Жаҳон | 14:09 / 11.01.2022
32870
7 дақиқада ўқилади

Қозоғистон элчиси: пойтахтга зарба бериш режалаштирилганди

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархон Сотиболди Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасининг ёпилиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

Дархон Сотиболди Қозоғистондаги воқеаларга ҳам тўхталиб ўтди. Қуйида элчининг асосий фикрлари матн шаклида келтириб ўтилади.

«Айрим нашрлар Қозоғистондаги вазиятни бирёқлама ёритмоқда»

Бугун мен Қозоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар ҳақида фикр билдирмоқчиман. Бу борадаги хабарларни кузатар эканман, айрим хорижий оммавий ахборот воситалари Қозоғистондаги мавжуд вазиятни бирёқлама ёритаётганига гувоҳ бўлдим.

КХШТ кучларидан фойдаланиш ҳам, расмийларнинг содир бўлаётган воқеаларга муносабати ҳам нотўғри талқин қилинмоқда. Содир бўлган ҳодисалар кўп қиррали эди. Соф иқтисодий талаблар билан бошланган намойишлар террорчи гуруҳлар томонидан мамлакат конституциявий тузумига путур етказиш учун фойдаланилган.

2022 йил 2 январ куни Манғистау вилоятида суюлтирилган газнинг чакана нархи литри учун ўртача 60 тенгедан 120 тенгега ошишига қарши намойишлар бошланган эди. Намойишчилар уларни аввалги даражага туширишни, қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишни талаб қилишди. Норозилик тўлқини бошқа шаҳарларга ҳам тарқалди. Қозоғистон президенти газ нархи ошишига қарши митинглар вақтида фуқароларни провокацияларга берилмасликка чақирди.

Акция иштирокчилари билан мулоқотни давом эттириш ва юзага келган муаммога ечим излаш учун Қозоғистон президенти топшириғига кўра Давлат комиссияси тузилиб, намойишчилар талабларини кўриб чиқиш бўйича Республика штаби тузилди.

«Тинч йўл билан ўтказилган намойиш қуролли тўқнашувга айланиб кетди»

4 январ куни ҳукумат газ нархини 50 тенгега туширди, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва коммунал хизматларнинг нархларини оширишга мораторий жорий қилди. Шунингдек, улгуржи сотувчиларга суюлтирилган газ сотишда унинг нархини ўзаро тил бириктирган ҳолда сотишда гумонланиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

5 январ куни давлат раҳбари Қозоғистон ҳукуматини истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳаракатлар аниқ сиёсий ирода ва келишмовчиликларни мулоқот орқали ҳал қилишга содиқлигини намойиш этди.

Давлат раҳбарининг жамоат тартибини сақлашга қаратилган бир неча бор чақирувларига қарамай, бир қатор йирик шаҳарлардаги норозилик намойишлари бузғунчи унсурлар томонидан вазиятни кескинлаштириш, зўравонлик ҳаракатларидан фойдаланилди. Шу муносабат билан президент бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилишини эълон қилди.

Бироқ кўрилган чораларга қарамай, зўравонликнинг янада кучайиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга очиқ қаршиликка айланди, ушбу ҳаракатлар маъмурий муассасалар, ички ишлар бўлимлари, тинч аҳоли, жумладан, тиббиёт ходимлари, ўт ўчирувчилар ва журналистларга оммавий қуролли ҳужумлар кўринишида кечди.

Таъкидлаш керакки, дастлабки кунларда намойишларда ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий талаблар бўлган бўлса, кейинчалик тинч йўл билан ўтказилган намойиш ҳеч қандай тушунарли талаблар қўйилмаган ҳолда қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Фавқулодда ҳолат талаблари инобатга олинмади. Тинч аҳоли учун тўғридан тўғри таҳдид, шунингдек, стратегик объектларда қўпорувчилик таҳдиди яратилди.

