Жаҳон | 17:20 / 07.01.2022
23282
2 дақиқада ўқилади

«Нур-Султонда ҳаммаси тинч, Олмаотада одамлар кўчага чиқишмаяпти» – қозоғистонлик журналист сўнгги воқеалар ҳақида

Қозоғистондаги ҳолат нафақат қўшни давлатларни, балки дунё афкор оммасининг диққатини тортди. Марказий Осиёдаги етакчи иқтисодиёт бўлган мамлакатдаги намойишлар ортидан келиб чиққан тартибсизликлар ҳақида қозоғистонлик журналист Мадина Иманалиева ўз фикрлари билан бўлишди.

© Валерий Шарифулин/ТАСС

Пойтахтдаги ҳолат

Астанада (Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳри ҳануз кўпчилик томонидан эски номи билан аталади – таҳр.) ҳаммаси тинч. Намойишлар пойтахтда кузатилмади. Лекин одамларда табиий ҳадик ва хавотир бўлди. Назорат кучайтирилди.

Транспорт, ташкилотлар фаолияти

Транспорт бир маромда қатнаб турибди. Лекин одам гавжум эмас. Банклар ишлаяпти, аммо алоқа йўқлиги учун карталардан тўловлар қабул қилинмаяпти. Банкоматларда катта навбатлар бор, лекин бирданига 10 минг тенгедан ортиқ нақд пул берилмаяпти. «Каспийбанк» банкоматлари ўчирилган.

Дўконлар

Тадбиркорларнинг аксарияти дўконлардаги маҳсулотларни зудлик билан йиғиштириб кетишяпти. Аҳоли зарур нарсаларни кўп миқдорда харид қилаётган озиқ-овқат дўконларида алкоголь пештахталари бўшатиб қўйилган, спиртли ичимликлар олиб ташланган.

Алоқа

Алоқа маълум муддат буткул узилди. Уч кун ўтиб энди тикланди. Лекин қатор сайтлар, жумладан, Телеграм иловасига ҳам фақат VPN орқали киришга тўғри келяпти. Бугунги кунга келиб ҳаммаси изига туша бошлади.

Олмаотада вазият мураккаб

Олмаотада ҳаммаси жуда жиддий кечди. Одамлар уч кун уйдан чиқишмади. Бутун дунёдаги, хусусан Ўзбекистондаги дўстларимиз хавотирланиб ёзишмоқда. Биз ҳам тинчлик истаймиз, тезроқ ҳаммаси изига тушиб кетади, деб умид қиламиз.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид