Ўзбекистон | 16:07 / 07.01.2022
25751
2 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги зовурдан ёқиб юборилган ҳолда топилган машина ичидан мурда чиқди

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги зовурдан ёқиб юборилган Spark машинаси топилган. Унинг ичида мурда ҳам бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 28 декабр куни соат 9:30 ларда  Ғаллаорол тумани Мирзабулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Найман қишлоғида яшовчи фуқаро шу ҳудуддаги фермер хўжалигига тегишли дала майдони четидаги зовур ичида ёниб кетган Spark машинасини кўриб қолган.

Фуқаро бу ҳақда ички ишлар органларига хабар берган. Шундан сўнг, воқеа жойига вилоят прокуратураси ва вилоят ИИБ ходимларидан иборат тезкор гуруҳ етиб борган. Машина кўздан кечирилганда унинг ичидан куйиб кетган мурда ҳам топилган. Шунингдек, машинанинг давлат рақами ҳам бўлмаган.

Машина кузовининг рақами орқали унинг эгаси текшириб кўрилганда Spark Самарқанд шаҳар Зарафшон маҳалласида яшовчи шахс экани маълум бўлган.

ИИБ ходимлари машина эгасининг уйига бориб, унинг яқинларидан кўрсатма олганда, улар йигитнинг бир кун аввал уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини билдиришган. Ўтказилган тиббий экспертизада куйиб кетган жасад машина эгасиники экани аниқланган.

Тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида, Жомбой тумани “Бешсайид” МФЙда яшовчи уч нафар шахс марҳумни гиёҳванд моддалар билан таъминлаб келгани аниқанган ва улар ушланган.

Дастлабки тергов-суриштирув давомида аниқланишича, марҳум 28 декабр куни Жомбойга борган. Гиёҳванд модда сотувчилар қарзи борлиги учун унга гиёҳванд модда беришмаган. Шундан сўнг марҳум ИИБ ходимларига бориб, хабар беришини айтганда гиёҳфурушлар уни ўлдиришган ва Ғаллаоролга олиб бориб ёқиб юборишган.

Мавзуга оид