Жаҳон | 21:06 / 07.01.2022
131950
8 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги воқеаларнинг олтинчи куни. Вазият тинчимоқда

Тўқаев намойишларнинг олтинчи кунида мамлакатнинг барча ҳудудларида конституцион тартиб деярли тиклангани, бироқ «жангарилар»га қарши кураш давом этаётганини маълум қилди.

Мария Гордеева / Reuters / Scanpix / LETA

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 7 январь тонгида терроризмга қарши кураш бўйича штаб йиғилиши ўтказди.

Тўқаев қонун ва тартибни сақлаш кучлари қаттиқ ишлаётгани, мамлакатнинг барча ҳудудларида конституциявий тартибнинг катта қисми тиклангани, маҳаллий ҳокимият идоралари вазиятни назорат қилаётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, қуролли шахслар ҳалигача Қозоғистон аҳолисининг мулкига зарар етказаётганини айтиб, уларга қарши охиригача курашиш кераклигини таъкидлади.

Мамлакатда темир йўлда йўловчи ва юк ташиш тикланган. Олмаота аэропорти фаолияти тез вақт ичида тикланиши айтилган. Россиялик тинчликпарвар кучлар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда аэропортни тўлиқ назорат қилмоқда.

Қозоғистон ҳудудида тун-у кун ишловчи 70 блокпост ўрнатилган, шундан олтитаси Нур-Султон атрофида. Олмаотада қуролли кучлар стратегик аҳамиятга эга объектларни қўриқламоқда ва кўчаларда «тозалаш» ишлари олиб бормоқда.

Тадбиркорлар миллий палатаси маълумотига кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар оқибатида тадбиркорлар кўрган зарар миқдори 200 млн доллар атрофида, 848та бизнес субъекти ва 1021 объект зиён кўрган.

Тартибсизликларда қатнашган 26 «жиноятчи ўлдирилган»

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги барча ҳокимликлар ва ички ишлар идоралари устидан назорат тикланганини эълон қилди.  Сўнгги маълумотларга кўра, махсус операциялар давомида хавфсизлик кучлари 3 мингдан ортиқ қонунбузарни ҳибсга олган, 26 нафар «қуролли жиноятчи» ўлдирилган, яна 18 нафари яраланган.

Тартибсизликлар чоғида 18 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган, яна полиция ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларидан 748 нафари яраланган.

Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Даурен Абаев хабар беришича, аввалига полиция ва Миллий гвардия кучлари намойишчиларга ўт очмаётганди, «аммо кейин тинч намойишчилар овозлари провокаторларнинг зўравонлик ва тартибсизликларга чорловлари остида қолиб кетган». Абаевнинг сўзларига кўра, «оломонни қуролланган бандитлар ва террорчилар бошқара бошлаган», бу гуруҳлар талончилик билан шуғулланиб, қурол дўконларига ҳужум қилишган, Олмаотадаги маъмурий бинолар ва телеканаллар офисларини эгаллаб, талон-тарож қилишган. Абаев террорчилар орасида профессионал снайперлар бўлганини ва улар кучишлатар тузилмалар вакилларига ҳужум қилганини айтиб ўтган.

Олмаотада ҳарбий техника, 7 январь / Reuters

Қозоғистон Бош прокуратураси оммавий тартибсизликлар, шунингдек, террорчилик актларини содир этиш бўйича тергов доирасида жиноий иш қўзғатди. Бу моддалар бўйича айбдор бўлганлар саккиз йилдан умрбодгача қамоқ жазоси билан ёки фуқароликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин.

Тўқаевнинг навбатдаги мурожаати

Тўқаев телевидение орқали мамлакат фуқароларига яна бир бор мурожаат қилди, унда кўчаларга чиқаётганларга нисбатан қатъий фикрлар билдирилди.

«Ҳуқуқ-тартибот органларига ва армияга огоҳлантиришсиз нишонга олиб ўқ отишга буйруқ бердим. Хориждагилар муаммони ҳал қилиш учун тинч музокаралар  ўтказишга чақиришмоқда. Қандай бемаънилик. Жиноятчилар, қотиллар билан қандай музокаралар олиб бориш мумкин?» деган Тўқаев.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, халқнинг туб манфаатларидан узоқда бўлган эркин деб аталмиш оммавий ахборот воситалари ва хориждаги арбоблар ҳуқуқ-тартиботни бузишда ёрдамчи ва аслида рағбатлантирувчи рол ўйнаган. Шу билан бирга у айнан кимларни ва қандай фаолиятни назарда тутганига аниқлик киритмаган.

Президент биргина Олмаотанинг ўзида «20 минг бандит» ҳужум қилгани, уларнинг ҳаракатларида «ҳарбий, маъмурий ва ижтимоий объектларга ҳужум қилишнинг аниқ режаси, мувофиқлаштирилган ўзаро уйғун ҳаракатлар, юқори жанговар тайёргарлик ва ваҳший шафқатсизлик мавжудлигини кўрингани»ни қайд этди.

