Ўзбекистон | 16:13 / 06.01.2022
14236
2 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар ташкилоти Қозоғистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди

Туркий давлатлар ташкилоти Қозоғистонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Бу ҳақда халқаро ташкилот расмийлари Kun.uz'га маълум қилди.

ТДТ Истанбул форуми. 2020 йил 12 ноябр / Фото: Президент матбуот хизмати

Баёнотда ташкилотга аъзо давлат – Қозоғистонда бўлаётган сўнгги воқеалар фонида тинчлик ва барқарорликнинг муҳимлиги ҳамда зарурий ёрдам кўрсатишга тайёрлиги қайд этилган.

“Биродар қозоқ халқининг донолиги ва нормал ҳаёт тарзига қайтиш истагига ишонч билдириб;

Қозоғистон ҳукуматининг тарангликни юмшатиб, тартиб ва осойишталикни тиклашга қодирлигига ишониб;

Зарур ҳолларда Қозоғистон халқи ва ҳукуматини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб;

Ҳодиса вақтида жароҳатланганлар тезроқ тузалиб кетишини тилаб, ҳалок бўлганлар учун ҳамдардлик билдирамиз”,дейилади Туркий давлатлар ташкилотининг расмий баёнотида.

Айни пайтда Қозоғистон шаҳарларида нотинчликлар давом этмоқда. Аввалига нархлар ошишига қарши бошланган тинч намойишлар сўнгги кунларда қуролли тўқнашувлар, қон тўкилиши ва талончиликка айланиб кетди.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг мурожаати билан Қозоғистонга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қўшинлари киритилмоқда.

  • Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2021 йил ноябрдаги Истанбул саммитида кенгаш Туркий давлатлар ташкилоти этиб қайта ташкил этилди. Айни пайтда ташкилотга 6та давлат аъзо: Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон.

Мавзуга оид