Топшириқни ҳокимлик беради, пулни-чи? Ғиждувонда бозор қурган тадбиркорлар пулини ололмай, банкротлик ёқасида турибди
Бундай замонавий кўринишдаги саранжом-саришта бозор республиканинг унча-мунча туманида учрамайди. Туман ҳокимлиги “икки юридик шахс орасига аралаша олмаслиги”ни баҳона қилиб, томошабин бўлмоқда. Ваҳоланки, бозор вилоят ва туман ҳокимликларининг ташаббуси билан қурилган.

2017 йил 27 мартдаги президент қарори билан деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастури тасдиқланган. Дастурнинг 10-бандида “Ғиждувон деҳқон бозори” ҳам бор.
Kun.uz таҳририятига йўлланган мурожаатда айнан шу “Ғиждувон деҳқон бозори”ни қурган қурилиш фирмаларга, бозор фойдаланишга топширилганига 2 йил бўлганига қарамай, пуллари берилмаётгани айтилади.
Бухоро вилоят ва Ғиждувон туман ҳокимликлари ўртасида “копток қилинаётган” пудратчилар мазкур муаммога ҳукумат раҳбарлари ва жамоатчилик эътибор қаратишини истамоқда. Уларнинг айримлари бозорга сарфланган маблағларини ололмаётганиларидан касодга учраган бўлса, бошқалари банкротлик ёқасига келиб қолган.
Толиб Исматов “Эврика Строй дизайн” таъсисчиси
“2019 йил 24 декабрда қурилишни шартнома асосида тўлиқ тугатиб берганмиз. Бозор маъмуриятининг 1,7 млрд сўмга яқин қарздорлиги бор. Шу маблағ тўланмагани боис, қатор муаммоларга дуч келдик. Ҳозирда, “Эврика Строй дизайн” банкрот бўлган, ишчиларни бўшатганмиз, аммо уларнинг иш ҳақлари берилгани йўқ. Дўконлардан қарзга олинган қурилиш маҳсулотларнинг пули ҳам берилмаган”, – дейди “Эврика Строй дизайн” таъсисчиси Толиб Исматов.
Унинг айтишича, вилоят ва туман ҳокимлигининг ўша вақтдаги раҳбарлари томонидан қурувчи фирмаларга бозорни тез фурсатларда жадаллик билан қуриш вазифаси юклатилган.
“Шунинг учун биз бор маблағимизни қурилишга сарфладик. Жами қарздорлигимиз 1,3 млрд сўмдан ортиқ. Биз хўжалик дўконларидан маҳсулотларни қарзга олган вақтимизда 1 тонна металл 6 млн сўм бўлган бўлса, ҳозир 12 млн сўм. Улар доллар ҳисобида қайд этиб қўйишгани боис, сўмдаги миқдор ўзгариб бораверади. Биз ўзгарган қийматда тўлашга мажбурмиз”, – дея ойдинлик киритади фирма таъсисчиси.
“Эврика Строй дизайн” пулини ўз вақтида олмагани унинг банкротликка учрашига олиб келган.
“Биз бажарилган ишлар бўйича, гарчи пулларни олмаган бўлсак-да, солиқ идорасига ҳисобот топширганимиз боис, фирмага ҚҚС ҳисобланди. Белгиланган солиқларни тўлай олмаганимиз сабабли корхонага инкасса қўйилди. Бугунги кунда 450 млн сўм қарздорлигимиз бор. Уни тўламасак, бизга қарашли бўлган “Ёшлар меҳнат гузари”ни сотувга чиқаришмоқчи”, – дейди Исматов ўзи дуч келган вазиятни изоҳларкан.
Қурувчиларнинг таъкидлашича, туман ва вилоят ҳокимларига бир неча маротаба мурожаат қилинган, аммо натижа бўлмаяпти. Вилоят ҳокими Ботир Зариповга ёзилган мурожаатдан сўнг эса қайта текширув тайинланган ва барча пудрат ташкилотларга тўланиши керак бўлган маблағдан 6 млрд сўмдан ортиқ миқдорда камайтирилган.
Биз “Ғиждувон бунёдкор қурилиш” МЧЖ раҳбари Эсон Азимов билан ҳам суҳбатбатда бўлдик.
