Ўзбекистон | 19:52 / 11.01.2022
27510
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистондаги ижтимоий кайфият Қозоғистон, Беларус ёки Россиядагидан жиддий фарқ қилади» — Камолиддин Раббимов

Фото: Kun.uz

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Беларус президенти Александр Лукашенконинг Қозоғистондаги воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ чиқариши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

«Беларус президенти Лукашенко «Ўзбекистон эҳтиёт бўлсин! Кейинги навбат Ўзбекистонга бўлиши мумкин!» деб огоҳлантириш берди. У бу огоҳлантиришни КХШТнинг онлайн йиғилишида билдирган.

Лукашенко ўз вазиятини легитимлаштиришни, бошқа президентлар ҳам «уни тушунишлари»ни истайди. Яъни Лукашенко «ўтган йиллари ғарб кучлари, қудратли сиёсий ҳокимият марказлари (жумладан Москва ҳам) менга кўп азоб берди... Энди навбат сизларга ҳам келяпти!» демоқда.

Ўзбекистондаги ижтимоий кайфият, Қозоғистондагидан, Беларусдагидан, Россиядагидан жиддий фарқ қилади. Ўзбекистон маъмурияти ёш ва легитимлиги юқори. Назарбоев ҳокимиятда 32 йилдан бери, Лукашенко – 28 йилдан бери, Путин – 22 йилдан бери. Бу давлатларнинг фуқаролари ўз президентларидан жиддий зериккан.

Қозоғистондаги ғалаёнларда Ғарб давлатлари, ташкилотлари ёки фуқароларининг қўли борлиги тўғрисида, ҳатто Қозоғистоннинг битта ҳам мулозими номига бўлса-да, гапирмади. Лекин Лукашенко ғарбга шама қиляпти.

Ўзбекистон, албатта, эҳтиёт бўлиши керак. Лекин ғарбдан эмас, шимолдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг издан чиқиши, натижада вазиятга ташқи таъсирнинг ошиши, афсуски, шимол фойдасига бўлиши эҳтимоли юқори. Қозоғистонда шундай бўлди», деб ёзади сиёсатшунос.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид