидан алоҳида қатъий режим;
  • фавқулодда ҳолат режими даврида аҳолидан қуроллар ва ўқ-дорилар вақтинча олиб қўйилади.

Фавқулодда ҳолат режими 19 январга қадар амал қилади.

Фото: AP/ТАСС

Икки томондан қурбонлар

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари орасида қурбонлар сони камида 14 нафарни ташкил этмоқда, уч кишининг боши танасидан жудо қилингани айтилмоқда, 350дан ортиқ полициячи ва ҳарбийлар турли даражада жароҳат олган. 

5 январь куни Атирауда намойишчиларнинг бир нафари ҳалок бўлгани хабар қилинганди. 6 январь куни Олмаота полицияси қуролланган гуруҳнинг ИИБ биносига ҳужумини қайтариш чоғида ўндан ортиқ киши ўлдирилганини маълум қилди. Олмаота полицияси бошлиғи Салтанат Азирбек айни вақтда ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаштириш ишлари кетаётганини билдирган.

ССВ маълумотига кўра, оммавий тартибсизликлар вақтида мингдан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 400га яқин киши шифохонага ётқизилган - 62 киши реанимацияда.

Олмаотада талончилик

Олмаота шаҳри ҳокимлиги биноси ўт ичида.
Валерий Шарифуллин / ТАСС / Scanpix / LETA

5 январь куни кечқурун намойишлар талончилик ҳаракатларига уланиб кетди. Турли ҳудудларда номаълум шахслар тинч намойишга йиғилганлар орасига кириб, қуроллар тарқатишган ва провокация бошлашган. Энг жиддий воқеалар Олмаотада содир бўлди - бу шаҳарда бир қанча ҳукумат бинолари, жумладан шаҳар ҳокимлиги биноси ва президент қароргоҳи, шунингдек, халқаро аэропортга бостириб кирилди.

Шаҳар ҳокимлиги ва прокуратура биноларига ҳамда бошқа объектларга ўт қўйилган, ҳукмрон «Нур Отан» партияси офиси вайрон этилган.

Комендатура «радикал кайфиятдаги тартиббузарлар шаҳар инфратузилмасига катта зарар етказгани»ни маълум қилди. Комендатуранинг тасдиқлашича, «экстремистлар мародёрлик ҳаракатлари» содир этишган. Шаҳардаги 7та супермаркет буткул талаб кетилган, бошқалари ҳам катта зиён кўрган.

Бошқа шаҳарларда ҳам намойишлар давом этган, аммо Олмаотадан фарқли равишда бу ҳудудларда полиция ва ҳарбийлар вазиятни назоратда сақлаб туришган. Пойтахт Нур-Султонда эса ҳатто ҳоккей бўйича КХЛ ўйини ҳам ўтказилди (томошабинлар киритилмади), шу билан бирга, ҳукумат бинолари атрофига ҳарбий техникалар келтирилди. 

Полиция ҳисоботига кўра, Олмаотада фитнес-клублар, дўконлар ва ломбардларга қилинган ҳужумлар бўйича 85та қўнғироқ келиб тушган.

Қозоғистондаги бир қанча завод, фабрика ва корхоналар ҳам фаолиятини тўхтатган, хусусан, Қорағанданинг Балхаш шаҳридаги Металлургия заводи ҳам ёпилган. Завод ишчилари иш ташлаб, намойишчиларга қўшилган.

КХШТга мурожаат

RUSSIAN DEFENCE MINISTRY/EPA

5 январь куни кечқурун Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев КХШТ мамлакатлари етакчиларига «Қозоғистонга террорчилик таҳдидини енгишда ёрдам кўрсатиш»ни сўраб мурожаат қилди.

У Қозоғистондаги тартибсизликларга сабабчи бўлган гуруҳларни «террорчи тўдалар» деб атади. «Моҳиятан халқаро бўлиб, улар хорижда жиддий тайёргарликдан ўтган, уларнинг Қозоғистонга ҳужумини эса тажовузкорлик ҳаракати сифатида кўриш мумкин ва керак», деди у.

Кўп ўтмай Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг тинчликпарвар кучлари Қозоғистонга жўнатилиши маълум қилинди.

«КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг 2022 йил 6 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ, вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш учун КХШТнинг Коллектив тинчликпарвар кучлари чекланган муддатга Қозоғистон Республикасига юборилди», дейилган ташкилот хабарида.

КХШТ Коллектив тинчликпарвар кучларининг асосий вазифалари муҳим давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатни ҳуқуқий майдонга қайтаришда Қозоғистон Республикасининг ҳуқуқ-тартибот кучларига ёрдам беришдан иборат бўлиши айтилди.

Айни вақтда Россиядан илк ҳарбий бўлинмалар Қозоғистонга келган ва ўз вазифаларига киришган. Россиядан ушбу амалиётларга 5000 ҳарбий жалб этилган. Шунингдек, Беларусь 500, Тожикистон 200, Арманистон 70 нафар ҳарбий жўнатади. Қирғизистон эса фаоллар норозилиги туфайли қўшни мамлакатга ўз ҳарбийларини киритмайдиган бўлди.

Халқаро реакция

Қозоғистондаги воқеалар юзасидан турли давлатлар турли даражада муносабат билдирмоқда: Қўшни давлатлар, Евроиттифоқ, Россия ТИВ, Хитой, ЕХҲТ, БМТ. АҚШ эса ҳодисалар ортида Вашингтон тургани ҳақидаги хабарларни «ақлсизлик» деб атади.

Ўзбекистон ТИВ баёнотида Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонч билдирилган.

АҚШ Давлат департаменти Қозоғистондаги зўравонликни қоралаб, вазминликка чақирди. «АҚШ қимматли ҳамкоримиз ҳисобланувчи Қозоғистондаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Биз зўравонлик актлари ва мулкларни яксон қилинишини қоралаймиз ҳамда ҳукуматни, ҳам намойишчиларни вазмин бўлишга чақирамиз», дейилади Давлат департаменти вакили Нед Прайснинг расмий баёнотида.

Шунингдек, қозоғистонликлар конституцион институтлар, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигини ҳурмат ҳамда ҳимоя қилишга, хусусан, интернет хизматларини қайта тиклашга чақирилган.

Хитой ТИВ КХШТ ҳарбийлари ушбу мамлакатга киритилиши ҳақидаги хабарлар ортидан ХХР Қозоғистондаги воқеаларни мамлакатнинг ички иши деб билиши ва вазият тез орада барқарорлашуви ҳамда тартиб ўрнатилишига умид қилишини айтиб баёнот берди.

Россия ТИВ пайшанба куни Қозоғистондаги намойишлар тўлқини ортида хорижий кучлар турганини айтди, аммо айнан қайси кучлар назарда тутилаётганига аниқлик киритилмади. «Бизга дўстона мамлакатда содир бўлаётган сўнгги воқеаларни ташқаридан илҳомлантирилган, тайёргарликдан ўтган ва уюшган қуролли тузилмалардан фойдаланиб, давлат хавфсизлиги ва яхлитлигига зўрлик билан путур етказишга уриниш сифатида баҳолаймиз», дейилади вазирлик баёнотида.

Беларусь президенти Александр Лукашенко қозоғистонлик намойишчиларга мурожаат қилиб, музокаралар столига ўтириш лозимлиги, Тўқаев билан келишиш мумкинлигини айтди: «Қозоғистонликлар тушуниши керакки, бу уларнинг давлати, бошқа давлат бўлмайди. Давлатни ағдаргандан кейин уни яна тиклаш керак бўлади. Халқ тили билан айтганда, пайдо бўлган ёриқни ёпиш учун ҳарбийлар олдига бош уриб бориш ва кечирим сўраб, ҳукумат билан музокаралар столига ўтириш керак».

Аксилтеррор амалиёт

Валерий Шарифулин / ТАСС / Scanpix / LETA

Мамлакатда аксилтеррор амалиётлар бошланиб кетган. Олмаотада тартибсизликларда қатнашган 2 мингга яқин намойишчи қўлга олинган.

Мавзуга оид