“Ғиждувон деҳқон бозори қурилишида жамоамиз билан қатнашдик ва тақсимот бўйича ишларни амалга оширдик. Жами 3 млрд сўмлик иш бажарганмиз. Ўша вақтда бажарилган ишлар бўйича қисман-қисман пул ўтказиб турилди ва ҳозирги кунга келиб “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ биздан 1,7 млрд сўм қарз. Қўшимча тафтиш ўтказилгандан кейинги қарздорлик суммаси 1,56 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бозор 2019 йил 25 декабрда очилган бўлса, 18 тадбиркор 2020 йил январ ойидан бери пул олганимиз йўқ”, – дейди Э. Азимов.
Айтиш жоизки, Эсон Азимов ваъдабоз буюртмачилар ҳийласига 2 марта чув тушган, десак янглишмаймиз. Чунки...
“Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖдан ташқари, “Ғиждувон деҳқон бозори” билан алоҳида пудрат шартнома асосида маъмурий бинони қуриб берганман. Лекин 1,09 млрд сўмлик иш бажарган бўлсам, унинг 76 млн сўми тўлаб берилди, холос. 3 қаватлик бино учун бозор маъмурияти пулни тўламаяпти. Улар бозорда савдо қилувчи тадбиркорлардан патта ва ижара пулларини олиб турган бўлса-да, кредитга тўлов қиляпмиз, деган турли важларни келтирмоқда”, – дейди Азимов.
Тадбиркорнинг айтишича, 1 млрд сўмни айлантирганида йилига 200 млн сўм даромад топган бўлар эди. У бир йилда 6-10 млрд сўм маблағни айлантириб, даромад кўрган, 48 кишини доимий иш билан таъминлаган. Аммо вазият корхонанинг банкротлиги томон кетмоқда.
“Бу – 2 йилда 400 млн сўм пул дегани. Корхонамизда 48 ишчимиз бор. Бозордаги ишларни амалга оширишда турли фирмалардан маҳсулотларни қарзга олганмиз, айримларига ўзимиз маблағимиздан тўлаб келдик, шу бугунги ҳолатда 1 млрд сўмдан ортиқ қарздорлигимиз мавжуд. Шароитимиз ҳақиқатдан оғир. Касод бўлиш эҳтимолимиз бор.
Мутасаддилар яқин орада бу масалани ҳал қилиб бермаса, аҳволимиз ёмон. Биз ҳам кўп қаватли уйлар қуриш буюртмаларида иштирок этишни истаймиз, лекин моддий-техника базамиз яхшиланмаса, кўп қатори қурилиш ишларини бажара олмаймиз. Одатда ҳар йили 6-10 млрд сўмгача маблағни айлантирардик. Шу бозорнинг ўзига ҳам 1,5-3 млрд сўм пулимизни сарфладик”, – дея сўзлайди Эсон Азимов.
Азимов ҳам бажарган ишлари учун ҳисобот топшириши ортидан олмаган даромади учун 480 млн сўм солиқни кредит олиб тўлашга мажбур бўлган.
Ғиждувон деҳқон бозори қурилишида иштирок этган ва биз билан суҳбатлашган “Остона қурилиш файз” МЧЖ таъсисчиси Р. Асадов 850 млн сўм пулини ололмаётгани, солиқни тўлаш учун 500 млн сўм кредит олишга мажбур бўлганини билдирди.
Бошқа бир қурувчи 516 млн сўм маблағи “Ғиждувон деҳқон бозор қурилиш” МЧЖ ҳисобида турганини билдирган бўлса, “206-сон хўжаликлараро механизациялашган колонна” раҳбари Маъруф Наимовга кўра, корхона бажарган ишлари учун 628 млн сўмни олганича йўқ.
Умуман олганда, “Ғиждувон деҳқон бозор қурилиш” МЧЖнинг турли корхоналардан жами қарздорлиги 23,7 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бу рақамни Бухоро вилояти ҳокимлиги аппаратининг 2021 йил 5 апрелдаги жавоб хати, Ғиждувон туманининг собиқ ҳокими М.Умаров имзоси билан вилоят ҳокими Б. Зариповга 2021 йил 16 июлда юборилган хат ҳам кўрсатади.
12 та қурилиш ташкилотининг Президент администрацияси раҳбари З.Низомиддинов, бош вазир А.Арипов, бош прокурор Н.Йўлдошев ва бошқаларга ёзган ариза ва илтимосномаларида қуйидаги рақамлар кўрсатилган.
1. “Ғиждувон умум қурилиш сифат” МЧЖ – 516 млн 164 минг сўм
2. “Олтин Пўлот” ХК – 843 млн 037 минг сўм
3. “Говшун қурилиш монтаж” ХК – 300 млн сўм
4. “Ғиждувон мукаммал қурилиш сервис” МЧЖ – 1,479 млрд сўм
5. “Ғиждувон бунёдкори” ИТКТ – 621 млн 328 минг сўм
6. “Соктаре мукаммал қурилиш” ИТК – 347 млн сўм
7. “Қорахони мукаммал қурилиш” МЧЖ – 437 млн сўм
8. “Алишер Шароф бунёдкор қурувчи” МЧЖ – 1,049 млрд 865 минг сўм
9. “Остона қурилиш файз” МЧЖ – 1,052 млрд 196 минг сўм
10. “Экстра плюс” – МЧЖ 500 млн сўм
11. “Эврика строй дизайн” МЧЖ – 1,7 млрд сўм
12. 206-сон ХКМК – 628 млн 613 минг сўм
Хўш, нега бундай бўлди? Айбдор ким? Пулни ким тўлаши керак?
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ раҳбари Вали Содиқов, ташкилот юристи ва қурилиш бўйича мутахассислари билан учрашдик.
Олима Фазлиева – “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ юрисконсульти
“2018 йил 31 майда “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ рўйхатдан ўтган. Бу жамиятга Ғиждувон деҳқон бозорини реконструкция қилишда қурилиш ишларини ташкил этиш ва бошқариш вазифаси юклатилган. Пудрат ташкилотларини эса вилоят ҳокимлиги ёллаган.
Аммо пудрат шартномаси дирекция билан тузилгани боис қурилиш ташкилотлари пулни дирекциядан талаб қилмоқда. Аслида маҳаллий бюджетдан қурилиш учун пуллар кўчирилмаган”, – дейди Олима Фазлиева.
Умуман, бугунги кунда МЧЖнинг 28та пудрат ташкилотидан 27,6 млрд сўм қарздорлиги бор. Бундан ташқари, Халқ банкидан 26 фоизлик 10 млрд сўм кредит ҳам олинган. Шундан 2,1 млрд сўмлик муддати ўтган кредит тўлови ҳам амалга оширилиши керак.
“2 йилдирки, туман ва вилоят ҳокимликлари, туман ва вилоят прокуратуралари, бошқа идораларга ёзаяпмиз. Қолаверса, ПҚ-2853-сон бўйича комиссия ҳам тузилган бўлиб, ушбу комиссияга ҳам мурожаат қилдик. Қарздорликларни тўлаб бериш учун ҳаракат қилиняпти.
Иқтисодий судлар (қарори билан) пеня ва давлат божлари билан инкассамиз тўлиб кетди. Дирекция бу пулларни қандай қоплайди, унинг ишлаб чиқариши бўлмаса, даромад манбайи бўлмаса. Биз ишни ташкиллаштириб берган бўлсак, давлат бозордан тушаётган даромаднинг 51 фоиз улушини олиб турган бўлса”, – дейди Олима Фазлиева.
“Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ мутасаддиларининг айтишларича, вилоятнинг собиқ ҳокими Ўктам Барноев ўз вақтида келиб, Ғиждувон деҳқон бозори ҳудудида барпо этилаётган замонавий савдо мажмуаси чиройли қурилаётганини кўргач, деҳқон бозори қурилишини ҳам ушбу тадбиркордан илтимос қилади.
Қаҳҳор Ғафуров “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ мутахассиси

“Бозор қурилишидан аввал, вилоят ҳокимлиги раҳбарлари иштирокида катта йиғилиш ўтказилди. Туманда 23 та қурилиш ташкилоти бўлса, ҳаммаси шу бозор қурилишига жалб қилинган эди. Ўша йиғилишда вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Н. Ҳамдамов томонидан бажариладиган иш жадвали тузилиб, қурилиш ташкилотларига ишлар тақсимлаб берилди.
Белгиланган муддатда ишлар бажарилди. Ғиждувон деҳқон бозорини қуришга 120 млрд сўм сарфланган бўлса, 90 млрд сўм атрофидаги маблағ дўконларни сотиш эвазига қопланди. Ўктам Барноев (Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими) қолган қисмини бюджетдан (маҳаллий) тўлаб беришга ваъда берган эди. Лекин бюджетдан 3 млрд сўм пул берилди, холос.
23 млрд сўмлик қарздорликни 2 йилдирки тўлай олмаяпмиз. Аммо бу пуллар бюджет томонидан берилиши керак. Бозор ҳар ой камида 500 млн сўм даромад қилади. Бозорни ишлатишяпти, аммо тадбиркорнинг, қурувчининг пулини бергани йўқ. Шу бозорнинг орқасидан қанча қурувчилар банкрот бўлди. Лекин ҳар ой ўз улуши сифатида 250 млн сўм оладиган туман ҳокимлиги ҳам пул бермаяпти. Тафтиш ҳам ўтказишди. Бериладиган пулларни қисқартиришди, лекин пулни бермайди. Пулни тўлаш нияти ҳам йўқ, яна билмадим.
Бизга мажбурлаб, иккинчи қаватни қурдирди. Уни сота олмаяпмиз. Вақтида 2-қаватни қурмасликни айтдик, аммо қурдиришди. Энди сотилмасдан бўм-бўш турибди”, – дейди Қаҳҳор Ғафуров.
Бизга айтишларича, бозор ва теварак-атрофини ободонлаштириш, панжаралар, автотураргоҳлар ва маъмурий бинолар қуриш харажатлари маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши лозим эди, бироқ атиги 3 млрд сўм пул берилган. 1 млрд сўм кейинчалик қайтариш шарти билан тақдим қилинган.
“Ғиждувон деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари эса, яқингинада тайинланганини айтар экан, тўловлар қандай амалга оширилгани, қарздор дирекциянинг молиявий аҳволи қандайлиги бўйича тафтиш кетаётгани билан чекланди.
“Ғиждувон деҳқон бозори реконструкция қилиниши муносабати билан “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ ташкил этилган ва тўлов ҳам ушбу МЧЖ томонидан амалга оширилиши лозим бўлган. Ҳозирги кунда, тўловлар қандай амалга оширилгани, иқтисодий ҳолати қандайлиги юзасидан тафтиш олиб борилмоқда. Тафтиш якуни бўйича хулоса берилади. Тўловлар амалга оширилиши албатта кафолатланади. “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ низомида, бозор қурилиши якунлангач, жамият ҳам тугатилиши кўрсатилган”, – дейди Вали Содиқов.
Туман ҳокими билан суҳбатимиз жуда қисқа бўлди. Шерзод Ашуров бозор ҳали фойдаланишга қабул қилинмагани, у ҳамон дирекция ихтиёрида эканини таъкидлади.
Шерзод Ашуров – Ғиждувон туман ҳокими
“Ҳали бозор (фойдаланишга) топширилгани йўқ. Аввал у фойдаланишга қабул қилиниши керак. Қурилган бинолар (дўконлар) Дирекцияни ҳисобида. Уни сотишга давлат ёрдам бера олмайди. Иккита юридик фирма орасига ҳам давлат аралаша олмайди”, – деди Шерзод Ашуров.
Шу ўринда, ҳоким Шерзод Ашуровнинг сўзлари ҳақиқатга мос келмаслигини ҳужжатлар асосида таҳлил қилиб кўрамиз.
1-факт. Ҳужжатларга кўра, “Ғиждувон деҳқон бозори” қурилиши якунланган ва фойдаланишга топширилган. Бозорни фойдаланишга қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси асосида туманнинг собиқ ҳокими М.Умаров 2020 йил 14 август куни 598-сон қарорни имзолаган.
2-факт. 2018 йил 27 февралда Ғиждувон тумани ҳокими М.Умаров “Тумандаги деҳқон бозорини қайта қуришга рухсат бериш тўғрисида”ги 438-сонли қарорини чиқарган. Ўша йил 3 апрелда Бухоро вилоят ҳокими (марҳум) Ўктам Барноев 199-сонли қарорни имзолаш орқали Ғиждувон деҳқон бозори ҳудуди кенгайиши ва реконструкция қилиш ишларини бошлашга рухсат беради. Шу билан бирга, ушбу қарорнинг 5-бандида “муассис сифатида Ғиждувон туман ҳокимлигининг Ғиждувон деҳқон бозори устав фондидаги улуши камида 51 фоиз бўлиши” белгиланган.
Шу ўринда, Бухоро вилояти молия бош бошқармасининг 2021 йил 12 июлдаги GB06133727-сонли жавоб хатида таъкидланишича, “Ғиждувон деҳқон бозори” МЧЖни реконструкция қилиш ва унинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш билан боғлиқ харажатлар “Ўзмиллийбанк” Ғиждувон бўлими маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган”.
Аммо, Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Ғиждувон бўлими бозорни реконструкция қилиш ва қуришга бир тийин ҳам маблағ ажратмаган. Аксинча, қурилиш ишларининг барчаси қайта қурилган савдо дўконларини сотиш орқали молиялаштирилган.