«Қозоғистон пойтахтига зарба бериш режалаштирилганди»

Энг қийин вазият Олмаота шаҳрида вужудга келди. 5 январ куни Олмаотада маъмурий ва ҳарбий объектларга ҳужумлар уюштирилган, аэропорт эгаллаб олинган, йўловчи ва юк самолётлари ушлаб турилган. Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти биноси атрофидаги жанг икки кеча давом этди.

Мамлакатдаги вазият кескин кескинлашгани муносабати билан Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев эгаллади. 6 январ куни у мамлакатда миллий хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш ҳамда Қозоғистон фуқароларининг ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилишга қаратилган аксилтеррор операциясини бошлашга буйруқ берди.

Вазият таҳлили шуни кўрсатдики, Қозоғистон яхши мувофиқлаштирилган террористик гуруҳлар томонидан қуролли тажовузга учраган, улар орасида хорижий жангчилар ҳам бор. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум қилганлар орасида радикал исломий гуруҳлар тарафида «қайноқ нуқталар»да жанговар қатнашиш тажрибасига эга бўлганлар ҳам бор.

Террорчилар ўз алоқа воситаларидан фойдаланган, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари кийимида яширинган. Тартибсизликлар бир вақтнинг ўзида республиканинг 11 вилоятини қамраб олган, бу эса Олмаота шаҳрида хавфсизлик чораларини кучайтиришга имкон бермаган. Террорчилар ҳуқуқ-тартибот кучларини жойларда банд қилиб қўйиб, Қозоғистон пойтахтига зарба беришни режалаштирган.

Вазиятни холисона баҳолаган давлат раҳбари Коллектив хавфсизлик шартномасининг 2 ва 4-моддаларига таянган ҳолда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларга республикадаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашиш учун тинчликпарвар кучларни юборишни сўраб мурожаат қилди.

Тинчликпарвар кучларнинг мандати Нур-Султон, Олмаота шаҳри ва Олмаота вилоятидаги стратегик объектларни қўриқлашни ўз ичига олади. Террорчи гуруҳларга қарши ҳаракатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қозоғистон Қуролли кучлари томонидан олиб борилди. КХШТнинг коллектив кучлари вақтинча Қозоғистон ҳудудида бўлиб, вазият барқарорлашганидан кейин мамлакатни тарк этади.

«Яқин вақт ичида дастлабки тергов натижалари маълум қилинади»

Афсуски, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар орасида ҳам, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бор. Хавфсизлик кучларининг 17 нафар ходими ҳалок бўлди ва 1300 нафари яраланди. Қурбонларнинг умумий сони аниқланмоқда. Бу – қурбонларнинг яқинлари ва бутун қозоқ халқи учун жуда катта фожиа.

Мамлакатнинг қатор вилоятларида содир бўлган фожиали воқеалар натижасида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон президенти 2022 йил 10 январни умумхалқ мотам куни деб эълон қилди.

Шу ўринда Қозоғистон халқи бирдамлик кўрсатаётгани, улар президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг тинч ҳаётни тиклаш бўйича қарорлари ва ҳаракатларини қўллаб-қувватлашаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон раҳбариятига кўрсатган ёрдами учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. 6 январ куни Қозоғистон ва Ўзбекистон президентларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, унда Шавкат Миромонович Мирзиёев Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакатда барқарорликни таъминлашга интилишини доимий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси номидан Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасининг ёпилиши ҳақидаги сохта хабарларни рад этмоқчиман. Назорат пунктлари одатдагидек ишлаган ва ишламоқда. Ҳаво қатнови тикланмоқда.

Бугун Қозоғистонда вазият барқарорлашган. Мамлакат хавфсизлигига таҳдидларнинг олди олинди. Аксилтеррор операцияси доирасида жиноятларга алоқадор шахсларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Яқин вақт ичида дастлабки тергов якунланганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари Қозоғистонга нисбатан террорчилик тажовузкорлигининг қўшимча далилларини тақдим этади.

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид