Ғиждувон бозори можароси: вилоят ҳокимлиги ҳам қурувчиларга пул бермаслик ҳаракатида
Танқиддан сўнг бошланган амалий ҳаракатлар айни кунга келиб тадбиркорларга босимга айланиб кетгани, вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи имкон қадар қурувчилар пулини бермаслик ҳаракатида экани, буларнинг барчаси вилоят ҳокимининг кўрсатмаси бўйича бўлаётгани айтилмоқда.
10 январь куни Kun.uz сайтида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги деҳқон бозорини қурган қурувчилар бажарган ишлари учун салкам 24 млрд сўм пулни ололмаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.
Муаммони ҳал этиш учун қандай чоралар кўрилгани билан қизиқиб, «Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш» МЧЖ вакили билан боғландик. Жамият юристи Олима Фазлиева ушбу муаммони ўрганиш учун текширув гуруҳи юборилганини маълум қилди.
«Гуруҳ бозорни қуришда ўзлаштиришларга йўл қўйилганига ойдинлик киритишга, катта миқдорда камомадлар топишга яна ҳаракат қилиб кўради. Улар мавжуд ҳужжатларни яна бир бор кўздан кечириб, қурувчиларга берилиши лозим бўлган 23,7 млрд сўмни янада камайтириш учун асос топишга ҳаракат қилади», дейди юрист.
Аввалги мақолада бундан 6 ой аввал ҳам худди шундай назорат-тафтиш гуруҳи мазкур масалани ўрганиб, қурувчиларга бериладиган пулни 6 млрд сўмдан ортиқроққа қисқартиришнинг уддасидан чиққани ҳақида қайд этилганди.
Қурувчилардан бирининг Kun.uz’га маълум қилишича, туман ҳокими Шерзод Ашуров шу йил 13 январда йиғилиш ўтказиб, ишчи гуруҳ ҳолатни ўргангач, «Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш» МЧЖнинг барча мол-мулки хатланиб, «Ғиждувон деҳқон бозори» МЧЖ балансига ўтказилишини билдирган. Шундан сўнг, қурувчилар «Ғиждувон деҳқон бозори» МЧЖдан қарздорликни ундириш бўйича судга мурожаат қилишлари мумкинлиги, шунингдек, суд қарори билан бозор банкдан кредит олиб, пудратчилар олдидаги қарздорликни ёпиши мумкинлигини айтган.
Бундан кўриниб турибдики, икки йилдан бери тўланмаётган 23,7 млрд сўм ҳали-бери тўланмайди ва қачон тўланиши номаълум. Тўланиши ҳам аниқ эмас. Бир томонда эса, пулидан айрилган ва икки йилдан бери сарсон-саргардон бўлаётган қурувчилар дардини кимга айтишни билмаяпти. Мутасаддилар қурувчилар дуч келган муаммони амалий ҳал қилиш ўрнига, қайта-қайта текширишларни канда қилишмаяпти.
Бу масала Бухоро вилояти ҳокимлиги ихтиёрида қоладиган бўлса, пудратчилар ва тадбиркорлар хеч нарсасиз қолиши тайин. Ҳар ҳолда ҳокимликнинг реакцияси шунга ишора қилмоқда.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Мавзуга оид
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
17:13 / 01.11.2024