Жаҳон | 11:36 / 10.01.2022
16902
3 дақиқада ўқилади

«Қайноқ нуқта»ларда жанг тажрибасини орттирган террорчи гуруҳларнинг қуролли тажовузига учрадик – Қозоғистон ТИВ

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотига кўра, мамлакат хорижда тайёргарликдан ўтган, яхши мувофиқлаштирилган террорчи гуруҳлар томонидан қуролли тажовузга учраган.

Фото: AP/ТАСС

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилгандан кейинги ҳодисалар қатор хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан юзаки ва бирёқлама талқин этилмоқда.

«Манғистау вилоятида ва мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида тинч митинглар бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилди. Бироқ бу вазиятдан террористик, экстремистик ва жиноий гуруҳлар томонидан кескинлик ва зўравонликни кучайтириш мақсадида фойдаланилди. Шу сабаб билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Олмаота ва мамлакатнинг бошқа бир қатор вилоятларида содир бўлган воқеалар кўрсатдики, Қозоғистон хорижда тайёргарликдан ўтган, яхши мувофиқлаштирилган террорчи гуруҳлар томонидан қуролли тажовузга учраган. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужумларни амалга оширганлар орасида исломий радикал гуруҳлар таркибида «қайноқ нуқта»ларда жанг тажрибасини орттирган шахслар мавжуд. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қозоғистон Республикаси Қуролли кучлари баъзи хорижий ОАВлар талқин қилганидек, “тинч намойишчилар” билан эмас, балки террорчилар билан тўқнаш келишмоқда.

Бундай вазиятда Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (КХШТ) ёрдам сўрашга мажбур бўлди ва вазиятни барқарорлаштириш учун умумий сони 2500 нафарга яқин тинчликпарвар кучлар юборилди. Уларнинг вазифаси стратегик объектларни қўриқлаш ва Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот кучларини ҳимоя қилишни ўз ичига олади.

Таъкидлаш жоизки, террорчи гуруҳларга қарши асосий ҳарбий амалиётлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қозоғистон Қуролли кучлари томонидан амалга оширилмоқда.

КХШТ тинчликпарвар кучлари мамлакатда вақтинча бўлади ва Қозоғистон томонининг биринчи илтимоси билан, вазият барқарорлашганидан кейин мамлакатни тарк этади.

Қайд этиш керакки, ўтган давр мобайнида тинч намойишчиларга ҳеч қандай тазйиқлар ўтказилмади.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига ушбу ҳолатнинг сабабларини кенг кўламда текшириш, унинг натижаларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш топширилди.

Қозоғистон томонининг демократия ва конституциявий тузумни исломий радикаллар ва террорчилардан ҳимоя қилишга бўлган позицияси қатъий!

Афсуски, тўқнашувлар натижасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар орасида ҳам, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бор.

Шу муносабат билан 2022 йил 10 январь санаси мамлакатда умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди», дейилади баёнотда.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид