Ўзбекистон | 13:32 / 06.01.2022
20124
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Қозоғистондаги ҳолат юзасидан фикр алмашди

Жорий йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбатда давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилди, шунингдек, минтақадаги вазият, шу жумладан қўшни Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашди.

«Икки мамлакат етакчилари ҳозирги воқеаларнинг иштирокчиси бўлган томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирдилар.

Давлат раҳбарлари минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бундан буён ҳам биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қаратишга тайёр эканликларини таъкидладилар», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтганди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбатда давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятнинг ривожланиши, республикадаги ҳолатни барқарорлаштириш, тез фурсатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашди.

Мавзуга оид