Мамлакатда вазият барқарорлашганига қарамай, «аксилтеррор амалиёт» давом этиши маълум қилинди. «Террорга қарши операция давом этмоқда. Жангарилар қуролларини қўйгани йўқ, жиноят содир этишда ёки уларга ҳозирлик кўришда давом этмоқдалар. Уларга қарши кураш якунланиши керак. Таслим бўлмаганлар йўқ қилинади», деди у.

Қайд этиш керакки, намойишларнинг олти куни давомида риторика жиддий ўзгаришга учради: биринчи кунларда ҳукумат кўчага чиққан фуқароларни намойишчилар деб атаган бўлса, кейинроқ «бузғунчи кучлар», қаршилик кўрсатаётган «террорчилар», «бандит элементлари», «фитначилар», «бандитлар» ва «халқаро террорчи гуруҳлар» атамалари пайдо бўлди.

Шу билан бирга, ҳукумат намойишларда қандайдир хорижий кучлар иштирок этганига оид муайян далил келтирмади.

Намойишлар ва тартибсизликлар вақтида қанча одам ҳалок бўлгани ва жабрлангани тўғрисида мустақил манбалар томонидан тасдиқланган аниқ маълумот йўқ, аммо гувоҳларнинг фикрича, ўнлаб қурбонлар бўлган. 

Намойишчилар тарқалмоқда, аэропортлар очилмоқда

Жума куни Қозоғистон шаҳарларидаги митинглар босқичма-босқич якунлана бошлади. Тонгдаёқ Ақтау марказида тикилган ўтовлар ва тўсиқлар йиғиштирилди, ҳокимиятга олиб борувчи йўллар очилди, митинг етакчилари йиғилганларни уйга қайтишга чақирди.

VALERY SHARIFULIN/TASS

Пойтахтдаги аэропорт штат режимда ишлашни бошлади: Москва, Дубай, Атирау, Чимкент ва Туркистонга тўхтаб қолган рейслар давом эттирилди. Бошқа шаҳарлардаги аэропортлар фаолияти ҳам тиклана бошлади.

Маҳаллий нашрлар Олмаотадаги вазият аста-секин барқарорлашаётганини ёзишди: банкоматларда яна нақд пуллар, дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари пайдо бўлган.

Давлат нашрлари намойишчилар қўлига ўтган барча ҳукумат бинолари ҳуқуқ-тартибот органлари назоратига қайтганини маълум қилди.

«Казахфильм» киностудияси жума куни тартибсизликлар вақтида қозоқ киносининг олтин фонди бутунлай йўқ бўлгани тўғрисида тарқалган маълумотни рад этди. Студия маълумотига кўра, барча бинолар ва «Казахфильм» архивларига зиён етмаган.

Orda.kz: Нурсултон Назарбоев ва унинг қизи Қозоғистонни тарк этган

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг уч қизи намойишлар фонида ўз оилалари билан Қозоғистонни тарк этган. Бу ҳақда Orda.kz нашри ўз манбасини келтирмаган ҳолда хабар берди. Бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Нашрнинг ёзишича, биринчи президентнинг қариндошларидан мамлакатда фақат унинг катта укаси Болат Назарбоев қолмоқда.

Маҳаллий нашрларда Назарбоевлар оиласи БААнинг Дубай шаҳрига йўл олгани айтилган.

7 январь куни Orda.kz манбаси Олмаотада Нурсултон Назарбоевнинг кичик укасининг ўғли Самат Абиш қўлга олингани ҳақида хабар берди, у 2015 йилдан буён Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари эди, 5 январь куни ишдан олинганди.

Мамлакат Бош прокуратураси унинг қўлга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган, рад ҳам этмаган.

Orda нашри Қозоғистонда сиёсий инқироз бошланганидан буён на расмий ҳукумат, на давлат телеканаллари ва сайтлари Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари номларини тилга олмаётганига эътибор қаратган.

«Улар қаердалиги ҳақида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ. Биздаги маълумотга кўра, биринчи президент ва унинг қизлари оила аъзолари билан бирга Қозоғистонни тарк этган. Мамлакатда оиладан фақат Болат Назарбоев қолган. Шунингдек, расмий хабарларда пойтахт Нур-Султон деб айтилмаяпти», дейилади хабарда.

2019 йил мартида Нурсултон Назарбоев қарийб 30 йиллик бошқарувдан кейин Қозоғистон президенти лавозимидан кетганди. У ҳукмрон «Нур Отан» партияси раҳбарлигини сақлаб қолган, шунингдек Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси бўлганди. 2021 йил ноябрида Назарбоев «Нур Отан» партияси раҳбарлиги ваколатларини топширди.

5 январь куни эса президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Нурсултон Назарбоев ўрнига мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди, Назарбоев бу лавозимда умрбод қолиши кутилганди.

Назарбоев жамоатчиликка сўнгги бор 27 декабрь куни кўриниш берганди: у ўшанда Санкт-Петербургда МДҲ давлатларининг норасмий саммитида иштирок этганди.

Мавзуга оид