Ўзбекистон | 16:33 / 13.01.2022
2306
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги пахта тозалаш корхоналари 2021 йилда меҳнатда майиб бўлганлик нафақасининг қарийб ярмини тўлаб бермагани маълум қилинди

Фото: Сурхондарё вилояти прокуратураси

Сурхондарё вилоятида жойлашган пахта тозалаш корхоналари 2021 йилда собиқ ишчи-ходимларга меҳнатда майиб бўлганлик нафақасининг қарийб ярмини тўлаб бермаган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Сурхондарё минтақавий пахта терминали ҳудудий АЖ ва туман-шаҳарларда жойлашган пахта тозалаш заводлари собиқ ишчи ходимларига меҳнатда майибланганлик нафақалари тўланиши ҳолати таҳлил қилинган.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, пахта тозалаш акциядорлик жамиятлари томонидан 2021 йилда тўланиши лозим бўлган 1 миллиард 15 миллион 808 минг сўм нафақа тўловларидан 607 миллион 565 минг сўм тўланган, 408 миллион 243 минг сўм тўланмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан пахта тозалаш корхоналари директорларига нисбатан Меҳнат Кодексининг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган ва улар огоҳлантирилган

Амалга оширилган ишлар натижасида, бугунги кунда меҳнатда майибланган, касб касаллигига чалинган ва ногиронлиги бўлган 123 нафар фуқаронинг 408 миллион 243 минг сўм нафақа пуллари тўлаб берилиши таъминланган.

Мавзуга оид