Ўзбекистон | 19:43 / 12.01.2022
4636
2 дақиқада ўқилади

Спорт зали йўқ мактабларда ҳам жисмоний тарбия дарслари ҳафтасига 2 соатдан ўтиладиган бўлди

Ўтган йили спорт зали йўқ бўлган мактабларда қиш ойларида “Жисмоний тарбия” дарслари ҳафтасига 2 та дарсдан 1 та дарсга камайтирилган эди. Мазкур тартиб бекор қилинди.

Фото: AP

2020/21 ўқув йилидан бошлаб спорт зали мавжуд бўлмаган умумий ўрта мактабларда қишки давр (декабрь, январь, февраль ойлари)да ўтиладиган “Жисмоний тарбия” дарслари 10 ҳафта давомида 5–10-синфларда ҳафтасига 2 соатдан 1 соатгача камайтирилган эди.

11 январь куни мазкур тартибни бекор қилиш ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида жисмоний тарбия фани ўқитилиши жараёнларини такомиллаштириш тўғрисида халқ таълими вазирининг буйруғи имзоланди.

Вазирлик ахборотига кўра, буйруқ асосида ўқувчиларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш мақсадида умумтаълим мактабларида қишки даврда ҳам “Жисмоний тарбия” фани барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўқитилиши белгиланди.

2021-2022 ўқув йилининг 3-чорагидан бошлаб спорт зали мавжуд бўлмаган умумтаълим муассасаларида ҳам “Жисмоний тарбия” фани барча синфларда ҳафтада 2 (икки) соатдан ўқитилади.

Вазирликнинг эслатишича, Ўзбекистонда 2245 та мактабда спорт зали мавжуд эмас.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид