Жамият | 19:32 / 07.01.2022
2443
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда қасддан одам ўлдирган ва босқинчилик қилган шахс 20 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: Видеодан кадр

Сирдарёда қасддан одам ўлдирган ва босқинчилик қилган шахс 20 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 18 март куни қимор ўйинлари сабабли 35 миллион сўм қарз бўлган Х.М. холасининг уйига бориб, пичоқ ёрдамида эшикни бузиб кирмоқчи бўлганда уй ичида бўлган холаваччаси борлигини сезиб қолган.

Холаваччаси эшикни очиб, уни ичкарига таклиф этган ва намоз ўқий бошлаган. Вазиятдан фойдаланган Х.М. намоз ўқиётган холаваччасига ўн марта пичоқ билан зарба берган. Сўнг уни бошини ёстиқ билан ёпиб, бўға бошлаган. Оқибатда жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этган.

Жабрланувчининг ёрдам сўраб бақирганини пастки қаватда яшовчи қўшни аёл эшитиб қолган. Унга ёрдам бериш учун юқорига чиққан. Х.М. эшик олдида унга ҳам пичоқ урмоқчи бўлган, аммо улгурмасдан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув натижасида Х.М. Сирдарё вилоятида ушланган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг ҳукми билан Х.М. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» ва «и» бандлари ҳамда 164-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбдор деб топилган. Қасддан одам ўлдириш ва босқинчилик жиноятларини содир этган Х.М.га 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид