Жамият | 12:19 / 07.01.2022
22797
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда янги туннелдан биринчи ёмғирдаёқ сув тошиб чиқди — қурилиш ишлари қанчалик сифатли бажарилган?

Самарқанд шаҳридаги Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида узоқ кутилган йўл ўтказгич туннел очилди. 31 декабр куни самарқандликларга совға ўлароқ очилган туннелда ишлар давом эттирилаётгани хабар берилди. Аммо йил бошида ёғган ёмғир йўл ўтказгич деворларидан сув ўтишига сабаб бўлди.

Фото: Kun.uz

Туннел деворларидан сув оқаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгандан кейин кўпчилик қурувчиларни қурилиш ишларини сифатсиз олиб боришда айблади.

Kun.uz туннелнинг ёмғирдан кейинги ҳолатини тасвирга олди.

Дарҳақиқат, туннел остида сув оқиб тушган изларни кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кейин янги терилган безак плиталари орасидан сув қандай сизиб тушгани ҳақидаги саволлар пайдо бўлди.

Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 

Гап шундаки, безак плиталари қоришма (раствор) билан эмас, махсус темир конструкцияга маҳкамланиб терилган. Яъни ораси очиқ ва у ердан сув бемалол оқиши мумкин. Маълум бўлишича, сув юқорида жойлашган ариқдан тошиб чиқиб, янги гул экилган тупроқли жойдан сизиб ўтиб, туннел томонга оққан.

Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 

Шу сабаб туннел остида сув тўпланиб қолган жойларни учратиш мумкин. Қурилиш ишлари ҳали тўлиқ якунланмаган. Ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Йўл белгилари ҳам энди ўрнатилмоқда. Пиёдалар Бўстонсарой кўчасини кесиб ўтиши учун ер остида барпо этилаётган ўтиш жойида ҳам безак ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Kun.uz 

Кўприк қурилишини олиб борган «Кўприкқурилиш» трести 1-отряд директор ўринбосари Азим Бекмирзаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кўприкдан сув тошиб чиқишига лотоклар ва дренаж тизими ҳали ниҳоясига етмагани, борларига эса чиқинди тиқилиши сабаб бўлган.

Фото: Kun.uz 

«Ушбу сув сизиб чиқиш ҳодисаси туннел ва кўприкнинг конструктив қисмига зарар етказмайди, унинг чўкишига олиб келмайди. Чунки, кўприк қурилишида свай қозиқлари қоқилган, кўплаб темир-бетон ишлари бажарилган. Лотоклардан тошиб чиққан сув ҳам бетон сирт юзаси бўйлаб, нишаблик томон юрган, грунтга сингмаган», — деди у.

Қурилиш ишлари давом этмоқда ва январ ойи охиригача якунланиши режалаштирилган. Трест вакилининг маълум қилишича, ҳали кўприкдаги асфальтнинг бир қисми қирқиб олиниб, қурилиш стандартларига мос равишда тўсинларнинг икки томонига деформацион монтаж чоклари ўрнатилади.

Айни пайтда биринчи навбатда яна сув сизиб чиқмаслиги учун ариқлар ва сув юриш йўллари ҳолати қайтадан кўриб чиқилади.

Фото: Kun.uz 

Бекмирзаевнинг сўзларига кўра, 31 декабр куни Самарқанднинг энг муҳим чорраҳасида қатор ойлардан буён кузатилаётган тирбандликнинг олдини олиш учун фақат йўлнинг тайёр бўлган қатнов қисми очилган, қолган ишлар эса давом эттирилади.

Фото: Kun.uz 

Қурилишга ажратилган пуллар 64 миллиард сўмдан 143 миллиард сўмгача ошганига ҳам изоҳ берилди. Унинг маълум қилишича, ҳукумат қарорида назарда тутилган 64 миллиард сўм – қурилиш ишларини бошлаш учун бошланғич маблағ бўлган. Қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш жараёнида қурилиш ишлари ҳажми ва унга мос равишда сметаси ҳам ортиб борган.

Kun.uz мухбири Бўстонсарой кўчасида барпо этилган галереяда ва унинг Рўдакий кўчаси билан кесишмасида барпо этилган йўл ўтказгич ва туннел атрофида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари айрим жойларда сифатсиз бажарилганига гувоҳ бўлди.

Бўстонсарой кўчасидаги галерея кўприкнинг икки ёнидаги тупроқ кўтармаси ёмғирда ивиб, ёрилиб ётибди. Қурувчиларнинг айтишича, тез кунларда йўлнинг бу икки қисмидаги кўтарма армокаркасли бетон билан ёпилади.

Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 

Шуҳрат Шокиржонов, Ўткир Жалолхонов,
Kun.uz мухбирлари.

Мавзуга оид