Ўша хатда қайд этилганидек, “... Бюджет кодексининг 142-моддасига асосан, “Ғиждувон деҳқон бозори” МЧЖнинг харажатларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга йўл қўйилмайди”.
Бу ҳолатда савол туғилади: Бозор қурилишида ҳеч бир асосда молиявий иштирок этмаган, ҳатто бозор ҳудудини ободонлаштириш харажатларини қопламаган туман ҳокимлиги бозорнинг 51 фоизлик улушга эгалик қилаётгани, қолаверса, берилмаётган пулларни ундириш икки юридик шахс ўртасидаги муносабатлигини таъкидлаши “тайёрга айёрлик” эмасми?
Туман ҳокимлиги, бу ўринда ўз ҳудудида қурилиш ишларини амалга ошириб келган ва келаётган, бир неча юз кишини доимий ва мавсумий иш билан таъминлаётган қурилиш ташкилотларининг манфаатларини нима учун ҳимоя қилмаслиги керак?
Бозорни қуриш чоғида топшириқлар берган ва “муддатида битириш”ни талаб қилган туман ва вилоят ҳокимликлари эмасмиди? Бозорга тушаётган пул маблағларини наҳотки қарзларни тўлашга йўналтирмаса?!
Қолаверса, муаммода вилоят ҳокимлигининг ҳам бевосита иштироки бор. Яъни 2019 йил 26 сентябрда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” ҳамда “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ раҳбари В. Содиқов ўртасида тузилган шартномага кўз югуртирсак, вазият янада ойдинлашади. Унда “Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” – лойиҳани молиялаштирувчи сифатида, “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ эса бажарувчи сифатида қайд қилинган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, вилоят ҳокимлиги ўз зиммасидаги тўловни амалга ошириш ўрнига, уни бажарувчи зиммасига юклаб қўймоқда. Бу билан бажарувчидан “емаган сомсасига пул тўлаш” талаб қилиняпти, дейиш мумкин.
Тасаввур қилинг, сиз шеригингизнинг лафзига ва у билан тузилган келишувга ишониб, ишчиларни ёлладингиз, уларни ўзларининг ҳисобидан ишлатдингиз, иш битгач, тўловга келганда дўстингиз ваъдасида турмади ва сизнинг юзингиз шувут бўлиб қолмоқда. Бу инсофга тўғри келадими? Аслида, молиялаштирувчи сифатида “Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” пудрат ташкилотлар саволларига жавоб бериши керак эмасми?
Хуллас, Бухоронинг Ғиждувонида мана шунақа гаплар. Қурилиш ташкилотлари “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖни судга берган бўлса, МЧЖ навбатдаги қадам сифатида вилоят ҳокимлигини судга беришни режалаштирмоқда. Тадбиркорларга алам қилаётгани “ишни бажартириб, катталар олдида “очко”ни олган мутасаддиларнинг “бор отангга, бор онангга” қабилида иш қилаётганларидир.
Масаланинг яна бир жиҳати бор, бу – қурилишларнинг тепасида турган ҳокимларнинг бири марҳум, бири бошқа ишга ўтказилган. Сўнгги вақтлар Ўзбекистонида янгилар (Ботир Зарипов, Шерзод Ашуров) эскиларнинг мажбуриятлари учун жавоб бермасликни одатга айлантирмоқдалар.
Бундай нохуш ва кўнгилсиз ишлар тасаввуф оламида машҳур кишилардан бўлган Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳининг ёнгинасида содир бўлаётгани, тадбиркорларнинг норози қилиниши, айримларининг бизнеси касодга учраши, бунинг ортидан қурилишда ишлаганларнинг иш ҳақи берилмай келинаётгани афсусланарли ва ачинарли ҳол. Наҳотки, Ғиждувон ва Бухоро вилояти мутасаддилари бировларнинг ҳақидан қўрқмайдиган бўлиб кетишган бўлса?!
Мавзуга оид

22:14 / 05.05.2025
Қўйлиқдан репортаж: бозор ташқарисидаги ноқонуний деб топилган дўконлар бузилмоқда

09:41 / 05.05.2025
«Юнусобод» бозорининг бир қисмида реконструкция ишлари бошланди

11:43 / 03.05.2025
“10 марта такрорлаб, эслаб қоламан” – 205 та давлат пойтахтларини ёддан биладиган 8 ёшли Шукрона

10:02 / 16.04.2025